Матбуот
Қотилларнинг шахси аниқланган
Алишер Соиповнинг Ўзбекистон, Туркия ва ҳаттоки Англия билан алоқада бўлгани аниқлангани ҳам айтилмоқда
Бугун Би-би-си сайти эълон қилган бош мақолага кўра, Алишер Соиповнинг ўлимига жиноий доираларнинг алоқаси борлиги ҳам ўрганилмоқда.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, таниқли журналист Алишер Соиповни отиб ўлдирган қотилларнинг шахси аниқланган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Алишер Соипов 24 октябрда отиб кетилган Ўш шаҳридаги Масалиев кўчасидан топилган “Макаров” тўппончаси гильзалари экспертизаси якунланганини расман билдирган.
Ўқ узилган тўппончадан ярим йил илгари Қирғизистон шимолида жиноий доираларнинг таниқли бир аъзосини ўлдиришда ҳам фойдаланилган дея тахмин қилинмоқда.
Алишер Соиповнинг ўлимига Қирғизистондаги жиноий доираларнинг бир неча аъзоси алоқадор деб кўрилмоқда.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлигидан билдиришларича, қотилликда гумон этилаётганларнинг шахслари, исм-шарифлари аниқланган, бироқ тергов манфаати нуқтаи назаридан бу маълумотлар ошкор этилмаяпти.
Қотилликни содир этганлар икки киши бўлган, бироқ ушбу жиноятга алоқадорлар сони бундан кўп бўлиши, деган тахмин билдирилган.
Ички ишлар вазирлиги гумондор шахсларга нисбатан қидирув эълон қилган.
Таниқли журналист Алишер Соипов ўтган чоршанба куни Ўш марказида номаълум қуроллилар томонидан отиб кетилганди.
26 ёшли журналист Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиси сифатида танилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари Алишер Соиповнинг ўлдирилиши сабаби юзасидан бир неча талқинни ўрганиб чиқишаётганини маълум қилишмоқда.
“Журналист Соипов ўлими юзасидан бир неча талқин, версия кўриб чиқилмоқда. Қотиллик пул ундириш мақсадида содир этилган деган версия ҳам бор. Ҳозирда биз унинг Ўзбекистон, Туркия ва ҳаттоки Англия билан алоқада бўлганини аниқладик”, деб айтган Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати котиби Бақит Сейитов.(BBCUzbek).
Foto: “Vatandosh”
Нобел мукофоти номзоди - миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг! 