ЗЎРАКИ ИҚРОР, ШАФҚАТСИЗ ҚИЙНОҚ ВА… СОХТА СУД ҚАРОРИ
2007 йилнинг 13 февралида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Азим Худойбердиев адолат пиринципларига мутлақо тўғри келмайдиган суд ҳукмини ўқиб эшиттирди. Маҳкамада мамлакатимиз конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлигига раҳна солиш сингари бир қанча айбловлар билан жазога торилган фуқаролар Умархон Жалилов, Феруз Пўлатов, Қодир Мирзахоновлар узоқ муддатли қамоқ жазосига юборилди. Хусусан, суд 17 йиллик қамоқ жазоси белгиланган фуқаро Қодир Мирзахонов маҳкама раисининг совуққонлигидан довдираб қолди. 9 йиллик муддатга озодликдан маҳрум қилинган Умархон Жалилов ҳамда Феруз Пўлатовларга нисбатан дастлабки тергов ва суриштирувлар чоғида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қийноқ усуллари қўлланилгани маълум бўлди ( Пресс-релиз №20 от 20.12.2007).
Аммо суд маҳкама жараёнида зўраки иқрорномалар сири фош этилганига қарамай тергов органининг буюртмасини бажарди. Ишда жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятованинг таъкидлашича, дастлабки тергов ва суриштирувлар чоғидаёқ айбланувчилар ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум этилган, улардан шафқатсиз қийноқ ва босимлар остида иқрорномалар олинганди. Хусусан, жамиятнинг 2007 йил ..даги 00-сонли релизида айтилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, Фарғона вилояти МХХ ва ИИБ вакилларининг гўёки тезкор тадбир деб аталган босқинчилиги даврида фуқаро Рамз Қўшоқов кўп қаватли бинодан улоқтирилган ва воқеа жойида жон таслим қилган. Худойбердиев раислик этган буюртма маҳкама ана шу қотилликни ўз жонига қасд қилиш, дея расмийлаштирди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти тергов давомида мамлакат Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармасига бир неча марта мурожаатлар билан чиқиб, айбланувчиларга нисбатан жамоатчи ҳимоячилар тайинлади. Аммо ИИВ терговчилари Шаҳзод Раҳматуллаев ва Бегмоновларнинг зўровонлиги, тергов бошқармаси раҳбариятининг ҳомийлиги остидаги ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли пуфлаб шиширилган сохта жиноят иши юзага келтирилди. Айблов хулосалари, тергов сўроқлари ва баённомалари тўлдирилиб, сўнгра айбланувчиларга мажбурий равишда имзолар чектирилди.
Айбланувчиларнинг саломатлиги ёмонлашган, уларга жисмоний қийноқ ва руҳий босимлар ўтказилган паллада гумондорларнинг илтимосномалари асоссиз равишда рад этилди. Мазкур ҳолатлар маҳкама жараёнлари чоғида терговчи ва суриштирувчиларни сўроқ қилиш пайтида юзага чиқди. Судья мазкур қийноқларнинг амалга оширилганига тўла амин бўлди. Аммо у барибир профессионал лаёқатини шубҳа остига қўйиб, терговнинг хом-хатала ишини қонунлаштирди. Айбланувчиларнинг Қўқон шаҳрида рўза ифтори чоғида қўлга олиниши билан боғлиқ ўта кулгили вазияти, ҳуқуни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг шармандали қилмишларидан кўз юмди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Респубдикаси Жиноят Кодексининг сининг 244-2 1 кисми буйича Умархон Жалилов ва Феруз Пулатовлар, ЖК сининг 242-моддаси 1 ва 2 кисмлари, 155 моддаси, 3 кисми «а» ва «б» бандлари, 156 моддаси 3 кисми «а» ва «д» бандлари, 159 моддаси 4 кисми, 161 моддаси, 244-1 моддаси 3 кисми «а» ва «в» бандлари, 244-2 1 кисми, 223-моддаси 2 кисми «б» банди, 246 моддаси 1 кисми, 247 моддаси 3 кисми «в» банди, 248 – моддаси 2 кисми, 25-97 моддаси 2 кисми «м,о,п» бандлари ва 273-моддаси 5 кисми билан айбланган бу шахсларнинг жиноят иши жиддий тафтишга муҳтож, деб ҳисоблайди. Терговчи ва судьянинг профессионал лаёқатини шубҳа остида қолдирувчи мазкур жиноят иши давомида мамлакатимиз процессуал қонучилиги, Инсон ҳуқуқларининг Умумжаҳон декларацияси ва БМТнинг Қийноқларга қарши Конвенцияси талаблари бузилганини эътироф этади. Ўзбекистон Республикаси прокуратураси ва Олий судини мазкур ҳукмга нисбатан тегишли тартибда протест беришга чақириб, юқори инстанция судларини ишни пухта кўриб чиқишга ундайди. Жамият фаоллари юқори инстанция судларида ҳам мазкур шахсларга нисбатан жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этишини маълум қилади.
Нобел мукофоти номзоди - миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг! 