Жаҳонгир Маматов׃ Қувғин романи

21. СЕССИЯ

“Катта” мажлислар биносига кириб келганида бошининг оғриғи тинмаганди. Гўё боши шишиб, арининг уясига айланган, сон-саноқсиз арилар ғувиллаганча ташқарига чиқишга урингандек бош деворларини тирмалаётганга ўхшарди.

“Катта” ёрдамчисидан иккита панталгин дориси олиб ичди. Кейин мажлислар залига қараб юрди.

Минбарда Олий кенгаш раиси ва унинг учун махсус жой ажратилганди. Ҳар доим мажлисга кириб келганда оёқда туриб қаршилаган миллатвакиллари бу сафар унга парво ҳам қилмадилар. Аввалига “мажлис бошлангани учун шундай бўлди”, деб ўзини овутмоқчи бўлди, кейин юраги орқага тортди. Мажлис залидаги совуқ руҳ унинг вужудини қисиб олгандек бўлди. Совуқда қолган одам каби этлари жужукди. Вужудида алланарсалар “жимир-жимир” юра бошлади. Сўнгра кўксида бир қурт ўрмалаётганини ҳис қилди. Бу қурт кўксида эмас, юрагининг ичида экан… Оёқлари ҳам ўзига бўйсинмаётганди. Ўнг оёғи ўнг тарафга, чап оёғи чап тарафга тортаётганди.

Минбарда ўзи учун ажратилган жойга қадар бўлган ўн қадам масофани босиб ўтиш унга бир неча чақиримдек туюлди. Жойига етиб борганда, стулни орқага тортиш учун қўли қовушмади. Ҳатто қўлларим ҳам менга бўйсинмаяпти. Наҳотки, бу миллатвакилларига қўшилиб қўлларим, вужудим менга исён қилса?! Йўқ, ҳали бундай исёнлар кўп бўлади. Бу исёнларни енгишим, енгишга ўрганишим керак, деб ўйлади. “Катта” ўз хаёллари билан олишаркан, залда ўтирганларга қараш учун бош кўтаришга мажоли йўқ эди.

- Мажлисни олиб бориш тартиби ҳақида қандай таклиф бор?

Бу Олий кенгаш раисининг товуши эди. “Катта” кириб келаркан ҳатто у ҳам ўрнидан турмади. Наҳотки, кечаги воқеалардан бошқача хулоса чиқарган бўлса?! Йўқ, бу қўрқоқ, исён қиладиган жасорати йўқ. Бу каби инсонлар қул каби туғилиб, қул каби ўлиб кетадилар. Исён қилиш улар учун ўлим демакдир. Ўрнидан турмагани эса бефаросатлигидан. Унга ким ҳам “Ҳўкиз” деб лақаб қўйган бўлса, узукка кўз қўйгувчи, заргар экан. Аслида бу узук ҳам бўлолмайди. Қўлни ё қисади, ё катталиги учун бармоқдан тушиб қолади.

“Катта” фалсафий мушоҳадалар қилаяпман, дея бироз енгил тортгандек бўлди ва куз қири билан аста залга қаради.

Солижон деган миллатвакили деҳқончасига катта-катта қадам ташлаб минбар томон келаётганди. Солижонни “Катта” узоқ йиллардан бери танийди. Бир вақтлар Комфирқанинг мафкура бўлимида ишларди. Нимадир бўлди-ю уни ҳайдашди. У пайтларда бундайлар кўчада қолмасдилар. Ё улар учун бир лавозим очиларди ёки маошлар ҳужжатидан бошқа қоғозга қўл қўйилмайдиган бир идорага раҳбар этиб тайинлашарди. Солижонни ҳам динга қарши иш олиб борадиган идорага раҳбар қилиб қўйишди. Замоннинг чархи айланиб, бугун у ҳам миллатвакили.

Сайлов арафасида рўйхатларни назардан ўтказганда бу эски коммунист, оғзидан чиққанини билади, ҳар қадамини ўйлаб босади, қаёққа бошласак, ўша ёққа юради, деб исми-шарифини чизиб ташламаганди. Мана энди исёнчилар сафида.

Аслида бунинг дарди бошқа. У парламент қўмиталаридан бирига бошлиқ бўлиши керак эди. Ҳатто суҳбатлардан ҳам ўтганди. Лекин таниқли олимлардан бири шу қўмита раислигини истаб қолди. Солижон эса ўринбосарликка тушди. Алами ана шунда. Мендан қасд олмоқчи…

- Олий кенгаш мажлисини олиб бориш юзасидан бир қатор жиддий таклифларни илгари сурмоқчиман, - дея олдиндан ёзилган нутқини ўқиётганди Солижон.

Кеча кечқурун Солижоннинг нима ҳақда гапиришини унга айтишганди, нутқининг нусхасини ҳам кўрганди. Шу сабабданми ёки қулоқлари шанғиллаётгани учунми Солижоннинг овозини эшитмаётганди. Аммо унинг бугунга қадар мавжуд тартибларни бузиш ҳақида таклифлар киритаётганини биларди. “Катта”ни қизиқтираётган нарса бунга миллатвакилларининг қандай муносабатда бўлишлари.

