Фазлиддин Қўчқаров׃ ИСЛОМ КАРИМОВ БИЛАН КЕЛИШИБ БЎЛАДИМИ?
(Пўлат Охуновнинг “Центр Азия” интернет тармоғидаги мақоласига муносабат)
Менимча Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан ҳеч қачон келишиб бўлмайди.
Нега бўлмаслигини шу кунларда Ўзбекистон турмаларида, “емаган сомсага пул тўлаб” ёш умри хазон бўлаётганлардан; қишлоқларда битта нонга зор бўлиб болаларини боқа олмаётганлардан; Қозоғистонда, Россияда мардикорлик қилаётганлардан; гулдай хотинини савдогарчиликка чиқариб, йўлдаги милиция, божхона, чегарачиларга номусини пуллатаётганини билиб, дардини ичига ютганича, уйда бола боқиб ўтирганлардан; қизлари кўчага чиқиб танини пуллатаётганини сезиб турса-да дарди ичида эзилаётган қариялардан; танасида дард бор-у, дўхтирга тўлашга пули йўқ ич-эти зил кетаётганлардан… сўраш керак.
Ўзини мухолифат вакилиман деб, писига қуён мисоли 10 йилдан бери Швецияда яшаётган Пўлат Охунов Ислом Каримов жаллодлари ихтиёридаги турмалардан бирида лоақал бир ойгина ўтириб кўрсин ёки Андижонга бориб, Ислом Каримов қонунларига бўй сунган ҳолда мактабда лоақал бир йил ўқитувчи бўлиб дарс берсин - кейин биз тан берайлик ва Пўлат Охунов Швецияда қочиб юрган куён эмас ҳақиқий мухолифатчи экан дея тан берайлик!
Чет элда туриб Ислом Каримов билан тил топишса бўлади дейиш осон. Ўзбекча айтганда, унинг орқасини силаб, Сизлаб, қадрли Ислом ака Сиз Андижонда ўлдириб юборган минглаб ва турмаларда чириб кетган 10 минглаб, ҳозирда азоб чекаётган 100 минглаб одамларни биз унутамиз, тағин бизга йўл беринг, тағин минглаб одамларни ўлдиришда давом этсангиз ҳам майлига фақат бизга йўл беринг дейиш мумкин экан-да! Пўлат Охуновнинг таъбирича мумкин экан! Суф Сизларга мухолифатчилар!!!
Пўлат Охуновнинг энг катта фожеаси Ислом Каримов билан келишайлик деяётгани эмас, балки Ислом Каримов билан аста-секин келишайлик деяётганидир. Юқорида айтганимиздай Ўзбекистон қамоқхоналарида, шаҳар ва қишлоқларида ит кунини кўриб яшаётганларнинг ахволини ўз танасидан ўтказмай ўзбек халқининг бир вакили номидан ўрис тилида мақолалар эълон қилаётганидир. Ахир ит кунини кўриб яшаётган миллатдошларимиз учун бало-қазо бўлган Ислом Каримовдан тезроқ қутилишини ҳар бир сонияси ғанимат-ку!
Пўлат Охуновнинг яна-да каттароқ фожеаси Ислом Каримовни алдаб – сулдаб йўриғимизга солса бўлади деётганидир. Жаноб Пўлат Охунов бундан 15-17 йиллар аввал Ислом Каримов билан юзма-юз кўришган, 2003 -2004 йиллари Андижонга бориб келган – ҳозир ҳам борсин. Ислом ака, дея пешларини тавоб қилиб, йўриғига солишга уриниб кўрсин. Ажаб эмас аввалига унга ҳам вазирлик лавозимини берса.
Эҳтимол Ислом Каримов Пўлат Охуновга илонлик қилмас, балки Ислом Каримовга ўта садоқатли бўлган Исмоил Жўрабеков, Қодир Ғуломов, Зокир Алиматов, Козим Тўлаганов, Қобилжон Обидов, Сайдулло Бегалиев ва яна бошқа казо-казоларни-да(!) қадрига етмаган президент Пўлат Охуновнинг қадрига етиб, елкадош бўлиб бирга ишлар ва унинг мухолифатчи сифатида айтганларини тинглаб, нонсиз яшаётганларга нон, мардикорлик қилаётганларга иш топиб берар! – Икки дунёда бундай бўлмаслигини жаноб(!) Пўлат Охунов ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз. Шундай экан сиз нима сабабдан рус тилида, ҳа айнан рус тилида мақолалар ёзиб бошқа миллатдагиларга биз ўзбекларнинг фикримиз шундай дея тарғибот олиб бормоқдасиз? Демак, бу ерда сиз икки томонлама ўйин қилаяпсиз.
