НАСРУЛЛО САЙЙИД׃ АРАЗГЎЙЛИК, КОВ-КОВЧИЛИК ВА НОКЕЧИРИМЛИЛИК ҲУКУМАТГА ҚЎЛ КЕЛДИ

nasrullo_sayidov.jpgАмалдаги хукуматга мухолиф бўлиб чиқаётган партиянинг ҳам ёки кўзбўямачилик мақсадида сунъий ташкиллаштирилган партиянинг ҳам низомида ўз ватани тараққиёти принциплари олга сурилади.

Ўзбекистон «Эрк», «Бирлик» ва «Озод деҳқонлар» партиялари шу каби эзгу мақсадлар улароқ юзага келди. Эски давлат тузумини агдариб, янги демократиялашган тузум барпо қилмоқчи партияларимизнинг ўзи ҳеч бўлмаганда ривожланган давлатларнинг энг омадсиз партиялари даражасидаги структурага эгами? Узбек бюрократиясини йиқитиш учун кучли рақобатчи зарур бўлган бугунги кунда мухолифатимиз қай ахволда ва нималарга қодир?

Шу каби саволларга таниқли мухолифатчи Насрулло Сайидовнинг жавоби.

Савол: Насрулло ака, Сизни Ўзбекистон Мустақиллиги учун курашган инсонлардан ва мухолифатнинг кўзга куринган фаолларидан бири сифатида таниймиз. Кўп тадқиқотчилар Ўзбекистон мухолифатининг хозирги ахволига баҳо бераётиб, уни уюшмаган тарқоқ бир куч сифатида баҳолашмоқда. Сизнинг бу ҳақдаги фикрларингиз?

Жавоб: Бизнинг мухолифатимизга шундай баҳо беришган бўлса, бу албатта маълум таҳлил ва кузатишларга асосланган. Менингча эса берилган таърифни инкор килиб бўлмайди. Хақиқатан ҳам мустақилликнинг ўтган йилллари мобайнида Ўзбекистонда структуравий ташкиллашган кучли мухолифат юзага келмади. Лекин, бу дегани Ўзбекистонда мухолифат кучлари йўқ деган гап эмас. Мавжуд тузумга нисбатан мухолиф карашдаги жуда кўп инсонлар бор. Аммо улар амалдаги хукуматнинг қаттиқ репрессив таъқиблари жараёнида кучли сиёсий партиялар ёки харакатлар даражасида шакллана олмадилар. Шунча вақт ўтиб ҳам мамлакат ички сиёсатида ўз таъсирларини кўрсата олишмади.

1990 йилларда шаклланиб, сиёсий майдонга чиққан «Эрк» ва «Бирлик» партиялари Ўзбекистон сиёсий хаётидан четга суриб ташланди. Мухожиратда бўлган дидерлар томонидан бошқариш тўғри йўлга қўйилмагани боис бу партияларнинг мамлакат ичидаги таъсири жуда сезиларсиз даражага тушиб борди. Менинг бу хулосаларимга мутлоқо қарши чиқувчи биродарлар ҳам бор.Улар хали ҳам ўз ташкилотлари кучини бўрттириб кўрсатиш эвазига бутун дунёни алдаса бўлади, деб умид киладилар. Четдан туриб Ўзбекистон ички хаётига таъсир ўтказа олиш мумкин эмаслигини англаб турсаларда, қандайдир ёрдамлар кутишадилар, мўъжизаларга ишониб яшайдилар.

Лекин, юқоридаги партиялар тарих саҳифасидан бутунлай учиб кетди, дейишга ҳали эрта. Чунки бу партиялар мамлакат ичида ёши кексайган бўлсада, анча тарафдорларга эга ва имконият яралганда уларни жонлантиришлари мумкин. Хуллас, бугунги ўзбек мухолифати хақиқатан ҳам тарқоқ, уюшмаган ва шу туфайли жуда заифдир.

Савол: Сиз тарқоқликнинг сабаби нимада деб уйлайсиз?

Жавоб: Биринчидан, ўзбек минталитетини яхши билган Каримов хукумати мухолифат билан «яхшигина» ишлаб қўйди. Яъни мухолифатнинг заиф нуқтасини топа билди. Соддалик, ишонувчанлик, гумонсираш, мақсаддан чалғиш каби даставвал аниқланган қусурларни пайқаган ҳукумат ўтказган эксперементлар яхши натижа кўрсатди. Мухолифатда аразгуйлик, ков-ковлик, нокечиримлилик ва гина сақлаш юзага чиқди. Бу хукуматга қўл келди ва у мухолифатнинг бир қатор фаолларини бир-бирига қарама-қарши қилиб қўя олди.

Натижада кўплаб мухолифатчилар ўз кучларини демократия учун эмас, бир-бири билан ўзаро курашларга сарфлашга киришиб кетдилар. Шу тарздаги ўзоро курашлар хозиргача давом этмоқда, авжига чиқмоқда. Қайсидир кимсанинг бундан 17 йил олдин, қайсидир йиғинда эхтиётсизлик қилиб, ниманидир ортиқча айтиб юборганлиги ёки йиғилишдан олдинроқ чиқиб кетганлигинини хозиргача муҳокама қилиб келиниши, жаҳон тажрибасида бирорта миллатда учрамайдиган хол. Айниқса бу масалани дунё миқёсига олиб чиқиб, хатто БМТ муҳокамасига қўйиш инсоният тарихидаги энг «ноёб» ҳодисалардан биридир. Мана шундай провакацияларга учган кимсаларнинг мухолифат бошида турганлиги, тарқоқлигимизнинг бош сабабларидан биридир.