Бир қисми, яъни исёнчилар уни қўллашлари аниқ. Аммо қолганлари-чи? Унинг ўзи бир-бир суҳбатдан ўтказган, сўнгра рўйхатга киритиб сайлаган ва “Менинг командамдан ер оласан” деган одамлари-чи? Улар нима дейдилар?

“Катта” залнинг олдинги қаторларида ўтирганларга назар ташлади. Уларнинг бирортаси ҳам унга қарамасди. Баъзиларининг юзида хавотир, айримлари эса мамнун, яна бир қисми бўлса оғзи очилиб қолганча ҳанг-манг бўлиб ўтирарди. Ҳар доим “Катта”нинг кўзларига тикилиб ўтирадиган, “мен шу ердаман, нима хизматингиз бор?” дегандек киприк қоқмай қараб турадиганлар ҳам ундан юз ўгиришганди.

Бу синов дея ўйларди “Катта”. Агар Солижоннинг таклифлари ўтса, демак, исён жиддий. Ўтмаса буларнинг қанотини синдириб ташлайман. Кўп нарсага Ички ишлар вазири Камолов ҳам айбдор. У илгари хавфсизлик қўмитасида ишларди. Баъзи миллатвакиллари унга қарши бўлдилар. Шундан кейин Ички ишлар вазири этиб тайинладим. Лекин топшириқларимни доим етим қилди. Бир куни “Миртемирнинг тилини кесиб келасан” дедим, аммо эртасига Миртемир бир мажлисда шунақа гап тарқалган, сизнинг бундай деганингизга ишонмайман, деб сувнинг олдини олди. Кеча эса Солижонни мажлисга келмайдиган қилиб қўй, дегандим. Нима эмиш, отилган тош бошининг ёнидан ўтиб кетганмиш. Шу ҳам баҳона бўлдими? Агар шу мажлисдан омон чиқсам, онасини Учқўрғондан кўрсатаман!

“Катта” лаблари қовжираб қолганини ҳис қилди. Эснаган киши каби қўли билан оғзини ёпди-да тилини айлантириб, лабини ҳўллади. Аммо лаби қуриб кетаверди.. Стол устидаги бардоқ эса бўш. Графиндан сув қўйиш учун қўлини кўтармоқчи бўлди-ю қўрқди: сув тўкилиб кетса-чи ёки графин бардокққа урилса-чи? Залда ўтирганлар “Катта”нинг қўли қалтираяпти, деб ўйламайдиларми?

“Катта”нинг кўзи Солижонга тушди. У жойида ўтирарди. Раис эса унинг таклифини овозга қўймоқчи бўлди. Залда ғалағовур бошланди. Ҳозир исёнчиларнинг планига кўра Воҳидов сўзга чиқиши керак, деб ўйлади ва залдан Воҳидовни қидирди. У “Катта”га қараб “Кўнглингиз хотиржам бўлсин, мен сўзга чиқмайман” деяётгандек бамайлихотир ўтирарди. Ундан кейин Аҳмадали Асқаров сўз олиши керак. Унинг қаерда ўтиришини ҳам “Катта” яхши билади. Олдинги қаторлардан ўртада ўтиргани учун доим жойидан гапиради. Минбарга чиқиш учун ўн-ўн беш киши ўрнидан туриб унга йўл бериши керак. Шу боис жойидан гапиришни афзал кўрарди. “Катта” ўша томонга қаради, лекин Асқаровни кўрмади. Демак, келмабди, деб ўйлади. Бу ҳам қўрқоқлик. Содиқлигингни кўрсатмоқчи бўлсанг, келиб ўтирмайсанми?

Аммо шу пайт “Катта” нохосдан Асқаровни кўриб қолди. У биринчи қаторда ўтирарди. Демак, сўзга чиқмоқчи! Демак, кечаги ваъдаси ёлғон! Ҳа, бу одамга ишониб бўлмайди. Ўзининг қатъий бир фикри йўқ.

“Катта” энди ишга келган пайтлари эди, рус тилига қарши ҳаракатлар бошланди. Ўшанда Асқаровни телевидениега юборди, кечқурун у бир соат рус тилининг аҳамияти ҳақида гапирди. “Мен қишлоқдан чиққан бола эдим. Камбағалнинг боласи кийимга пул топса, бир бурда нонига етмасди, овқатига пул топса оёқяланг қоларди. Аммо рус тили туфайли мен одам бўлдим. Рус тили бўлмаганда олим бўлармидим?” дея гапираркан, кўзлари намланганди. Ўшанда “Катта” унинг самимиятидан қувонганди. Аммо миллий ҳаракат кучайиб кетди. “Катта” чиқиш йўли яна ҳаракатни бўғиш, байроқни қўлга олиш эканини англади, ташаббусни қўлига олди. Бошқа олимлар қатори Асқаровни ҳам яна телевидениега юборди.

Ўшанда у “Мен она тилимни унутиш даражасига келдим. Рус тили менинг на қорнимни, на тафаккуримни тўйдирди. Она тилимни унутсам, бобо меросдан маҳрум қоламан. Бу эса тафаккур очлиги! Бу эса манқуртлик!” дея яна нам киприкларини силаганида “Катта” унинг маҳоратига қойил қолган эди. Агар бу одам санъаткорликни танлаганда, энг машҳур артист бўларди, деб ўйлади.

