Искандари соний бўл-е!

МАЙНАВОЗЧИЛИК
Ўзбекистон Президентининг мусичага муҳаббати-ю, майнага нафрати хусусида

Ўзбекистон Президентининг мусичага муҳаббати-ю, майнага нафрати хусусидаЎзбекистон президенти билмаган соҳа бўлмаса керак. Давлат раҳбари қаерга бормасин, қайси соҳа бўлишидан қатъи назар айб-нуқсон топиб, одамларни уялтириш, уларга ваъз-насиҳат қилиш уддасидан чиқади. Давлат раҳбарига хос яна бир одат шуки, у вақти-вақти билан вилоятларга чиқиб, одамлар билан суҳбатлашади, ҳудудлардаги вазият билан танишади. (Ўзбекистон раҳбари бу одатни қадимги машҳур ҳукмдорлар — Нўширавони одил ёки Искандари сонийдан ўзлаштирган бўлса керак).

Бу гал Ислом Каримов Ўзбекистоннинг катта саноат корхоналари жойлашган Бухоро ва Навоий вилоятларида бўлди. Вилоятлардаги аҳвол билан танишди. Ўзбекистон раҳбарининг вилоят сафари хусусида узундан узоқ ва зерикарли ҳисобот ёзиб ўқувчининг бошини қотирмоқчи эмасмиз. Ниятимиз — Ислом Каримов сафар чоғида билдирган айрим ғаройиб фикрларга эътиборни қаратиш холос…

Бухоро вилоятининг Ромитон туманидаги фермер хўжаликларидан бўлган Ислом Каримов уч-кети йўқ гап-сўзлари билан ҳаммани ҳайрон қолдирди. “Баравж ўсаётган ғўзалар билан танишган”дан кейин ўз атрофига фермерларни йиққан президент ҳар галгидек одатига содиқ қолиб насиҳатбозликни бошлаб юборди. Умри мазмуни кетмон чопиш бўлиб қолган, эҳтимолки, ўзи ҳам далада туғилган деҳқонларга ердан қандай фойдаланиш ҳақида маъруза қилди. Давлат раҳбарининг бундай маърузаларига-ку ҳамма ҳам ўрганиб қолган. Гарчи ҳеч қандай фойдаси йўқ бўлсаям фуқаро ўз раҳбарини мум тишлаб тинглашга мажбур — оғзи қийшиқ бўлсаям бойнинг ўғли гапирсин!.. Бироқ президент томонидан осмондан тушган каби берилган айрим саволлар ўзи шундоғам юртбошининг тиригини кўриб ҳаяжонланиб турган фермер бечораларни ҳушдан кетказаёзди.

Қишлоқларда қурилаётган уйларнинг девор, дераза ва эшикларини пишиқ-пухта қилиш ҳақида гапирган Ислом Каримов (аслида одамларнинг пули бўлса, бу маслаҳатларсиз ҳам бошпанасини қандай қуришни яхши билади) кутилмаганда йиғилганларга савол бериб қолди: бошқа мамлакатларда одамлар қишлоқлардаям чиройли уйларни қуришади, нега бизнинг одамлар бундай қилишолмайди?..

Қалтис саволдан фермерларнинг ранги қочди. Президентга яқин ўтирганлардан бири сал чўкиб қолгандай ҳам бўлди. Президент нега бундай савол берди: одамларни синамоқчими? Ёки қишлоқлардаги ҳақиқий вазиятни билмайдими? Одамлар, катта раҳбар айтган данғилламан уй қуриш қаёқда, бир бурда нон топиш дарди билан яшаётганидан бехабармикин? Барибир, мамлакат раҳбари билан ҳамсуҳбат бўлиш бахтига мушарраф бўлган фермерлар бу саволларга жавоб топишолмади. Бундан ҳолатларда эса яхши жавоб сукут. Машҳур рус ёзувчиларидан бири таъбири билан айтганда эса сўз — кумуш, сукут — олтин…

Гап орасида ўзбек етакчиси фермерлардан келажакни қандай тасаввур қилишларини сўради. Давлат раҳбари ўша пайтда Эйнштейннинг нисбийлик назарияси ёки олий матетиканинг бирор бир мураккаброқ масаласини сўраганда, фермерлар осонлик билан жавоб беришлари мумкин эди. Лекин келажак ҳақида саволги… Ҳа, одам ўзи тасаввур қилолмайдиган нарса ҳақида гапириши жудаям қийин. Шунга қарамай, уддабурон фермерлардан бири вазиятдан чиқиш йўлини топди. Келажакни фаровон ҳаётда тасаввур қилишини айтиб қойиллатди. Бу ўринда айтилаётган гапларга фермернинг ўзи ишонадими йўқми, ўнинчи, юзинчи даражали масала. Асосийси, жавоб давлат раҳбарига маъқул келди. Хурсандлигини кўрсатиш учун бўлса керак, у ҳамсуҳбатларига табассум ҳам ҳадя қилди.

