ЎЗБЕКИСТОНДА ҲОКИМИЯТ КУЧЛИМИ?
Маълумки, қонунлар жамият ҳаётидаги фуқаролараро иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий муносабатларни тартибга солиб турувчи воситадир.
Халқ қонунларнинг асосий истеъмолчиси, давлат ҳокимияти, хусусан, суд, прокуратура, милиция ва солиқ қўмитаси каби ҳуқуқ муҳофазаси органлари эса, ушбу қонунларнинг ижрочиларидир.
Ижтимоий адолат устивор бўлган фуқаролик жамиятида жорий этилган қонуний йўриқлар шахснинг ижтимоий, мулкий мақоми, миллати ва эътиқодидан қатъий назар барча учун тенг ва амал қилиш мажбурий бўлган ҳуқуқий муносабатлар тизимини ташкил этади. Бундай ҳаётий шароит кучли давлат ҳокимиятига эга бўлган мамлакатлардагина мавжуддир.
Ҳокимиятнинг кучли ёки заифлиги ҳукумат жорий этиган қонунларнинг таъсирчанлик даражасига боғлиқ. Истеъмолчининг қонунга яъни, ҳукуматга ҳурмати ижрочининг, яъни ҳукуматнинг қонунпарастлигидан келиб чиқадиган ижтимоий кўникмадир. Фуқарода миллий ифтихор туйғуси, Ватанига, унинг давлатчилигига эҳтиром туйғуси шу тарзда шаклланиб боради.
Бу туйғулар ҳеч қандай фармон, куч ва зуғумга бўйсунмайди.
Ўзбекистон аҳоли сонига нисбатан олиб қаралганда ҳуқуқ муҳофазаси органлари хизматчилари сони энг кўп мамлакатдир. Аммо бу ижрочилар зиммасига юкланган асосий вазифа нима? Ҳокимият кучли, яъни қонунлар устивор бўлган фуқаролик жамиятида давлат бюджетини ўз комига тортиб кетаётган бу қадар кўп сонли ички қўшинга асло ҳожат йўқ. Ўз манфаатига хизмат қилаётган қонунларни халқнинг ўзичалик дахлсиз асрайдиган бошқа куч йўқлигини фуқаролик адолати жорий этилган мамлакатларда кўпдан бери биладилар.
Тобора урчиб, тармоқлаб бораётган назорат ва муҳафаза органларининг асосий вазифаси республикада қонунчилик дахлсизлигини муҳафаза қилишдан кўра ҳуқуқий вакуум муҳитида нафаси қайтаётган халқни итоатда сақлаб туришга айланиб бормоқда.
Шунинг учун ҳам халқ қонунга эмас, балки мазкур орган ходимлари бўлган амалдор шахсларга итоат қилади. Чунки фуқаролараро ҳуқуқий муносабат шаклларини қонуний йўриқлар эмас, балки мазкур органларда ишлайдиган шахслар, уларнинг хусусий табиати белгилайди.
Яъни мамлакатдаги ҳуқуқий бошқарув тизгини амалдаги қонунчилик тасарруфидан чиқиб, ижрочилик ваколати берилган шахслар тасарруфига ўтиб қолган.
Агар биз бу ваколатли шахсларнинг оддий инсонлар эканлигини эътиборга олсак, мамлакатда қонун, яъни ҳукумат эмас, балки қайсидир йўллар билан ушбу ваколатларни қўлга киритиб олган мансабдор шахслар кучли эканлигига амин бўламиз.
Ўзи яшаётган ижтимоий муҳитда бошқа фуқароларга нисбатан ҳуқуқий жиҳатдан мутлақ афзалликларни қўлга киритиб олган шахсларнинг мансаб ваколатини халқ, қонунчилик ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш қуролига эмас, балки ўзига итоатда бўлган аҳолини ўз шахсий манфааатлари учун эксплуатация қилиш қуролига айлантириб олганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Қонунлар мансабдор шахснинг шахсий иродасига, ҳуқуқий ричаглар бойлик ва бошқа ҳаётий қулайликларни эгаллаш воситасига мосланган мамлакатда кучли ҳокимият ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Қонунлари кучсиз мамлакатнинг ҳукумати ҳам кучсиздир
Ҳуқуқий карахтлик муҳитида бошарув ричаги кимнинг қўлида? Аҳоли амалдаги қонунчиликни ҳурмат қилгани учун эмас, балки маҳаллий амалдорлар зуғумидан қўрққани учун итоатда яшамоқда. Бу итоат қонунга – ҳукуматга эмас, қаҳри қаттиқ мансабдорга қаратилгандир.