Залда ғалағовур авжга чиқди. Шу пайт Миртемир ўрнидан туриб, минбар томон кела бошлади. Демак, Асқаров сўзга чиқмади.

Ҳа, у ўзининг сўзга чиқмаганини кўрсатиш учун биринчи қаторга ўтирган. Аммо бу келаётган жўжахўрознинг нима дейиши номаълум, деб ўйлади “Катта”. Эркин Воҳидов билан Асқаровнинг сўзга чиқмагани катта ғалаба. Қолганлар гапирса гапираверсин. Бир ҳамла билан янчиб ташлайман!

Миртемир залдагиларга қараб эмас, унга қараб гапирарди. Бу болани илк бор қаерда кўрган эдим? Ҳа, ҳа, сайловлардан олдин Каттақўрғонга борганимда кўрганман. У нохосдан сўзга чиқиб залдагиларнинг олқишини олди. Ўшанда шоирона гаплар гапириб, ҳамманинг диққатини ўзига тортганди. Кейин Олий Кенгаш биносида кўришдик. Йигитларимиз бошқа ўлкаларда хизмат қилиши масаласини раёсатда муҳокама этаётгандик. Шарт-шурт гапириб, бутун режаларимизни бузиб юборди. Мажлисдан кейин олиб қолиб гаплашдим

- Ука, бу миллатвакиллик узоққа чўзилмайди. Сен биз билан бирга қолмоқчи бўлсанг, Олий кенгашда бўлаётган воқеалардан мени хабардор қилиб турасан, яъни менинг командамга кирасан.

- Майлику-я, лекин мен ҳали ёшман, яна қанча “Катта”лар билан ишлашим мумкин. Сотқинлик қилиб узоқ яшаш мумкин эмас-да.

- Сиз сотқинлик билан давлатга хизмат қилишнинг фарқини ҳали билиб олмабсиз. Бошингизни деворларга урасиз ҳали…

Шу суҳбатдан кейин кўп ўтмай Миртемирнинг номзодини журналситлар уюшмаси раислигига кўрсатишганини айтишди. Ўшанда Олий кенгашдан кетса яхши бўларди, дея ўйладим, аммо энг тўполончи халқ - қаламкашлар. Арининг уяси бузилса тузатиш мумкин, лекин қаламкашлар ғавғо бошласа, қийин бўлади, дея бошқа номзодни сайлатиб юбордим.

Ундан кейин янги очиладиган газета муҳаррирлигига номзоди кўрсатилди. Бўпти, ё тарбиялайман ё қуваман, деб рози бўлдим. Лекин охирги кун раёсат мажлисида ўз номзодини олиб, мен истамаган одамнинг номзодини ўтиб кетишига сабабчи бўлди. Унинг қаламкашлар йиғилишидаги гапларини кечиргандим. Ҳатто раёсатдаги бу ҳунарига ҳам қўл силтадим. Кейин ҳам бошимга кўп ишлар очди. Ҳаммасини кечириш мумкину Олий кенгашда мактубларни ўқирканман нохосдан оғзимдан чиқиб кетган гапни халққа етказганини кечириш мумкин эмас. Буларнинг кўпчилигини сотиб олдим, баъзиларини қўрқитдим. Қармоққа илинмаганлари бошқаларини ҳам бузаяпти.

Назаримда энг катта хато сайловдан кейин булар олти ой меҳмонхонада бирга қолишгани бўлди. Дарҳол пойтахтнинг ҳар еридан уй топиб, бўлиб юбориш керак эди. Аммо меҳмонхонада бирлашдилар. Миртемирнинг Тўлқин деган ҳамшаҳари бор. Жуда ҳам маҳмадона, биринчи мажлисда юзинг демай, кўзинг демай гапирганди. Меҳмонхонага каратэчи болаларни юбориб, урдиргандим иш берди, ақли жойига тушди. Ҳатто бугунги мажлисда тарқатилган ўн саҳифали баёнотни Миртемир тайёрлаганини у хабар қилди. Кеча уни чақириб гаплашиш керак экан. Бугун Миртемирга қарши уни байроқ қилардим. Ўзидан билиб ҳимояга чиқмайди.

“Катта” бир зум хаёлларидан айрилиб, яна залга қаради. Кўзлари олма тераётган кишининг кўзларидек, қаторлар орасида “югуриб” кетди. Тўлқинни топди. У ҳамшаҳарининг гапларига бошини силтаганча норозилигини кўрсатаётганди. “Катта” унга узоқ термулди, лекин у қарамади. Агар қараганда “Чиқ, жавобини бер!” ишорасини бермоқчи эди.

Миртемир эса ҳамон уни сўроққа тутаётганди гўё.

Шу пайт “Катта”нинг хаёлидан бундан бир неча лаҳза олдин қабул қилинган қарор ўтди. Нега қаршилик қилмадим, деб ўйлади. Ҳозир бутун мамлакат бу тамошани кўрмоқда. Шарманда бўлдим! Жонли кўрсатув ҳақидаги қарорга нима бўлганда ҳам рухсат бермаслигим керак эди.

