Эҳ…
Бир тадбирда ёш қиз тажрибали Америка журналистига мурожаат қилиб, “журналистика энг хавфли касблардан бири, дейишади сиз шу фикрга қўшиласизми, агар чиндан ҳам шундай бўлса бу масалада бизнинг ҳудуддаги вазият қандай?”, деб сўради. Тажрибали журналистнинг гапларини келтириб ўтишнинг ҳожати йўқ, зеро ҳаммамиз бу борада мустаҳкам фикрга ва хулосага эгамиз. Энг ачинарлиси бугун ҳам бунинг яққол исботига гувоҳ бўлдик, эҳ…
Алишер жуда ҳам муомалали йигит эди, жуда ҳам муомалали. Фақат бир марта гаплашганмиз. Ўшанда ҳам хушмуомалалилиги устун келиб нуқул мендан қанчалар ҳайратланишини гапирганди холос. Банда эканман, мойдек ёқувчи сўзлар олдида ожиз келиб қолаверибман. Ҳозир эса Алишернинг ҳатто неча ёшда бўлганлигини ҳам билмай уялиб ўтирибман. Ўша қисқа фурсатли суҳбат давомида мақтовдан маст бўлмай, сал унинг ўзи ҳақда ҳам гаплашиб, билиб олмаганимдан уялиб ўтирибман. Ким билибди, эҳ…
Бир ҳақиқатни кўп такрорлашга тўғри келади, яъни қайсики давлатда журналисти таъқиб қилиниб, ўлдирилаётган экан, демак унинг овоза қилаётган ютуқлари ҳам, оғиз тўлдириб мақтанишлари ҳам бир тийин. Негаки, журналист бор йўғи бир куйчи, даракчи, “пуфф” деса ўчиб қолиши мумкин бўлган учқун, холос. У ҳеч қачон ўзгача бир қудрат ва ёки имконият эгаси бўлмаган. Шунинг учун ҳам уни бемалол уришади, тунашади, ўлдиришади, фитна уюштиришади, 100 фойиз фалончику, деб ғийбат қилишади… фақат уларнинг айримлари қалбан, виждонан мард бўлади, айримлари эса ҳатто қалбан ҳам, виждонан ҳам ожиз бўлади, осон енгилади, сотилади… Алишер яхши йигит эди-да… эҳ…
Қирғизистон Олийгоҳларидаги порахўрлик ҳақдаги лавҳаси ҳеч эсимдан чиқмайди. Боиси бу лавҳа умуман унинг муаллифлигида тайёрланган мен эшитган ягона лавҳа бўлгани учунми, билмадим. Ўзингиз тушунасиз, бизнинг шароитда чет эл радиосини эшитиш амримаҳол, бўлиб ҳам агар бу радио ҳўв, айримларнинг асабларини бузиб қўйган давлатга тегишли бўлса… Лавҳани эшитиб, эҳ йигит-а, бир жойига озроқ изоҳ бериб, бир жойини озроқ тўлдирворганида, яна ҳам гўзал лавҳа бўлар эди, деб ўйлагандим. Лекин ўша менинг назаримдаги камчилик, аслида Алишернинг одоби бўлганини энди англаябман. Минглаб ясама обрў изидан кун кўраётган беадаблар ичидаги энг одобли йигит эди… Шундай йигит-а, эҳ…
Мундоқ ўйлаб кўрсам, шоиридан, ёзувчисидан, олимидан, деҳқонидан, журналистидан айрилган халқ ғариб бўлиб, бундай зотлар тарк этган Замин эса қақшаб, тиришиб қолар экан. Негаки уларнинг ҳар бири ўша замин томирига ҳаёт бахш этгувчи қон мисол, халқни қалбига малҳам бўлгувчи қадрдон мисол. Мана бир йилки Ўзбекистон халқи етим қолаяпти, мана икки йилки Замин қақшаб, титраб ётибди. Етимларга хос ўксиниш билан Ўш томон боқардик, қўшнининг бағри бутунлигига хавас қилардик. Биздан чиққан ожизлар, қўрқоқлар, лаганлар, қовурғасиз маҳлуқлар уларда йўқлигидан ҳасад қилардик, соғлом, тоза ҳасад, энди эса, эҳ…
Уйланганига атиги бир йил бўлганди, жажжигина қизалоғи бор эди, деди Алишернинг ҳамкасби. Юрагим титраб кетди, эҳ… Бир гўдак, эндигина дунё юзини кўриб, яхши билан ёмоннинг фарқига ета бошлаган эди… ҳали вояга етиб улгурмай яхшилик унинг учун тугади! Бизнинг фарзандларку туғилгани заҳоти кўргани,билгани ёмонлик, ёвузлик, жоҳиллик… Энди қўшни юртнинг жажжи болажони ҳам бизнинг болажонларга ўхшаб қолди. Баъзи жажжи болажонлар ҳўв ёқларда бировнинг шухрати эвазига нимагадир эга бўлиб, безрайиб ўтирган оталарига қараб уларнинг бу қилиқларини фазилат деб билмоқда, худди оталарининг ўзлари каби… Алишернинг фарзанди шубҳасиз, улардан фарқли… Хафа қилгани ёмонлик осон ёйилиб, яхшилик осон ўляпти… эҳ…
Шу топда мен севган шоирнинг, ўша бизнинг эндиликда марҳум дўстимиз Алишернинг ҳамшаҳри бўлган шоирнинг бир сўзлари эсимга тушди.
Хўш, мунча ваҳима…
ахир сиёсат
вақти-вақти билан қон талаб қилар,
ахир ҳурфикрлик деган риёзат
ҳар қандай давлатни йиқита билар.
Инсонпарварликдан қайтганимиз йўқ,
ҳалиям тошларни кесар болтамиз.
Агар керак бўлса,
ўқларимиз кўп,
ҳаммани бир бошдан пақ-пақ отамиз…
Эндиликда марҳум дўстимиз… эҳ, нақадар тилга ярашмай турибди шу сўз. Худди адашиб ишлатилаётгандай. Худди тилимиз учун ҳам, онгимиз, дилимиз учун ҳам бегонадай. Қанийдия!
Афсус дунёни тун босди, зулмат ғолиб келди, бемазалар кўпайди..
Бунда чумчуқ
ерга қўнмайди.
бунда парвоз қилмайди нағма,
кулгани ҳеч кимса кўнмайди,
қўрқиб яшар ҳаммадан ҳамма.
Ҳамма хомуш,
ҳамма бир ғамда,
аланглайди атрофга нуқул.
Хуллас, сен-да яша ҳаммадай,
ҳамма кулган дақиқада кул…
Бу шўрликлар хонадонида
ғараз, фосиқ ниятлар тунар,
ҳалок бўлар қанча даҳолар,
муттаҳамлар, ўғрилар унар.
Ҳалиям кўз очмаган халқ-да,
ҳали камдир имон, эътиқод,
яшайдилар бир-бирин алдаб,
бир-бирининг мотамидан шод…
Алишер жуда ҳам муомалали йигит эди, пок йигит эди, ғаламис эмасдида. Зиёни тегмасди инсонга. Албатта, бировнинг тоза орзулари ва интилишларидан изтиробга тушиб, қон қусувчилар бундан мустасно. Яхши йигит эди, афсус, минг бора афсус, асрай олмадик. Эҳ…
Шайбон.
Нобел мукофоти номзоди - миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг! 