Ўғри қонуний жазодан қўрққани учун эмас, балки то маҳаллий милиция нозири билан тил топишиб олгунча ўғирлик қилмай туради. Миршаб қўлга тушган ўғрини эмас, балки ўғирлик қилиб, улуш келтириб бермаган ўғрини ушлайди.
Прокурор айбини бўйнига олган ўғрини эмас, балки пора бермаган, ёки мансабдор танишлари орага тушмаган ўғрини айблайди.
Судя айби исботланган ўғрини эмас, балки пора бермаган ўғрини қамайди.
Қонунчиликда қатъиян ман этилган, норасмий, бироқ асосий мезон сифатида расм бўлган ушбу «ҳуқуқ муҳафазаси» услубини жиноятчиликнинг бошқа соҳаларига ҳам тадбиқ этиш мумкин.
Бир вақтлар қадимги Римда содир бўлиб, «веспасянизм» номи билан тарихга кирган ушбу ижтимоий ҳолат фақат кучсиз хукумат бошқараётган мамлакатда юзага келиши мумкин. (Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов давр воқелигига тадбиқ этган таъриф).
Ҳукумат бошқарув пультларига ёриб кирган коррупция ҳуқуқий вакуум муҳитини юзага келтириб, аҳоли орасида амалдаги хукуматга нисбатан норозилик туйғусини кучайтиради; фуқаролар ишончидан маҳрум бўлган ҳокимият халқ ҳокимияти мақомини бой беради; чуқур ижтимоий сиёсий кризислар фаслига олиб киради.
Давлат ҳокимияти қудрати амалда аҳолининг бошқа табақаларига нисбатан мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий имтиёзлари устиворлигини таъминловчи хизматчиларга айланиб қолган ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ададига эмас, балки мазкур ҳукумат жорий этган қонунларнинг барча табақалар учун тенг ва устиворлиги билан белгиланади.
Аграр соҳада собиқ совет даври буйруқбозлик сиёсати тўла қувват билан ишламоқда
Маълумки Ўзбекистоннинг иқтисодий солиҳиятини белгилашда аграр соҳа асосий ўрин тутади. Мамлакатнинг асосий ишлаб чиқариш воситаси бўлган Ердан фойдаланишнинг жорий этилган фермерлик услуби самарадорлик хусусиятига кўра колхоз ёки совхоз услубига нисбатан тубдан фарқ қилади. Албатта, бу замонавий бозор иқтисодиётига мос илғор услубдир.
Мулкни фермерлик услубида тасарруф этиш муносабатларини тартибга солувчи қонун стандартлари, дейлик Ғарб мезонларидан кўпам фарқ қилмайди. Аммо бу ислоҳот бошланганига ўн йилдан ошган бўлса-да, кўзланган натижани бермаётир.
Сабаблар бир нечта. Биринчидан, пахта ва дон махсулотларига давлат томонидан белгиланган харид нарх маҳсулотни етиштириш учун сарфланган тан нархни қопламайди. Яъни, техник ёнилғи, мойлаш воситалари ва кимёвий ўғитларга белгиланган нарх жуда баланд. Ерга техник хизмат кўрсатиш баҳоси ундан-да баланд. Бундан ташқари ер солиғи, даромад солиғи, йўл солиғи, ишчилар учун солиқ, хўжаликнинг ҳаракатдаги ва ҳаракатсиз муклари учун белгиланган солиқлар, банк харажатлари жам бўлганда ҳар қандай ҳолатда ҳам олинадиган даромаддан ошиб тушиб, фермер қарздор бўлиб қолаверади.
Иккинчи сабаб. Фермер қонун бўйича ернинг эгасидир. Аммо ерга нима экиш, қачон экиш ва қанча экиш; ҳосилни қачон йиғиштириб олиш, қачон сотиш, кимга сотиш, қанчага сотиш фермернинг ихтиёрида эмас.
Бу масалаларни жойлардаги ҳокимликлар, прокурор ва милиция бевосита назорат қилиб боради. Фермер ушбу амалдорларнинг чизган чизиғидан чиқа олмайди. Бу бозор иқтисодиёти усулига бутунлай зид бўлган совет даври буйруқбозлик сиёсатининг ҳали тўла қувват билан ишлаётганидан далолат беради.