Наҳотки, жиловни қўйиб юбордим. Йўқ, қўйиб юбориш мумкин эмас. Халқнинг подадан фарқи йўқ. Таёқ билан бошига уриб, йўлини кўрсатиб турмасанг, ҳатто озуқасини топиб ея олмайди. Дарвоқе, озуқами, овқатми? Озуқа деб гапиришимни ҳам мазах қилишибди-я, мана булар. Нима эмиш, миллат овқат ермиш, ҳайвонлар эса озуқа.

Ҳа, энди битта-иккита сўзда хато қилсак ҳам, ота гўри қозихонами? Ичимда гапирсам ҳамма сўзларни тўғри айтаман, аммо минбарга чиққанда қийналиб қоламан. Одам қайси тилда фикрлашга ўрганса, бир умр шу йўлда қоларкан. Нима қилай, бошқа тилда фикрлаб, бошқа тилда гапираман. Бир сўз билан айтганда, ўз сўзимни таржима қиламан. Бу осон иш эмас. Мана бу тирранчалар эса битта тилдан бошқасини билишмайди.

Миртемир бошқа миллатвакилларини ҳам жовдираб қараб ўтирмасдан минбарга чиқишга даъват этди. Залда турган микрофонларнинг ёнида навбат бошланди. Шу пайт ҳокимлардан бири югуриб минбарга чиқди.

Ҳа, бу Нусратов эди. У Шукруллонинг сояси. Қаерга борса ёнида. Жияним деб таништиради. Уни сиёсатга тортган ҳам Шукрулло. Миллатвакили рўйхатига ҳам у киритди. Ҳозир минбарга чиқартирган ҳам у. Нусратов “Катта”нинг икки фармони Асосий қонунга зид эканлигини айтиб, бундай ҳолда “Катта”лар истеъфо беради, деди. Унинг рус тилида гапиргани бироз фойда бўлди, кўпчилик нима деганини тушунмай қолди. Лекин унда айб йўқ. У Шукруллонинг буйруғини бажараётгани учун бу гаплар тилидан чиқмоқда, дилидан эмас, дея ўйлади “Катта”. Эртага уни яхшилаб алдасам ёки қўрқитсам менинг тўтиқушимга айланади.

Нусратов минбардан тушиб жойига ўтираркан, унга яқинроқ жойда ўтирган Исо Холис ўрнидан турди. Наҳотки бу кеча оқшомги илтимосимни қабул қилмади, деб ўйлади “Катта”. Яна ўжарлигининг қули бўлдими? Умуман, бу олифта билан одамга ўхшаб гапиришнинг ҳожати бормиди? Қара-я, ҳатто мажлисга тиррайган оқ шим, ёқаси вайрон оқ кўйлак кийиб келибди. Шундай қилсам ҳаммадан ажралиб тураман, деганда. Кўпчилик уни “Ғарб хастаси” дейди. Гапиришида ҳам ғарбга тақлид бор, кийиниши, юриш-туришида ҳам ғарбоналик сезилиб туради. Бундайлар жуда тез ўзгарувчан бўлади. Бугун Ғарбнинг ортидан кетса, эртага унга қарши чиқиши аниқ. Бир кун келиб сўфи ё мулла бўлса ҳам ажабланиш керак эмас.

- Ҳайрат. Бир пайтлар ўз бошлиқларини қарсаклар билан олқишлайдиган коммунистлар бугун жим ўтиришибди. Аксинча улар ўз бошлиқларига қарши исён қилганларни олқишламоқдалар. Бу ерда катта ўйин бормоқда. Унинг номи “Пойтахт ўйинидир”. Шу пайтга қадар бўлган ўйинлар кечмаганидек, бу ўйин ҳам кечмайди…

Отангга балли, дея қичқириб юбормоқчи бўлди “Катта”. Йигит экансан-ку, йигит. Боя кўнглимдан ўтганларини ўқиб ўтирган экансан! Кеча кечқурун мадад истаганларим, ана у ҳезалаклардан бир нарса чиқмади. Сен эса ўғил бола экансан. “Катта” бу хаёллар билан бўлиб, Исо Холис нутқининг давомини эшитмади. Давомида ҳам шу оҳанг бузилмаслиги билиниб турарди. Ёки давомида нима деса ҳам уни қизиқтирмасди. Чунки у бомбани портлатганди. Яраланган одамларга ҳатто “кечирасиз” деса ҳам фойдаси йўқ. Шу боис “Катта” ўз фикрлари оғушида сузмоқни афзал кўрди.

Ёки бу йигит билан иттифоқ тузсамми? деб ўйлади. Нима бўлганда ҳам уни қўлдан чиқариб юбормаслигим керак. Тўғри, минбарга чиқса, саккиз кишини йиғлатадиган қилиб, қоғозсиз гапиролмайди, аммо фикрларини лўнда-лўнда ҳолда ёзиб олади ва тош отгандек отади. Унинг ҳам орқасидан юрганлар бор, унга эргашганлар бор. Шу боис уни қармоқда тутишим керак.

Исо Холис жойига ўтирганда “Катта” унга миннатдорчилик билдирмоқ учун кўзларини тикди, лекин унинг ёнидаги бўш ўриндиққа Миртемир келиб ўтирди. Улар тортиша бошладилар. Миртемирнинг авзойи бузуқ эди. Исо Холис эса унга нималарнидир тушунтирмоқчи бўларди.