Тарқоқликнинг иккинчи сабаби— давлат тузилиши бўйича илм ва тажрибага эга бўлган, хўжалик ишлари юритувидан хабардор, давлат бошқаруви системасида ишлаган кишиларнинг муҳолифат таркибига жалб қилинмаганлигидир. Ўнта файласуф ва хаёлпараст мухолифатчидан битта ишбилармон, хўжалик юрита олувчи шахснинг ўрни бу ишда ўзгача бўлган бўлур эди. Давлат бошқаруви тажрибасига эга бўлган шахслар эса мухолифатнинг ўзаро бачкана баҳсларини кўриб турибдилар ва шу сабабли унинг сафларига қўшилмаяптилар.

Ниҳоят, Ўзбекистон мухолифати тарқоқлигининг учинчи сабаби, мухолифат таркибига сиёсий фирибгар одамларнинг қисман кириб қолганлигидир. Бундай «сиёсатчилар» дод-фарёд қилиб, демократия ҳақида гапирсаларда, аслида унинг орқасида иқтисодий фирибгарлик ётганлиги яққол сезилиб туради. Ўзини халқпарвар, жафокаш- демократ қилиб кўрсатиб, халқаро грантлар олиш илинжида юрган биродарларимиз ҳам йўқ эмас. Олинаётган грантлар мақсадли, яъни ўзбек демократиясининг ривожи учун тўғри сарфланганида эди, ахвол бу даражага бориб қолмасди.

Савол: Гапларингиздан, Ўзбекистон мухолифати харакатларидан ҳафсалангиз пир бўлган кўринади. Курашдан чекинмоқчимисиз?

Жавоб: Мен Ўзбекистонда ҳақиқий демократик, очиқ, кучли давлат қуриш учун, халкимизнинг бой, фаравон яшаши учун умримнинг охиригача курашга ахд қилганман. Лекин, курашнинг ифлос йўллари менга тўғри келмайди. Ўзбекистонда хозирги мавжуд хукуматга нисбатан, конструктив, кучли мухолиф харакат юзага келиб, сиёсий мулокотлар бўлишини , юртимизда ҳам демократик сайловлар орқали хукуматлар алмашинувини амалга ошишини жуда-жуда истайман.

Ва яна шу мавзуда кенг, оқил фикр юрита оладиган кишилар кўпайиб, майда-чуйдани гапиравериб, ғийбатчиликдан бошқа нарсани билмайдиган кишилар четга чиқиб қолишини истайман. Сиёсатга жиддий кишиларнинг аралашгани маъқулроқ. Давлатни бошқариш бу—осон иш эмас. Қолаверса Ўзбекистондай узига хос давлатни бошқариш—ун кара қийинроқ. Давлат тизгинини қўлига олишга интилаётган одамларда жуда кучли илм ва салоҳият, бағрикенглик ва ирода, қолаверса уддабуронлик бўлиши шарт. Хозирги мухолифат ичида бўлаётган майда-чуйда гаплардан албатта хафсаланг пир бўлади-да.

Савол: Сиз орзу қилаётган тузум қачон барпо бўлади? Ахир, у ерда хозирча диктатор Каримов ўтирибди. Мухолифатимизнинг ахволи эса бу?

Жавоб: Одам ҳеч қачон умидсизликка тушмаслиги керак. Мен каби зўравонликсиз, очиқ, эркин, демократик жамиятда яшашни истаётганлар хозир халқимизнинг асосий салмоқли қисмини ташкил қилиб қолганлиги шубхасиз. Истак пайдо бўлдими, йўли ҳам топилиб қолар. Нима бўлганда ҳам хар кандай ўзгариш фақат ўзбек давлатчилигини мустахкамлаш томонига бўлиши шарт. Тузумни ўзгартираман деб, давлатчиликка путур етказиш, ёхуд, уруш чиқариб қўйиш асло мумкин эмас. Мухолифат ўзаро бемаъни курашишдан тухтамайдиган хозирги шаклида қоладиган бўлса, ундан воз кечилиб, соғлом ва ёшроғига алмаштирилса ҳам бўлаверади. Дунёда хеч кимнинг мансаби абадий эмас.

Кимдир кураш майдонига чиқиб, ўз тантилигини, рахбарлик салоҳиятини, юкорида тилга олинган қусурлардан холи эканлигини номойиш қилса, биз ҳам сўзсиз унга сафдош бўламиз. Ватан ва халқ дарди билан яшаётган миллатдошларимиз бисёрлиги шубхасиз. Бугунги бош-бошдоқликлар сабаб, ҳафсаласиз ҳолда узини четга олиб юрганлар ҳам кўпчилик. Мухолифатимизнинг ўзида эътикодли, имонли биродарларимиз кўплиги ҳам биздаги кураш истакларининг сўнишига йўл қўймайди.

Хаёт эса давом этмоқда. Халқимиз мухолифатдан умидвор. Мухолифат ҳам изланишда, қолганини эса вақт кўрсатади.

Мавлоно Талхсўз.

(ДЎК хазинасидан).

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.