ЖУРНАЛИСТГА НИСБАТАН ҚИЙНОҚЛАР ҚЎЛЛАНИЛМОҚДА
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Тўқмон қишлоғида яшовчи фуқаро Михлибоев Мамарасул мурожаат қилиб, ўғли Ғайратга нисбатан ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни сўраган. Маълум бўлишича Ғайрат Михлибоев жамоатчиликка бирмунча таниқли журналист бўлиб, у 2000 йилларда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг “Respublika” газетаси, “Hurriyat” нашри, шунингдек, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг “Ватанпарвар” газетаси тахририятида фаолият юритган.
2003 йилнинг 18 февралида Жиноят ишлари бўйича Шайхонтохур туман судининг хукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 156-моддаси (Миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғатиш, 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 216- моддаси (Ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), ҳамда 244-модда 2-қисми (Жамоат хафвсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш) сингари жиноятларда айбланиб, етти йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Дастлабки тергов ва суд материалларига кўра, Ғайрат Михлибоев “Хуррият” газетасининг 2000 йил 6 апрел сонида “Қайсар Али” тахаллуси билан “Ҳизбит-Ут-Тахрир” оқими ғояларини тарранум этувчи “Адолат мезони” номли мақолани чоп этишга эришган. Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан унинг бу ҳаракати кечирилиб, журналистик фаолиятига нисбатан тазйиқлар ўтказилмаган. Аммо Ғайрат Михлибоев диний оқимнинг фаол аъзоси сифатида жамоатчиликни яширин равишда ўз оқимига тарғиб этиб келган. Жамиятимиз фаолларининг сўровларидан маълум бўлишича, Ғайрат ўзининг бу диний-сиёсий оқим фаоли эканидан фахрланган, ҳатто тергов ва суд мажлисларида ўзининг бу ҳаракати жиноят эмаслигини таъкидлаган.
2002 йил ўрталарига келиб Тошкентнинг Чорсу бозори майдонида диний эркинликларни талаб қилиб норозилик намойишига чиққан аёллар акцияси пайтида маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тезкор вакиллари томонидан ҳибсга олинган. Гумонланувчи тариқасида сўроқ қилинган пайтида унинг ёнида Хизбут-таҳрир партиясининг интернетдаги “Ал Ваъй” нашри электрон манзили топилган. Шунингдек, диний сафдошлари бўлган Абдуллаевлар оиласини ҳимоя этувчи, ўзининг кўргазмасига кўра, “Озодлик” радиоси учун тайёрланган матриаллар топилган.
Ғайрат Михлибоев ҳозирги кунда Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида жойлашган Жазони ижро этиш муассасасида сақланмоқда. 2007 йилнинг сентябр ойида Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди уни жазони ижро этиш муассасаси диний сиёсий оқимларга тарғиб этканликда айблаб, яна 5 йил муддатга қўшимча равишда озодликдан маҳрум этилди. Оила аъзоларининг таъкидлашича, Ғайрат жазони ижро этиш муассасаларида шавқатсиз қийноқларга солинмоқда. Такоммиллашган, мунтазам қийноқ усуллари орқали унга жисмоний, руҳий босимлар ўтказилмоқда. Оила аъзолари билан бўлган сўнгги учрашувда журналист ўзининг ҳаёти хафв остида эканлигини, унга нисбатан қийноқлар авжига чиқаётганлигини таъкидлаган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти тергов ва суд материалларини таҳлил этаркан, журналистга нисбатан Айбсизлик презумцияси нормаларининг бузилгани, кўпчилик ҳолатларда унинг айби далиллар билан асосланмаганига амин бўлди. Шунингдек, унга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани адолатсизликка муҳим бир далилдир. Жамиятимиз Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жиноий жазоларни ижро этиш Бош бошқармаси маъмурияти, Республика Бош прокуратурасининг тегишли мутасадди бошқармаси раҳбарларини журналист тақдири, унинг ҳозирги аҳволига доир изоҳ беришга чақиради.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти.
04.02.2008 й.
Нобел мукофоти номзоди - миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг! 