Учинчиси, фермер ўзи мижоз бўлган банкда ҳаракатда бўлган маблағларига рамзий маънодагина эгадир. Аслида ҳокимлик, пркуратура, милиция ва солиқчилик қўмитаси банк хизматчилари орқали бу мабла\ларни истганча тасарруф этиши мумкин. Оммавий хайриялар, ободонлаштириш компаниялари, ҳашарлар, байрам ва сайиллар, турли хил мавҳум фондалар учун бадаллар; нақд пул олиш учун тўланадиган камида 10% лик «шапка»лар жам бўлиб, ҳар қанча бели йуғон фермернинг тинкасини қурита олади.
Тўртинчи сабаб. Фермер бўнак маблағлари ҳисобига етиштирган пахта махсулотининг амалдаги эгаси маҳаллий пахта тозалаш заводлари ва вилоят пахтасаноат бирлашмасидир.
Улар пахта ҳосилининг сотув қийматидан юқорида санаб ўтилган барча тўловларни чегириб қолгандан кейин ҳам фермер ҳисобида маблағ қолгудек бўлса, тўғридан тўғри тўлашдан бош тортади. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 19 февралдаги 93-6 қарори билан пахта тозалаш заводи ва фермер хўжаликлари ўртасида тузилган шартноманинг 4. 2–бандига асосан Молия вазирлиги маҳаллий пахта тозалаш заводи орқали фермерга режасидан ошиқча етиштирган махсулот қийматининг 20% миқдорида устама қиймат тўлаб бериши, агар ушбу тўлов вақтида бажарилмаса, ўтган ҳар бир кун учун умумий қарз суммасининг 0,4 % миқдорида (умумий сумманинг 50% гача) пеня; 15 % жарима; жарима ва пеня билан қопланмаган зарарларни 20% дан 50 % гача тўлаб беради, деб қатъий белгилаб қўйилган.
Аммо маҳаллий пахта тозалаш заводлари нафақат икки томонли ўзаро шартномани, балки Вазирлар Маҳкамаси қарорини ҳам уч пулга олмайди, яъни «Тепадан пул ажратилмаган» деган баҳона билан фермерни ҳайдаб солади.
Ушбу фикрлар баён тарзидаги қуруқ гаплардан иборат бўлиб қолмаслиги учун қуйида жойлардаги суд ҳокимиятининг иш услубига доир мисоллар келтираман. Ушбу суд жараёнларига бевосита ўзим гувоҳ бўлганман.
Табиийки, бундай ҳолатда фемер судга мурожаат қилади. Олдиндан айтиб қўйишим мумкинки, бирор бир давлат корхонаси устидан судга даъво киритган фермер суд маҳкамасидан ўзининг аслида кимлигини аниқ билиб чиқади ва қайтиб бу хатони такрорламайди. Аниқроғи ўзини озгина ҳурмат қилган шахс фермерлик «шону шавкатидан» бутунлай воз кечади.
У суд бошида «қуда-андалар» орасидаги (судя ва жавобгар, яъни завод вакили) такаллуфини, маҳкаманинг ўртасида судья томонидан ўқилган «шундай ҳалол, ҳурматли зотларга даъво қилишдек» ахлоқсизлиги учун тарбиявий амру маъруфни, «Сенга шу садақа тарзида давлат бераётган 20% маблағнинг ўзи камми? Сен ҳали пеня, ҳатто жарима ҳам умидвормисан, ношукур банда?» қабилидаги маломатни ва ниҳоят яна «қуда-андалар» орасидаги «хайи-хуш»ни эшитиб, музтар чиқиб кетади.
1- мисол. 10.05. 2007 йил. Қашқадарё вилоят хўжалик суди биносида судя С. Р. Бердиев раислигида
даъвогарлар: «Озод» фермер хўжалиги 8808784 сўмлик; «Йўлдош ота» фермер хўжалиги 3054021 сўмлик; «Ҳ. Пирназаров» фермер хўжалиги 251277 сўмлик
жавобгар: Нишон пахта тозалаш заводига қарши даъво аризаси бўйича суд маҳкамаси бўлиб ўтди.