Эхтимол Андижонда қолган яқинларингни гаровга олдик, кўзингни оч, - дея Каримов жаллодлари томонидан сизга ультиматум қўйилгандир? Ёки амал дегани ёмон нарса – сизгами, ака-укаларингизгами бирор амални ваъда қилишгандир? Эхтимол фарзандларингизга келажакда Ўзбекистондан бирорта вазирлик лавозими ваъда қилингандир? Ислом Каримовниг халқдан ўмарган олтинлари кўп, шулардан тирноқчасини сизга бергандир? – Нима бўлганида ҳам Ислом Каримовнинг минг хил макри бор, сизни ўз йўриғига ўйнатиб, “Биздан сизга ким керак” – деган ёш болалар ўйинидай, бир ўйин қилаётгандир-да. Наҳотки эртага Ислом Каримов сизни ҳам ишлатилган қўлқоп мисоли улоқтириб юборишини билмасангиз? Агар шуни билиб туриб ҳаракат қилаётган бўлсангиз, ўта нодон одам эканлигингиз сезилиб қолади.
Худойимга шукрки мен мухолифатдаги партияларнинг ҳеч бирига аъзо бўлмаганман. Лекин Ислом Каримов режимига қаршиман. Қарши бўлишимнинг боиси 4 та боласи бор, тоғни урса талқон қиладиган қўшнимиз фарзандларига егулик нон топа олмай жинни бўлиб қолганини кўрдим; Абдулла Қиличов деган танишимиз 46 ёшга тўлган куни тунда, 3 нафар боласини боқа олмай ўзини осиб қўйганидан сўнг, 70 ёшли отаси кўзида ёш билан “кафанликни қарзга олдик” – деб айтганини эшитганман; Хурсандбек деган синфдошим болаларини боқиб уйда ўтиради, хотини чегарачи, божхоначи, милиционерларнинг чиғириғидан бир амаллаб ўтиб, Қорасув бозоридан хитой молларини Андижон бозорига олиб келиб сотади-ю, лекин арафа куни уларнинг қозонига гўшт тушмаганини биламан. Ўрта мактабни 31 бола битиргандик, шулардан 26 нафари амал-тақал қилиб кун кўраётганини биламан. Жаноб(!) Пўлат Охуновлар эса – майли ҳозирча одамлар жинни бўлаверсин, ўзини осаверсин, 70 ёшли қариялар кафанлик тополмай тураверсин, биз Каримов билан музокара олиб борайлик дейишмоқда – таажжуб!!!
Чет элларда ҳар куни қозонида гўшт, чўнтагида долларлар билан яшаётган мухолифатчилар, нима учун Ислом Каримов илондан-да айёрроқ эканини, керак бўлса ўз жонини омон қолдириш учун ҳатто ер сайёрасига ўт қўйишга тайёрлигини Европа Иттифоқига ёки АҚШга уқтиришга ҳаракат қилишни ўйламай, фақат Ислом Каримов билан тил топишиш ёки яна бир енгилроқ йўлларни ахтаришмоқда? Уларнинг фикрлаш доираси шунчалик торми?
Ахир чет элда яшаётган мухолифатчилар агар хоҳласа инглиз тилида мақола ёзиб, керак бўлса ҳар куни ёзиб, истаган гапини уқтириши мумкин-ку.
Нега муҳолифатчилар Руслан Шарипов айтганидай, Оқсоройни бомбардимон қилиш зарур дейишмаяпти? Муҳолифатчиларга кўра, қурол кўтариш – бу демократияга зид экан. Демак, Буш аскарлари Ироққа қурол кўтариб борса ёки Путин жаллодлари чечен халқига замонавий қуролларни қўлласа – бу демократияга зид эмас экан-да?! Ислом Каримов картежи кўчадан ўтаётганида, машина ойналаридан ўз халқига қурол ўқталиб ўтиши – бу демократияга зид эмас экан-да?!
Демак, мухолифатчилар ҳам “демократияга зид” деган гапни рўкач қилиб, Ўзбекистон халқини қурбон қилса бўлаверар экан-да?!
Пўлат Охунов ҳам, Мухаммад Солих ҳам ва яна бошқа мухолифатчилар ҳам худойимнинг олдида очиқ тан олиб айтсин – Андижонда қўзғолон бўлди деган хабарни эшитганида наҳотки суюнмаган бўлса?! Қолаверса, Андижон қўзғолонидан кейин уларнинг қанчалари шу қўзғолонни рўкач қилиб грантлар олди, матбуотларда қўзғолон қилганлар қолиб ўзларининг рекламасини амалга оширди.