Ўнг қанотдаги микрофон ёнида Ибод Тўраев пайдо бўлди. “Катта” Исо Холис билан Миртемирнинг тортишмаси нима билан тугашини билишга қизиқса-да, хаёллари Ибод Тураев томонга қочди.

Бу нима дер экан? Рост гапирадими, ёлғонми, барибир бунинг гапига кўпчилик ишонади, деб ўйлай бошлади “Катта”. Чунки у билан бир вилоятда ишлаганмиз. Аслида у мен пойтахтга келганимдан кейин ўртага чиқди. Лекин мана бу оломон буни тушунармиди? Ибод сайловдан кейин Нуробод ижроия қўмитаси раиси бўлди. Дарров коммунистик партия фаолиятини таъқиқлади. Прокуратура, миршабхонага ўз одамларини суқди. Ҳатто хусусий телевидение ҳам очиб олди. Бунга қараб турадиган ағмоқ йўқ эди. Мана энди ҳаммасидан ажралиб қолгани учун аламзада. Ибод Тўраевнинг “Туманимиздан руслар кетиб қолаяпти” дегани “Катта”нинг кулгусини қистади. Шу боис мийиғида кулиб, бошини қимирлатиб қўйди-да, унинг сўзларини тинглай бошлади.

- Олиб борилаётган нотўғри сиёсат байналминал дўстлигимизга путур етказмоқда. Мен бу масалани ҳурматли “Катта”мизга етказдим, аммо натижа чиқмади. Аксинча таъқиб давом этди. Бундан бир неча кун олдин менга нисбатан суиқасд уюштирилди. Тасодиф туфайли тирик қолдим. Деразамдан ичкарига ўқ отганларни ушлаб бердим, лекин уларни қўйиб юборишди…

“Катта” мажлис залининг биринчи қаторида ўтирган Ички Ишлар вазирига “Латта, бирор ишни уддалай олмадинг. Албатта орқасидан ғавғоси чиқади” деган сўзларни нафратли нигоҳларига жойлаб, тикилиб қаради. Вазир гарчи “Катта”нинг қараётганини сезса-да, Ибод Тўраев янги бир гап айтаётгани каби унинг сўзларини дафтарига ёзиб олаётган эди.

Унга қайта -қайта тайинлагандим, деб ўйлади “Катта”. Бу ишни устаси фарангларга топшир, улар тоза иш қиладилар, истаганларини бер, дегандим. Аммо юборган одамлари деразадан бўш уйга ўқ отишибди, бу ҳам етмагандек қўлга тушишибди. Наҳотки, катта бир давлатда буюрган ишингни ҳиди чиқмайдиган қилиб бажарадиганлар топилмаса? Ёки бу халқ халқ бўлолмайдию, мен эса давлат қуролмайманми? Ҳозир истеъфо бериб чиқиб кетсам нима бўлар экан? Дарров ўрнимга Хайруллани сайлашади. Сайлашсин. Четда туриб, шарманда бўлишганини томоша қиламан. Йўқ, четда туришга қўймайди бу. Ҳамма нарсани менинг бўйнимга ағдариб, қамоқда чиритади.

Нима деяпман ўзи? Бу лавозимни эгаллагунча оз курашдим-ми? Бу менинг она сути каби ўз ҳаққим, уни ҳеч кимга бермайман! Қолаверса буларнинг орасида мен каби тушунадиган, мен каби иш юритадигани йўқ! Бир тўда калтафаҳмлар тўпланган. Булар минбарга чиқиб лақиллашни билади. Исмим ҳам, жисмим ҳам, ақлим ҳам, тафаккурим ҳам бу лавозимга лойиқ! Шу сайловни ўтказиб олсам, тамом! Булар учун сичқоннинг ини минг танга бўлади. Қочадиган жой тополмай қоладилар. Ҳаммасининг ақлини жойига киритиб қўяман. Аслида сайлов ўтказмасдан ҳам бу ишни қилишим мумкин эди. Лекин халқнинг жиловини қўйиб юборишганди. Жиловни бирданига қайтариб олиб бўлмайди. Бу ишни аста-секин қилиш керак. Аста секинлик билан ҳар қандай отнинг ҳам оташини сўндирадилар. Мана бу маҳмаданаларни эса ўлдирсанг осон қутилишади. Уларни бир умр ғурбатга шерик қилиш керак. Булар нонни “мамма” деб юришибди. Қовунни эса тарвуз дейишади. Ҳали менинг совунимда кир ювишмади. Шу боис пайтавалари сасиб кетгандек, гапирган гапларидан ҳам кишининг кўнгли айнийди. Нима бўлганда ҳам ҳозирча чидамоқ керак!

