МАЪНАВИЙ ҚИЙНОҚ ЁКИ ҚОНУННИ ОЁҚОСТИ ҚИЛАЁТГАН МУАССИСЛАР ХУСУСИДА

Дилмурод САЙЙИД
2-МАҚОЛА

Яқиндагина юқоридаги сарлавҳа билан суҳбат-мақола эълон қилган эдик. Ва ўша чиқишимиз охирида: “Биз бу мавзуга яна қайтамиз!”-деган таъкид билан мақолага нуқта қўйилганди. Бугун айнан шу таъкидга амал қилиб, аввалги мақоламизда билдирилган мулоҳазаларни, яъни: “Равшан БОБОМУҲАМЕДОВга нисбатан муассислар-Ўзбекистондаги нуфузли АДВОКАТЛИК бошқарувлари томонидан қилинган ғайриқонуний ушбу ҳаракат айнан МАЪНАВИЙ ҚИЙНОҚларга яққол далил бўла олади. Ва бунинг энг фожиали жиҳати мазкур ҒАЙРИИНСОНИЙ ҳаракат АДВОКАТЛИК тизимлари тарафидан содир этилганлигидир”, деган муносабат доирасида мавзуга қайтамиз.

Қўлимизда “Кун тартибида “Ҳимоя-жараён” газетаси таҳририятининг бош муҳаррир масаласи» кўрилган муассислар йиғилишининг 2007 йил 28 май кунидаги № 3 БАЁННОМАСИ” ва унга илова қилинган ҚАРОР нусхаси.

Ушбу “ҳужжат”дан қисқартириб, кўчирмалар келтириб, ўрнида изоҳ-муносабат билдириб кетаверсак: “Кун тартибидаги масала юзасидан бош муҳаррир ўринбосари Р.Ғофуров ахбороти:… “Ҳимоя-жараён” газетасининг бош муҳаррири Р.Бобомуҳамедов шу йилнинг 11 апрел куни эрталаб тахминан соат 11ларда…кетганича қайтиб келмади.Мана орадан бир ярим ойдан зиёдроқ вақт ўтди, лекин у кишидан ҳеч қандай дарак йўқ….Р.Бобомуҳамедов…ҳатто таҳририятга бир марта қўнғироқ ҳам қилиб қўймади…ўз вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлиб, сабабсиз ишга келмаганлиги газета фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда… ”

Д.С.-Ўринбосарнинг ахбороти хусусида нима дея оласиз?

Р.Б.- Мен 12 апрел куни касалхонага ётишим аниқ бўлгач, Чилонзордаги синглимнинг уйидан куёвимга илтимос қилиб, таҳририятга ва ЎзР Адвокатлар ассоциациясига қўнғироқ қилдирдим. Ассоциацияда қабулхонадаги қиз олиб, Б.Саломов йўқлигини айтгач, вазиятни қисқача маълум қилиб, хабардор этиб қўйишни сўрадик. Кейин таҳририятга қўнғироқ қилдик. Насиба исмли ходима олди телефонни. Унга ҳам бетоблигим айтилган. Яна 16 апрел куни ўзим Б.Саломов билан телефонда гаплашдим. 17 апрелда шаҳар ҳайъатида йиғин борлигини, имкони бўлса, қатнашишимни маслаҳат берди. Шундан сўнг шаҳар ҳайъатига телефон қилиб, ҳайъат раиси С.Яқубов билан гаплашдим. Ҳайъат йиғинида қатнаша олмаслигимни, бетоблигимни билдирдим. Ахборотнинг “ўз вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлиб, сабабсиз ишга келмаганлиги” дейилган қисмига келсак, аввало, мен бор-йўғи 27 кун газета нашрига раҳбарлик қилдим. Бу муддат менинг раҳбарлик фаолиятимга хоҳи ижобий, хоҳи салбий бўлсин, муносабат билдириш учун етарли эмас. Бу мулоҳаза фақат ғаразли мақсадда билдирилганлиги кўриниб турибди!