Билмадик, бизга шундай туюлдими, ушбу жавоб президентнинг кайфиятини кескин кўтариб юборгандай бўлди. Давлат раҳбари хуррамлигидан фермерларга катта ваъда ҳам бериб юборди: янги йилдан бошлаб Асакада янги русумдаги автомашиналар ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Чиққан машиналарни эса биринчи бўлиб сизлар — фермерлар минасизлар! Албатта, берилаётган ваъда барибир амалга ошмаслиги, Андижондаги заводда янги машина чиққан тақдирда ҳам азамат амалдорлару мансабдорлардан ортмаслигини фермерлар яхши англаб туришарди. Лекин шундай бўлсаям давлат раҳбарининг ҳурмати бор. Шунинг учун ҳам бухоролик фермерлар ваъда борасида кўпам эътибор ва эътироз қилиб ўтиришмади.

Маданият ва маърифат ҳомийси бўлган Ислом Каримов Бухородаги Ибн Сино музейида ҳам бўлди. Музейни бойитиш бўйича ўта қимматли тавсияларини берган президент жуда зарур бир ҳақиқатни тилга олди: тарих сиёсатга хизмат қилмаслиги, холис ва ҳаққоний бўлиши керак. Лекин, табиийки, қўлини кўксига қўйиб мулозиматни адо этаётган музей директори ёки бошқа арбоблар Ислом Абдуғаниевич, келинг, ана шу хайрли ишни биринчи бўлиб ўзимизда амалга оширсак, тарихимизни мафкура юкидан халос этсак дейишолмади. Агар худо кўрсамасин бирортаси шундай деганда борми…

Вилоятдаги таълим муассасаларида бўлиб, ёшлар билан учрашган давлат раҳбари ёшларни умидли бўлишга, ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиб ҳаракатланишга ундади (афтидан, президент ҳам ёшларнинг келажак ҳақида тасаввури ҳам, аниқ мақсади ҳам йўқлигидан яхшигина хабардор шекилли).
Ислом Каримов Бухорога ташрифи давомида Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлигини ҳам зиёрат қилди. Шу куни зиёратгоҳ мутаваллиси юрт бошлиғнинг беқиёс илм-уммонидан баҳраманд бўлди ва президентнинг… майналар хусусидаги қимматли маърузаларига ошно бўлди. Ислом Каримов майнанинг салбий жиҳатларини бирин-кетин, деталма-детал санаб берганидан кейин унга қарши жиддий курашиш кераклигини айтди. Президентки, майнага қарши 10 дақиқалик маъруза қилди, энди Ўзбекистонда майналарга кун қолмайди, шу бугундан бошлаб бутун мамлакат миқёсида кичик қушларга қарши аёвсиз уруш олиб борилади…

Давроқе, эсдан чиқаёзибди. Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилар экан, ким бирор бир гуноҳ қилса, ундан тозаланмоқчи бўлса, Баҳоуддин балогардон мақбарасини зиёрат қилсин деди. Эртадан бошлаб Баҳоуддин балогардон мақбараси олдида қорин солган катта мансабдорларнинг турнақатор навбатини кўрсангиз ҳайрон бўлманг. Нега деганда, мамлакат раҳбарининг ўзи гуноҳларни (албатта, энг аввало, эл олдидаги гуноҳларни) ювиш учун ажойиб имконият эшигини очиб берди. Боз устига, бу борада шахсан ўзи намуна ҳам кўрсатди…

Козим Рустамов (erkinminbar).

Один ответ to “Искандари соний бўл-е!”

  1. uzb2020 Says:

    Yashi yozilgan, lekin bitta gapiga rozi emasman:
    “Давлат раҳбарига хос яна бир одат шуки, у вақти-вақти билан вилоятларга чиқиб, одамлар билан суҳбатлашади”

    IAK Iskanadri soniy kabi halqni ichiga kirib oddiy odamlar bilan emas balki prezident bilan uchrashishdan oldin, agar ortiqcha gap gapirishsa tug’ri usha uchrashuvdan keyin qamoqhonaga ketishi kallasiga ming bora quyilib tanlangan odamlar bilan uchrashadi…

    Karimovni mana bu savolini esa umuman tushunmadim:

    “бошқа мамлакатларда одамлар қишлоқлардаям чиройли уйларни қуришади, нега бизнинг одамлар бундай қилишолмайди?…”
    yo bu odam (IAK) uje jinni bub qogan yoki ataylabdan halqni ustidan kulmoqda. Chunki odamlarni qishloqlarda qanday yashashini siz va bizdan yahshiroq biladi.

    Regards,
    Ulmas

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.