Дунёдаги йирик мамлакатлар билан келишмасдан иш қилиб бўлмайди. Акс ҳолда улар мана буларга ўхшаб, тош отиб ўтирмайдилар. Дарров йўқотиб қўяқоладилар. Шу боис уларнинг ҳам раъйига қарашим керак.Аслида сиёсат катта ўйин. Яхшилаб ўйнасанг ҳар қандай рақибни мот қиласан. Уларга демократик сайлов қандай ўтказилишини кўрсатиб қўйишим лозим. Мана шу мажлисдан ўтиб олсам, бирорта рақиб ҳам топаман. Халқ менсимайдиган кишилардан бирини номзод қилиб кўрсатиб, сайловга киритаман. Муқобил сайлов қандай ўтказилишини кўрсатиб қўяман. Исо Холисни танласам ёмон бўлмайди. Лекин бутун мухолифат унинг атрофида бирлашса, тарозининг мувозанати бузилиши мумкин. Йўқ, унга қадар мухолифатни парчалаб ташлашим керак. Даркор бўлса бир қисмини қанотларим остига оламан, бошқа бир қисмини калтаклатаман, яна бир қисмини эса болга ботираман. “Катта”нинг хаёлларини ўртадаги микрофон ёнида туриб гапираётган йигитнинг қўнғироқдек овози бўлди.Ким у?, - дея ўша томонга термулди “Катта”. Ҳа, Илҳомжон экан. Бу ҳам ёзувчи. Исо Холиснинг ёнида юрадиган йигитлардан бири. Ҳар ҳолда акаси мени ҳимоя қилгандан кейин укаси бошимни ёрмаса керак, деб ўйлади “Катта”. Аммо Илҳомжоннинг сўзлари унинг кўзини мошдек очиб юборди.

- Сиз Оладарё вилоятида ишлаганингизда икки ярим миллииард сўм ҳисобида қўшиб ёзишга йўл қўйгансиз. Сиз туфайли юзлаб одамлар қамалиб кетди, сиз эса сувдан қуруқ чиқиб, тахтни эгаллаб ўтирибсиз.

Мажлис зали ғала-ғовур бўлиб кетди. Илҳомжонниг сўзлари “Катта”нинг қалбига наштардек ботди. Бу боланинг ўзи бошқа вилоятдан, деб ўйлади”Катта”. Лекин қўлидиги бир даста қоғозни қаердан олди экан?! Ҳар ҳолда бу ҳам Шукруллонинг иши. Бу болакай оғзининг ўлчовини билмас экан. Бундайларнинг тўтиқушдан фарқи йўқ. Энг хавфли одамлар булар, ким нима тутқазса, ўқиб бераверишади. Шу боис буни дарҳол жиловлаб қўйишим керак. Мажлисдан кейиноқ оёғига тош боғлайман.

“Катта” илгари ўзи ишлаган Оладарё вилоятидан бир кишини қўли билан ишора қилиб ёнига чақирди.

- Сен қамалиб кетаётгандинг, лекин қутқариб қолдим. Мана депутат ҳам қилиб қўйдим. Нега энди товуққа ўхшаб ўтирибсан? Бор, ана у тирранчага жавоб бер, - деди.

У одамнинг бўйи калта эди. Пилдираганча, ўрта йўлакдаги микрофон ёнига югуриб борди. Илҳомжонни туртиб, унинг ерини олиб ўзи гапирмоқчи бўлди. Лекин Илҳомжон бўш келмади. Сўнг у Илҳомжонниг ёқасига ёпишди. Атрофдагилар ўринларидан туриб, улар томонга юришди. Мажлис раиси эса танаффус эълон қилди. “Катта”нинг топшириғини олган киши Илҳомжонниг ёқасидан тутганича минбарга томон юра бошлади.

- Кечирим сўра, кечирим сўра деяпман “Катта”дан! - дея бақирарди у. Шу пайт югуриб келган Бургутжон “Катта”нинг одамига узанди. Унинг елкасидан тортиб, қўйиб юборганди у йиқилиб кетди. Бургутжоннинг бўйи узунлиги, чиниққанлиги, гавдаси унча мунча одамдан йириклиги ҳайбатини оширарди. Унинг ёнига келган машҳур ёзувчи Эгамқул Примов “Ука, сиз нима қилаяпсиз? Бу одам “Катта”мизнинг топшириқларини бажараяпти, сиз аралашманг”, деди.

- Сени туппа тузук ёзувчи, деб юрган эдим, - деди Бургутжон. - Улуғ шох ва шоирларимиз ҳақида ёзган китобларинг бошқа-ю ўзинг бошқа экансан! “Катта”нгни севсанг, ана у минбарга чиқиб ҳимоя қил!

Бургутжоннинг ҳайбатидан қўрққан Эгамқул Примов орқасига бурилиб оломоннинг ичига кириб кетди. Бургутжон эса “Катта”нинг ёнига яқинлашди:

- Мажлисни бузиш учун шунақа ўйин қилишингиз керак эдими? - деди у “Катта”га.

“Катта” ҳам унга заҳархандалик билан:

- Сиз ҳали ҳам шу ердамисиз? Мен сизни қамалиб кетган, деб ўйлаб юрибман, - деди.

- Нега мен қамалар эканман? Мен халқнинг ҳақига хиёнат қилганим йўқ! Ўғирлик, порахўрлик билан эмас, пешона терим билан топаяпман мен!

- Пешона тери билан топилса, кўпчилик сизга ўхшаб кошоналар қуриб оларди.

- Биламан, олдинги уйимни сиз ёндириб юбордингиз, сиз юборган одамлар ёндирди. Сизга қасд қилиб икки ойда қайтадан тикладим. Сизга алам қилгани менинг бой бўлганим эмас, одамларга ёрдам қилганим, йўл қурганим, мачит қурганим, мактаб қурганимдир. Сизга алам қилгани партиянгиз бўлимини ёпиб қўйганимдир!