Мухаммад Солих намоз ўқийди деб эшитганман, балки чет элдаги бошқа мухолифатчилар, хусусан Пўлат Охунов ҳам намозни канда қилмаётгандир? Нахотки улар “Каримов билан муроса қилиш керак” ёки “Мен августда Ўзбекистонга кириб бораман” – деб айтган гуноҳларини биргина намоз ўқиш билан ювилиб кетади ва намоз ўқиганимиз учун худойим яна бошқа гуноҳларимизни кечириб, жойларимизни жаннатдан қилади деб ўйлашса?! Нафақат ўзбек халқини балки Ғарб ва АҚШдагиларни алдаётганлари ва шу йўл билан салкам 30 миллонли ахолини яна жаллоднинг қўлида қолишига шароит яратиб бераётганини улар намоз ўқиш билан ювиб юборишмоқчими?!
Агар улар Ўзбекистондаги вазиятни аниқ-тиниқ қилиб Европа Иттифоқига, АҚШга тушунтириб бера олмаётган ёки шу йўлда ҳаракат қилмаётган ё ҳаракатида бирор натижа кўринмаётган экан – демак улар муҳолифатчиман дейишга нолойиқ! Улар бир кунда ҳаётининг неча соатини ўзбек халқини диктатордан халос қилишга сарфлаётганини ҳисоб-китоб қилиб, биз бор кучимиз билан 24 соат Ислом Каримов балосидан Ўзбекистонни қутқаришга ҳаракат қилаяпмиз деган тақдирда ҳам бу уларнинг ношудлигини ё бўлмаса фикр доираси тор эканини билдиради. Чунки неча йиллардан буён(!) бирор бир натижа кўринмаяпти. Эртага Андижондаги каби бечорахол одамлар ўққа тутилса, яна улар тирилиб қолишади ва кейинроқ қўзғолончилар қурол кўтаришганди деб иддога ўтишади холос.
Мухолифат лидерлари ҳатто Руслан Шарипов айтган гапни хаёлида такрорлашса баданига титроқ туради; Маматқул Хазратқуловдек очиқ ойдин-ойдин курашса лабларига учуқ тошади, хатто улар Ўзбекистондан минглаб чақирим олисда яшаётган бўлсаларда. Лоақал, Жахонгир Муҳаммаднинг “Каримовнинг кашфиётлари” доирасидаги мақолаларни ёзиб, инглизчага таржима қилиб, керакли доираларга етказиб туришганда ҳам уларнинг отасига рахмат дейиш мумкин эди.
Шу ўриндаги шахсий таклифларим:
1) Муҳолифат лидерлари агар мард бўлишса Ўзбекистонга боришсин, халқнинг ахволига разм солсин ва худодан қўрққан ҳолда, мамлакатдаги вазият ҳақида ўз фикрини айтсин!
2) Шунча йил муҳолифатдаги фаолиятлари чиппакка чиқмаслигини истаса, ҳали ҳам кеч эмас: “Мен Ўзбекистон президенти бўлиш учун эмас, ўзбек халқини диктатордан озод бўлиши учун курашаяпман, номзодимни кўрсатишса ҳам мен президент бўлмайман!” – деб матбуотда расман айтсин! Биргина Жахонгир Муҳаммаддан ташқари ҳали ҳеч ким бу гапни айтмади шекилли.
3) Ислом Каримов балосидан осонликча қутилишнинг иложи йўқ эканини Европа Иттифоқига ва АҚШга, барча халқаро ташкилотларга тушунтириш йўлига ўтилиши, мақолалар, мурожаатлар, яна бошқа зарурий ҳужжатлар ҳаммаси шу руҳда ёзилиши керак. Тарихни ковлаб бир-бирини устига мағзава ағдаришни тўхтатиш вақти етди. Грант ундириш ва ёки яна бошқа қанақадир ўзаро манъфатлар учун вақтни қурбон қилишни тўхтатиш вақти етди. Охир оқибат худодан қўрқиш вақти етди!
ТАҲРИРИЯТДАН׃ “Fazliddin Kuchkorov” fazliddin55@mail.ru электрон почтаси орқали келган ушбу мақола муҳокамага очиқ. Пўлат Охун ҳам, бошқалар ҳам ўз фикрларини билдиришлари мумкин. Баҳслар сўкинишларга айланиб кетмаслиги учун биз “постинг” бўлимини ёпиб қўйганмиз. Аммо admin@uzbekcongress.org адреси орқали сиз юборадиган мулоҳазаларга сайтда ўрин берилади.
Нобел мукофоти номзоди - миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг! 