Яна “ҳужжат”дан ўқиймиз: “Раислик қилувчи Б.Саломов сўзи: Ҳақиқатдан ҳам бош муҳаррир Р.Бобомуҳамедовнинг … сабабсиз ишга келмаётганлиги ҳақида таҳририят ходимлари ҳам оғзаки ёзма равишда хабардор қилиб келишмоқда. Дарҳақиқат, Р.Бобомуҳамедов ўз вазифасига ўта совуққонлик ва масъулиятсизлик билан қараб, таҳририятни бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйди…мен Р.Бобомуҳамедовни эгаллаб турган лавозимидан озод қилишни ва таҳририятга янги бош муҳаррир тайинлашни таклиф қиламан.”

Д.С.-Жаноб Б.Саломов мулоҳазасига қандай қарайсиз?

Р.Б.- Бу жаноб газета тақдири учун шунчалар куюнчак экан, нима учун мен аввалги бош муҳаррир давридаги собиқ “Адвокат пресс”нинг бугунги “Ҳимоя-жараён”га қолдирган ИККИ МИЛЛИОН СЎМдан ортиқроқ қарзи юзасидан молиявий тафтиш ўтказилишини сўраб, бир неча марта қилган оғзаки мурожаатимга эътибор қаратмади экан? Ва бугун собиқ бош муҳаррир (“Ҳимоя-жараён” газетасининг ҳозирги бош муҳаррир ўринбосари) Р.Гапиров ахборотини қўллаб, мени ишдан четлатиш масаласини таклиф қилиб турибди. Бунинг ортида қандайдир ғараздан ташқари, қонунбузарлик мавжуд ва шу қонунбузарликни хаспўшлаш учун иккинчи қонунбузарликка очиқдан-очиқ қўл урилган.

“Ўз вазифасига ўта совуққонлик ва масъулиятсизлик билан қараш”га келсак, мен эмас, бу эътирофга жаноб Б.Саломов кўпроқ муносиб. Чунки ўз вақтида менинг талабимни эътиборга олиб, молиявий тафтиш ўтказилганида, балки мен ва ўринбосар орасидаги зиддият бунчалар ривожланиб кетмаган бўлармиди… Демоқчиманки, қаердаки қонунсизликка йўл берилса, ўша жойда зиддият урчийди. Булар ўзлари менгача йўл қўйган молиявий ва ижодий фаолиятлардаги камчилигу қусурларни мени ишдан ҳайдаш билан ёпиб юборишни кўзлаган чиқарлар!

Яна “ҳужжат”дан ўқиймиз: “Сўзга чиқди С.А.Якубов: …шу кунгача унинг ишга чиқмаётганлик сабаблари биз бирон бир маълумотга эга эмасмиз…мен Б.Саломовни юқорида айтган фикрларига тўлиқ қўшилишаман…Тегишли назоратнинг йўқлиги боис газетада динни тарғиб қиладиган ёки аксинча уни танқид қиладиган мақолалар кетма-кет эълон қилинмоқда…Бош муҳаррирнинг эътиборсизлиги лоқайдлиги натижасида газета фаолияти кундан-кунга орқага кетаяпти. Шу боис мен ҳам Б.Саломов фикрига тўлиқ қўшилган ҳолда Р.Бобомуҳамедовни лавозимидан озод этишни таклиф қиламан.”

Юқоридаги кўчирма Тошкент шаҳар адвокатлари ҳайъати раисининг сўзларидан олинди.

Шу ўринда жаноб С.Якубовга бир ҳақли савол: “Адвокатлик фаолияти энг биринчи ўринда нимага таянади?” У кишининг фикри қандай билмадигу, бизнингча, Адвокатлик фаолияти энг биринчи ўринда ҚОНУНИЙЛИКка асосланган мавжуд далилларга таянади. Аммо жаноб С.Якубовнинг юқоридаги важини ҳар қандай суд муҳокамаси номақбул далил сифатида инкор этиши мумкин. Сабаби, бу жанобнинг сўзга чиқишдан мақсади аввало, Б.Саломов фикрини маъқуллаш, кейин шу нуқтаи назарни тўлдириш учун Р.Бобомуҳамедов фаолиятига асоссиз салбий баҳо бериш. Зеро, унинг динга боғлиқ мулоҳазасини эшитган одам, энг аввало, газетада чоп этилган ва диндорлар риёкор кишилар сифатида асоссиз қораланган “НИҚОБЛИ ОДАМЛАР” мақоласини эслаши аниқ. Аммо мақола муаллифи бош муҳаррир ўринбосари Р.ГАПИРОВ эканлиги хусусида нимагадир ҳеч ким муносабат айтмаяпти. Бу борадаги эътирозларга ўз вақтида эътибор қаратилганида эди, нуфузли жаноб ҳозирда Р.Бобомуҳамедов фаолиятига асоссиз салбий баҳо бермаган бўлармиди…