- У партия меники эмас,у халқнинг партиясидир! Шунинг учун унинг бўлимини албатта такрор очамиз! - деди “Катта”.

-Ҳа, олти ой-ки корхонамизни миршаблар ўраб олишган. Кечаси ҳам тергов, кундузи ҳам. Акамдан тортиб аммамга қадар сўроқ қилдингиз. Лекин бирор нарса тополмадингиз!

- Истасак, топамиз!

- Истасангиз кўп иш қиласиз! - дея қўлларини пахса қилиб баланд овозда гапирганича “Катта”га янада яқинлашди Бургутжон.

- Қўлингни тушир! Ўзингни бос! Ҳозир шу ернинг ўзидаёқ қамоққа олдираман. Кимлигингни халққа кўрсатиб қўяман.

- Биламан нимага шаъма қилаётганингизни, - деди Бургутжон. - Уй жойимизни филимга олдиргансиз. Мен ишдан ҳайдаган ўғри-муттаҳамларни тўплаб шикоятларини ёздиргансиз. Сиз олти ой уриниб битта филм тайёрладингиз, мен эса бир ойнинг ичида сизнинг кимлигингизга оид учта филм тайёрладим. Мард бўлсангиз майдонга чиқинг! Бу филмларни депутатларга қўйиб берайлик!

- Сенинг пушкага оладиган одатинг ҳам бор экан-ку, - дея мийиғида кулди “Катта”. Аммо бир зумда нафақат овози балки ўзи ҳам ўзгариб қолди, кўзи эса ёш болаларникидек жовдираб оломоннинг ичидан нажодкор қидирарди. Бургутжон бўлса эътибор ҳам бермасдан қўлларини пахса қилиб сўзда давом этарди:

- “Пушкага олиш” деган гапни ҳаётимда илк бор эшитаяпман. Ҳар ҳолда тушунишимча “шантаж” дегани бўлса керак. Мен уйдирмачи эмасман. Кўзим билан кўрганимга,қўлим билан ушлаганимга ишонаман. Укангиз нима сабабдан қамалганию қандай қилиб озод бўлганини халқ билмайди, деб ўйлайсизми? Укангиз билан айни жиноятдан қамалган одам ертўлада ўтирибди. Укангиз эса катта бир мафия гуруҳига бошчилик қилаяпти. Буни инкор эта оласизми?

- Ҳаддингдан ошиб кетаяпсан! Ўзингни бос! Ҳозир мана шу ернинг ўзида чавақлаб ташлайман сени! Товушингни ўчир! - дея бақирди “Катта”.

- Товушимни ўчирмасликка сен имкон яратдинг, - Бургутжон ҳам “Катта”га сенсираб гапира бошлади. - Бир пайтлар ҳайдаб юборган хотининг ва ўғлинг бугун қандай кўйга тушганини биласанми? Ўғлинг тиланчилик қилаётганидан хабаринг борми? Хабаринг бўлмаса айт, зални ҳозирлашсин, сен ҳам қўлингдагини кўрсат, мен ҳам! Керак бўлса телевизор орқали кўрсатайлик, хулосани миллат чиқарсин!

Шу пайт уларнинг ёнига Миртемир келди:

- Менимча Бургут ака ҳақ гапни айтаяптилар. Агар у киши жиноятчи, порахўр бўлсалар, қўлингизда буни исботловчи далиллар бўлса,ўртага қўйиш керак. Филм олдирган экансиз, уни ҳам намойиш қилайлик. Айни пайтда Бургут аканинг иддаоларига қулоқ солайлик, - деди.

“Катта” нажоткорни топгандек шафқат истаб, Миртемирга термулди:

- Укажон, мана сиз танқид қилдингиз, мен аралашмадим. Чунки биламан ўзингизни ўйлаётганингиз йўқ. Текширишларимиздан ҳам тоза чиқдингиз. Лекин мана бу акангизнинг бир жойи ҳам тоза эмас. Унга айтинг, сассиқ гапларини калта қилсин! Миртемир нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганди, Бургутжоннинг қўнгироқдек жаранглаган товуши унинг фикрларини бўлиб юборди:

- Мен сассиқ гап айтишга ўрганганим йўқ! Катта бир давлатнинг бошида ўтирган инсоннинг оғзидан шундай гаплар чиқиши мени уялтирмоқда. Инсонга ўхшаб тортишмоқ ва масалаларнинг ечимини топмоқ мумкин эмасми? Сиз мени ишдан ҳайдаб, устимдан жиноят иши очганингизда мана шу йигитлар ўртага кирмаганда, йўқ қилардингиз. Хайриятки, депутатлик ваколатимни тўхтатиш ҳақида қарор чиқарадиган кунингиз шу йигитлар орага киришди. Аммо буларнинг ҳар бири Бургутжондан фалон сўмдан олган, деб гап тарқатдингиз. Виждонига бўйсунган ҳалол йигитларга туҳмат қилдингиз.

