Savol…Javob…

Халқ пули хазина “хакерлари”га эмас, унинг ўзига хизмат қилиши керак
САВОЛ׃ Мени бир қариндошим қарийб 40 йилдан буён ўқитувчилик қилади, ойлик маоши жуда оз. Шу қариндошимнинг кечагина армияни битириб, бир ҳарбий қисмда “сержант сверхсрочний” бўлиб ишлайдиган куёви, яъни қизининг эри ойига жуда катта маош оларкан, бундан ташқари куёв кунда-кунора озиқ-овқат маҳсулотлари тушёнка, картошка, гуруч, нон ва шу каби ўлжа билан уйига қайтар экан, табиийки у бу маҳсулотларни бозордан сотиб олмайди, яъни ҳарбий қисмнинг озиқ-овқат омборидан текинга ташийди.

Қариндошим куёвини “ёғли” жойда ишлашидан яна мағрурланиб қўяди, маърифатли бир инсоннинг шунақа ишларни кўра-туриб мағрурланишини нима деб изоҳлаш мумкин. 40 йилга яқин ёш авлодга таълим-тарбия берган муаллим меҳнатидан ҳали она сути оғзидан кетмаган бир “тирранча” ўғри аскар боланинг элга қилаётган “хизмати” ортиқроқми? Ваҳоланки, уларнинг иккиси ҳам бюджетдан маош олади.
Жаҳонгир ака! Нима деб ўйлайсиз, шундай бўлиши адолатданми? (ЭРКИН).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Адолатдан эмас. Ўзбекистонда бу адолатдан деб айтадиган нима бор ўзи? Адолатсиз режимнинг ҳамма одимлари ҳам адолатсиз бўлади.
Агар кимдир адолатсиз режимнинг тўраларини қўриқлаш учун хизмат қилса кўпроқ маош олади. Бу мустақилликдан кейин яшириб бўлмайдиган ҳақиқатга айланди. Аммо халқнинг боласини ўқитиш учун меҳнат қиладиган инсонларга сариқ чақа ҳам йўқ. Чунки режим бу миллатнинг саводсиз бўлишидан манфаатдор. Илмли одамни эмас, чаласаводни, манқуртни бошқариш осон деб ҳисоблайди.
Ўқитувчилар эса дарсни апал-тапал ўтиб, қолган вақтда рўзғорларига бир нарса топиш учун ҳалак. Уларда дарс беришга на қизиқиш, на ҳавас, на иштиёқ қолган. Бугунги режим йиқилгандан кейин узоқ йиллар тикланиши қийин кечадиган соҳа маориф бўлади.
Сиз саволингизда зеҳният масаласига ҳам тегиб ўтгансиз. Ўзбекистоннинг қаерига борманг давранинг тўрига ўқиган одамни эмас, пулдорни, “ёғли” жойда ишлаган одамни ўтқазишади. Бу Совет даврида ҳам шундай эди. Аммо бугунги даражага етмаганди. Мен буни инсон зеҳниятининг нокамоллиги деб билардим. Лекин америкаликлар (ташқаридан келганларни қўшмаганда-ЖМ) орасида буни кўрмадим. Демак, бу маданият ва умумтаълим даражаси билан боғлиқ масала. Кўрдингизми, гап яна келиб маорифга боғланди.
Фалакнинг гардиши айланиб, Ўзбекистон келажагини ўйлаган одамлар майдонга чиқишса, ишни маорифни ислоҳ қилишдан бошлашлари керак бўлади. Бюджет-бу халқ пули. Халқ пули хазина “хакерлари”га эмас, унинг ўзига хизмат қилиши керак.
Ўқитувчининг ва ўқишнинг ўрни жамият юрагидаги ўқ томирига айланиши лозим. Чунки бутун ҳаёт илдизлари ана шу ўқ томирга боғлиқ.
Зотан, ўқитувчи, муаллим-устоздир.
Ривоят қилишларича, Амир Темурнинг ишлари бирдан орқага кета бошлабди. У Чин юришини амалга ошира олмай, Ўтрорда қоларкан, уламоларни чақиртириб катта элларнинг бошига офатлар нима учун келганини суриштирибди.
-Қадимда шоҳ Эдип билмай ўз онасига уйланиб қўйгани учун элининг бошига офат калхати қўнган,-дебди улардан бири.
Бошқаси эса׃
-Искандари Зулқайнар ўз тўшагига эркакни олгани учун султонияти емрила бошлаган,-дебди.
Яна бири׃
-Рум Қайсари саройни фоҳишахонага айлантиргани учун салтанати қулаган,-дебди.
Ҳаммасини эшитиб Амир Темур ўйга толибди ва׃
-Булардан бирини ҳам кўрмадик. Аммо унданда оғирроқ гуноҳ қилганимни англадим. Мен ўлсам бошимни Мир Саид Бараканинг оёғига қўйинглар,-деб васият қилибди.
Негалигини ҳеч ким билмабди. Амирнинг ўлимидан кейин васиятини бажо келтиришибди ва Сарой Мулкхонимдан бунинг сирини сўрашибди.
-Ул зот устозларини ранжитиб қўйган эдилар,-дебди малика.
Бу бир ривоят. Аммо устозлари ранжитилган элнинг бошига қандай балолар келишини бугун Ўзбекистон мисолида кўриб турибмиз.
Manba:www.jahongir.org

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.