Р.Б.- Мен таҳририятда носоғлом кайфият вужудга келиб қолаётганлиги хусусида апрел ойи бошидаёқ муассисларни оғзаки огоҳлантирганман. Ҳатто 11 апрел куни Р.Гапиров билан зиддият-га борганимиздан кейин Р.Гапиров талаби билан муассисларга қўнғироқ қилиб, вазиятни қисқача баён ҳам қилганман. Айнан ўша зиддият сабаб, бетобланиб кетганман.

Яна “ҳужжат”дан ўқиймиз: “Сўзга чиқди А.Ахматов: Мен ҳам бош муҳаррир Р.Бобомуҳамедовнинг бундай масъулиятсизликларидан тўлиқ хабардорман. Шунинг учун муассис сифатида юқорида билдирилган таклифларга мен ҳам тўлиқ қўшилишаман ва бош муҳаррир лавозимига таҳририятда махсус мухбир лавозимида ишлаб келаётган С.Рустамов номзодини тавсия қиламан»

Д.С.- Бу муносабат балки холисроқдир?..

Р.Б.-Холис дея олмайман. Сабаби, бу муассис бош муҳаррир ўринбосари Р.Гапировнинг божаси, яъни қариндош! Қолаверса, мен бош муҳаррирликка тайинланиб, газета чоп эитила бошлангач, аввал айтганимдек, молиявий масала ҳақида Б.Саломовга мурожаат қилганимда, муассислар улуши хусусида ҳам гапиргандим. Айнан шу муассиснинг улуши юзасидан ёзма ахборот ҳам топширганман. Чунки мендаги маълумотларга кўра, фуқаро М.Ахматовга тегишли муассислик улуши шаклланишида таҳририят ҳисобидаги компьютер, 2005 йил таҳририят ижодий жамоасига мукофот учун берилган маблағ эвазига олинган қимматбаҳо оромкурси ҳам киритилган экан. Шу масалага ойдинлик олиш учун мен Б.Саломовга мурожаат қилгандим. Ўз мулоҳаза-ларимни тўрт варақда ёзиб, Б.Саломов йўқлиги боис унинг ходими О.Эргашевага қолдирганман. Энди М.Ахматовнинг:” Р.Бобомуҳамедовнинг бундай масъулиятсизликларидан тўлиқ хабардор-ман”, деган иддаосига келсак, бундай маълумотга эга бўлишлик учун таҳририятда мен билан эртадан кечгача бирга ишлаш керак эди…

Яна “ҳужжат”дан ўқиймиз:”Сўзга чиқди Г.Ишанханова…Сўзга чиқди С.Пардаев…”

