Savol…Javob…
САВОЛ׃ Биз Ўзбекистонда миршаб эдик, ишдан кетгач, бу томонларда ишлашга келиб, шу ерларда қолиб кетдик ва исмимизни айтмасангиз у ердаги шароит ҳақида гапириб беришимиз мумкин. ДЎКнинг кейинги мажлиси қачон бўлади ва бизни хабардор қилсангиз? Биз ҳам сизнинг партияга аъзо бўлсак майлими? (Ўзбекистонлик собиқ икки миршаб Ҳ.М ва Т.Н.).
ЖАҲОНГИР МАМАТОВ, Демократик Ўзбекистон Конгрессининг раиси׃ Раҳмат, биз Ўзбекистондаги шароитдан оз бўлса ҳам хабардормиз. Агар сизлар очиқ баёнот берамиз десангизлар бунга шароит яратишимиз мумкин. Лекин…
Бизнинг ҳозирги асосий мақсадимиз мамлакат ичида шаклланишдан иборат. Ташқаридаги ҳаракатлардан фойда келмаслигига тўла ишонч ҳосил қилиб бўлдик.
Ташқарида бугун мажлис ўтказсангиз ёки митингга чиқсангиз ўнлаб одамлар пайдо бўладилар, биргаликда суратларга тушадилар, миллат ва мамлакат ҳақида ёниб гапирадилар. Ораларида сиз каби собиқ миршаблар ҳам бўлиши табиий. Шундайларни кўрдик ҳам. Кейинги сафар яна бошқалари пайдо бўладилар. Бир икки кўринишдан кейин мен ҳам мухолифатчи деб бошпана олиш учун тавсиянома сўрашади.
Айниқса, бу 2005 йилдан кейин одат тусига кирди. Митинг ва намойишларда олинган суратларни солиштирсангизлар сизлар ҳам бунга ишонч ҳосил қиласизлар. Демак, аста-секин маълум бўлдики, баъзиларининг мақсади Ўзбекистон эмас, балки чет элда қолиш учун ўзларини мухолифатчи қилиб кўрсатиш ва сиёсий бошпана олишдир. Биз ундайлардан узоқ туришни истаймиз.
Шунинг учун ҳам, ўтган йилнинг 25 декабрдаги мажлисида ДЎК қарор олиб, мажлисбозликни тўхтатганди ва қўлимиздан неки ёрдам келса, мамлакат ичига қаратишни режалагандик.
Шундан бери бир неча вилоятда бўлимларни туздик. Яқинда яна икки вилоятда таъсис мажлиси ўтади.
Бизнинг мақсадимиз демократияни мамлакат ичида ёйишга қаратилгандир. ДЎК сиёсий партия эмас. ДЎК рўйхатдан ўтган, барча расмий қоидаларга риоя этувчи ноҳукумат-халқаро ташкилотдир ва вазифалари ҳам ана шундан келиб чиқади.
ДЎК расмий ташкилот сифатида хорижда ”ўзбек мухолифати” номи билан амалга ошириладиган грантхўр мажлислар, хўжакўрсин намойишлардан узоқ туришининг сабаби ҳам ана шунда. Қолаверса, бефойда ҳаракатлар билан мамлакат ичидаги фаолларимиз тақдирини таҳлика остига отиш ниятимиз йўқ.
ДЎК фаоллари истасалар келажакда Ўзбекистонда сиёсий партиялар тузишлари, сиёсий партияларни ДЎКка аъзоликка тавсия қилишлари мумкин. Бу энди бошқа масала.

Нобел мукофоти номзоди - миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг! 