ҚАРОВСИЗ ЮРТДОШЛАРИМИЗ ТАҚДИРИДАН ХАВОТИРДАМИЗ
“Сизлардан илтимос мани улдирмасдан яна бирор йулини кидириб мани Интепол оркали Узбекистонга олиб кетишни бирор одам билан гаплашиб куринглар илтимос жавоб кутаман”, “кеча мани судда жабрланувчини кариндошлари мани улдириш у-н одам келибди билмадим ментлар мани жабрланувчиларга ёмонлаб тухмат килибди терговчи хам делани ёлгон тухмат сузларни ёзган экан. Жабрланувчи терговчини гапига ишониб энди мани улдиртириб юборар экан…”. Бу сўзлар ҳозирда Владивосток шаҳар Партизанский проезди 28 б СИ 25/1-97 манзилдаги хос тергов изоляторида сақланаётган юртдошимиз Собир Омоновдан SMS воситасида олинган маълумотлардир.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Наманган вилояти Поп туманидаги Пилол қишлоғида яшовчи фуқаро Нилуфар Имомова турмуш ўртоғи Собир Омоновнинг тақдиридан хавотир билан ёзган мурожаатида унинг ўрис ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қийноққа солинаётганини таъкидлаган. Хусусан, мардикорчилик учун Владивостокка бориб, уйига қайтаётганида Қозоғистон ҳудудида қотилликда гумонланиб ҳибсга олинган мазкур юртдошимиз Россиянинг кўплаб инсон ҳуқуқлари, меҳнат мигрантлари ҳақлари билан шуғулланувчи ташкилотларига мурожаат қилгани қайд этилади. Афсуски, у мурожаат қилган ташкилотлар мусофир юртдошимизга ёрдам қўлини чўзмаётир.
Нилуфар Имомова турмуш ўртоғига нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида унинг ҳуқуқлари топталгани, унинг туҳмат ва ҳимоясизлик қурбони бўлганини таъкидлайди. Тергов жараёнида ҳатто унга оддий адвокат берилганида ҳам унинг оқланиши мумкин бўлганидан таассуф билдиради. Энг ёмони, жабрланувчиларнинг қариндошлари юртдошимизга ўлдириш билан пўписа қилаётир. Имомованинг айтишича, телефон орқали маълумот келмагунича ҳатто унинг қотилликда гумон қилинаётганини ҳам билишмаган. Шу боисдан ҳам юртдошимизнинг ўзга юртда хўрликда, ҳимоясиз қолгани бизни чуқур изтиробга солди. Илло, айни ҳолат каби ҳодисалар кўплаб учраётган ҳозирги кунда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кескин ислоҳотларни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакатимизда юзага келган оғир иқтисодий кризис, унинг келтириб чиқараётган фактори — ўзга юртларга нон излаб бориб, қурбон бўлаётган қаровсиз фуқароларимиз тақдиридан хавотирда эканини изҳор этади. Россиялик ҳамкасбларимиз — ҳуқуқ ҳимоячиларини Собир Омоновнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақиради. Ўзбекистон ҳукумати, жамоатчилик ва сохта ҳисоботлардан нарига ўтмаётган мамлакат Омбудсмани, инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ маъмурияти ва бошқа жамоатчилик институтлари эътиборини юқоридаги каби юзлаб фуқаролар тақдири, мазкур муаммони келтириб чиқараётган омилларга қаратади. Ўзбекистон ҳукуматини бу борада кескин ислоҳотлар бошлашга чақиради.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти.
Нобел мукофоти номзоди - миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг! 