Бу шахслардан бири С.Яқубовнинг ўринбосари, иккинчиси эса, Б.Саломовнинг муовини! Ва булар фақат Ҳайъат ҳамда ассоциация ишидагина ўринбосар, муассислик фаолиятида эмас! Айнан шу жиҳат бизга жуда ғалати туюлди. Сабаби, муассислар умумий йиғинида масаласи кўрилаётган шахс-Р.БОБОМУҲАМЕДОВ мазкур йиғилиш хусусида на ёзма, на оғзаки хабардор қилинмаган. Фақат бош муҳаррир ўринбосари Р.Гапировнинггина Ахборотига асосан Р.Бобомуҳамедовга нисбатан “ўз вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлиб, сабабсиз ишга келмаган-лиги”, қонун тили билан айтганда, меҳнат интизомини қўпол равишда бузганлиги эътироф қилиниб, лавозимидан озод этилган. Энди бу қилни қирқ ёриб, иш кўрувчи қонуншунос-ваколат эгаларига биз ҳам шундай саволларни қўйсак: Муҳтарам муассислар ва уларнинг йиғилишида сўзга чиққан нуфузли ҳуқуқшунослар, айтинг-чи, Сизларнинг бу йиғилишингиз қарори ва Қарорга асос бўлган иддаолар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг қайси моддасию, қонунчиликнинг қайси тамойиллари билан мустаҳкамланади? Кимнидир эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш қайсидир маънода ўша инсоннинг тақдирини ҳал этиш билан баробар эканлигини инкор этмассиз. Чунки бунинг ортида , энг аввало, инсон шани, қадр-қиммати туради. Асосий Қонун-Конституцияга кўра инсон шани, қадр-қиммати олий қадрият саналиб, 13-модда билан ҳимоялаб қўйилган! Сизлар Р.Бобомуҳамедовга нисбатан ҳеч бир қонуний асоссиз “ўз вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлиб, сабабсиз ишга келмаганлиги” ҳолати билан баҳо бергансиз. Хўш, Сизнинг 2007 йил 28 май куни тузган баённомангиз ва унга илова қилинган Қарор СОВУҚҚОНЛИК ва МАСЪУЛИЯТСИЗЛИКнинг яққол намунаси эмасми?! Сизки, инсоннинг ноҳақ топталган ҳақ-ҳуқуқи ҳимоячиси ҳисобланган касб эгаси-АДВОКАТ бўлатуриб, ўз касбингиз талабига хилоф иш кўрсангиз, ҳеч бир асоссиз ҒАЙРИҚОНУНИЙ ҚАРОР қабул қилсангиз, ҳуқуқи топталган жабрдийдалар кимдан нажот кутсин!

Бизни ажаблантирадиган жиҳати, собиқ “Адвокат пресс”нинг бугунги “Ҳимоя-жараён”га қолдирган ИККИ МИЛЛИОН СЎМдан ортиқроқ қарзи юзасидан молиявий тафтиш ўтказилмаган-лиги хусусида неча ойдан бери эътирозлар билдирилмоқда. Ва бу эътирозни билдирганлардан бири Сиз лавозимидан ноҳақ, суриштирмай озод қилган Равшан Бобомуҳамедовдир! Лекин нега-дир бу масала кун тартибига қўйилмай, молиявий тафтиш ўрнига бу масалани кўтарган одамнинг фаолиятини “тафтиш қилиб”, шошилинч йиғилиш ўтказилган. Бунинг сабаби ёки маъноси нима?

Ушбуга хулоса ўринда бир мулоҳаза: Муассислар умумий йиғилиши 28 май куни ўтган. 11 июн куни Р.Бобомуҳамедов қарордан нусха сўраб борганида Б.Саломов матн тайёр эмаслигини айтиб, бермаганди. Аммо бу қарор кўрсатилмагунича, С.Рустамовнинг бош муҳаррирлигини эътироф этишлик учун нотариал ҳаракатлар амалга оширилмайди-ку! Кейинги гал-4 июл куни яна қарор нусхаси учун борилганида, Б.Саломов йўқлиги боис унинг муовини С.Пардаевга мурожаат қилинганди. Лекин у қарорга мутлақо алоқаси йўқлигини, муассис Б.Саломов ҳисобланишини айтиб, қарордан нусха бермаганди. Бироқ қарорда йиғилиш котиби Сафар Пардаев бўлганлиги кўрсатилган. Бу-нима? БЮРОКРАТИЯнинг адвокатларча кўринишими? Ёки Инсон ҳуқуқини топташ ва масхаралашнинг бир услубими?

Биз ушбуда қўйилган савол ва эътирозларга қонуний жавоб топамиз, деган ишончдамиз. Ва аввалги мақоламизда таъкидлаганимиздек, бу мавзуга яна қайтамиз!

Муаллифдан: Равшан Бобомуҳамедов касаллик даври учун берилган варақаларни таҳририятга топширди. Муассислар Қароридан нусха олиш учун жаноб Б.Саломовнинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини топширишига тўғри келди. Акс ҳолда С.Рустамов Қарордан нусха бера олмаслигини таъкидлаб, бундай кўрсатмани бизнинг ҳузуримизда Б.Саломовга қўнғироқ қилиб, тасдиқлади.

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.