Судья С.Р. Бердиев даъвогарнинг ҳақиқатан ҳам «Хўжалик»дан қарзи борлигини ва бу қарз ундирилишини эълон қилди. Аммо, вақтида тўламагани сабабли шартнома бўйича тўлови ўтган ҳар бир кун учун қарзнинг 0,4% (қарзнинг 50%гача) миқдоридаги пеня маблағини; мажбуриятдан тонгани учун қарзнинг 15% миғдоридаги жаримани; «Хўжалик»ка жавобгар етказган «жарима ва пеня билан қопланмаган зарар» учун қарзнинг 20% дан 35% гача миғдорда белгиланган тўловни ундиришдан ҳам, ўз қарорини изоҳлашдан ҳам қатъиян бош тортди. Ваҳоланки, бу тўловлар ўзаро тузилган шартнома шартлари бўйича келиб чиққан ва қонун бўйича тўланиши мажбурий эди.
Судья С. Р. Бердиев ўзининг ушбу ҳаракати билан нафақат, мулкий ҳуқуқ нормаларини, балки республика қонунчилигини, ҳатто Вазирлар Маҳкамаси қарорини ҳам писанд қилмаслигини кўрсатди.
Албатта суд ҳокимияти бошқа ҳокимият органларидан мустақил, аммо республика қонунчилигидан мустақил эмаску.
2- мисол. Бу мисолда биз судья ва «жавобгар» орасидаги ошначилик лутфлари, суд Процессуал кодексининг оёқости қилиш, қонунчиликни менсимаслик ва меҳнат кишиси бўлган фермерни одам ўрнида кўрмаслик каби ғайриқонуний ҳолат билан тўқнашдик.
07. 06. 2007 йил. Қашқадарё вилоят хўжалик суди.
Судья Тўрақулов раислигида «жавобгар» Нишон пахта тозалаш заводига нисбатан режадан ошиқча етиштирилган пахта учун 20% лик устама, яъни, 15554549 сўмлик лдаъво билан «Турсун ота» фермер хўжалиги киритган ариза маҳкамаси бўлиб ўтди.
Суд маҳкамаси ҳаммаси бўлиб, 6 минут давом этди. Шундан 2 минути «ошначилик» лутфларига, бир минути одатдаги судлов расмиятига, бир минути «даъвогарни» тинглашга, бир минути «суд маслаҳатига», ярим минути қарорни эълон қилишга сарфланди.
Суд яна даъвогарнинг жарима ва пеня тўловлари билан боғлиқ даъвосини ундиришдан ва ўз қарорини изоҳлашдан бош тортди. Судьянинг охирги одатдаги сўзи менга наштардек ботди. «Қарордан норози бўлсангиз, истаган жойингизга мурожаат қилишингиз мумкин». Назаримда, судья даъвогарнинг додини эшитадиган бошқа ҳеч бир инстанция йўқлигини қасддан писанда қилгандай бўлди.
Албатта, судья ўзи лозим кўрган қарорни қабул қилишга ҳақлидир. Аммо у судлов жараёнини процессуал кодекс нормалари асосида расамади билан ўтказиши керакку.
Мулкий ҳуқуқ ҳам инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисмидир. Республика аҳлининг 65-70%ни ташкил этиб турган; мамлакатни амалда едириб, ичириб ва кийинтириб турган деҳқоннинг инсонлик шаънига нисбатан бунчалик нописандлик қаёқдан пайдо бўлди?
Судлов ҳокимияти ҳаётидан олинган ушбу мисоллар сўз аввалида ва сўнгида билдирилган фикрларни далиллаш учун келтирилди. Имкон берилса, республикани тараққиётда бир йилда камида Қозоғистон даражасига олиб чиқиши мумкин бўлган фермерларнинг баданига зулук бўлиб ёпишиб, оёқларига кишан бўлиб чирмашиб, эркин меҳнат қилишга йўл бермаётган, коррупцияга ҳалқумигача ботиб кетган корхона ва муассаса раҳбарлари ноғорасига ўйнаётган такаббур судялар содир этаётган бу бедодлик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Бизнинг назаримизда криминал структуралар билан тобора «қудалашиб» бораётган ҳуқуқ муҳафазаси органлари республикада «веспасянизм» муҳитини юзага келтириб, миллий давлатчилик асосларига таҳдид солаётган биринчи рақамли фактордир.
(Давоми бор).

Нобел мукофоти номзоди - миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг! 