“Катта” Бургутжоннинг гапларини эшитмагандек, Миртемирга юзланиб:

- Миртемиржон, йигитларингизга айтинг, мажлисдан кейин қолиб бу масалаларни тортишайлик. Мени ҳам чалғитганга ўхшайдилар. Ҳозир бу ерда масалалар қоришиб кетди. Айтилаётган ҳар бир гапни тарозига қўяйлик, айбдорларни жазолайлик. Мен сизларга сўз бераман,ҳамма масалани ҳал қиламан. Бирор киши жазодан четда қолмайди. Бургутжон аканинг қизиганича бор,мени ҳам алдашади. Атрофимни порахўр-муттаҳамлар эгаллаб олишган.Улардан қутилишим учун сизларга ўхшаган жасур йигитларга эҳтиёжим бор. Ҳар бир гапни қўрқмасдан, иккиланмасдан мардларча юзга айтган инсонлар Ватанимиз учун жуда керак. Сизларга раҳмат, кўзимни очдингизлар.

Бу гапларни эшитган миллатвакиллари бирдан жимиб қолдилар. Ўртага сув сепгандек сокинлик тушди. “Катта”: Буларни мана шундай боплашим керак, деб ўйлади. Аслида ростдан ҳам ҳаммаси соф, тўғри йигитлар. Қинғир-қийшиқликни билишмайди. Лекин ана шундайлардан қўрқиш керак. Булар оловга ҳам сувга ҳам тик боришади. Буларни алдаб-сулдаб йўқотиш керак. Акс тақдирда бу оловда мен ўзим ёниб кетишим мумкин. Оловни исинмоқ, фойдаланмоқ учун ёқиб туриш керак. Назоратда тутсанггина унинг ҳароратидан баҳра оласан. Назоратдан чиқардингми,у сени жизғанак қилади. Оловнинг кушандаси сув. Мана, бир “челак”сув билан уни ўчирдим. Жўжахўрозларнинг ҳаммаси бир товоқ паловни кўрган оч болакайлардек мўлтираб қолишди.Темирни иссиғида босмоқ керак. Танаффусга чек қўйиб мажлисни бошласам жиловни қўлга оламан. Буларни илинган қармоқларида маҳкам тутишим зарур.

“Катта” орқасига қайрилиб, қўл қовуштириб турган Қўлдошевга:

- Соатингиз борми? - деди заҳарханда оҳангда.

- Бор, бор, - дея унга эгилди мажлис раиси.

- Ундай бўлса нега мажлисни бошламаяпсиз? Танаффус ўн олти соатми?! - дея бақирди.

Раис ердан ерга сакрайдиган ниначи каби бир-икки ҳамлада ўз жойига ўтириб олди ва қўлларини бир-бирига ишқалаб:

- ҳамма жой- жойига ўтирсин, мажлисимиз давом этади, - деди. Аммо кимга сўз беришни билмасди. Нима қиламиз,дегандек “Катта”га қаради. “Катта” эса атайлабдан юзини бошқа томонга бурди. Бу ҳам норозилик аломати эди. Раис нима қилишини билмай қолганди. Шу пайт мажлис залининг биринчи қаторида ўтирган Шукрулло ўрнидан туриб, минбарга қараб юра бошлади. Мажлис раиси томирларида тўхтаб қолган қон қайта ҳаракатга келганини ҳис қилди, лекин юраги потирлай бошлади. Ўйлашга эса вақти қолмаганди, бошини микрофонга яқинроқ олиб борди-да, хириллаган овозда:

- Ҳурматли Бош вазиримиз Шукрулло Саидов сўз сўраяптилар, - деди. Шукрулло эса аллақачон минбарга чиқиб олган эди. У талвасага тушган раиснинг кечиккан эълонига мийиғида кулиб жавоб қилди. Сўнг икки қўлини минбарга тираганча гапини йўқотган одамдек анча вақт залдагиларга термулиб қолди. Кейин мажлис раисига ва “Катта”га бурилиб қаради. Минбарнинг бир четида турган бардоқдаги сувдан ҳўплади ва:

- Халқимиз “тиз чўккунча тик туриб ўлган яхши” дейди. Мен мансаб учун туғилганим йўқ ва мансаб учун курашаётганим ҳам йўқ!… - деди. “У, Шукрулло”, - дея қичқириб юборди “Катта”нинг хаёлларидаги қандайдир бир куч! Агар ҳозир залдагиларга “Сиз мана шу одамга ишониб ўтирибсиз-ми, уни бу ердан қувайлик” десанг мен ўзим бу ерни ташлаб чиқиб кетардим. Йўқ, нега чиқиб кетарканман? Шундай деганингда ҳам бир чорасини топардим. Мана бу олтмишта тирранчани икки оғиз гап билан тинчитганимда сенга қарши гап топа олмасмидим? Аслида мен нега сени бу қадар катта куч деб ҳисоблаб келдим. Сен куч эмассан! Пойтахт халқи куч. Ана шу халқни тинчитиш учун сендан, сен бўлмасанг бошқа биридан фойдаланишим керак. Олдинги “Катта” ана шундай мувозанатни сақлагани учун ўттиз йил тахтда ўтирди. Раҳматли не-не ўйинларни бошидан кечирмади? Гоҳо тош отдилар, гоҳо ўқ отдилар, аммо селнинг ҳам дўлнинг ҳам остидан қуруқ чиқаверди.Чунки “селсовети” яхши ишларди. Мен ҳам ана шу йўлдан боришим керак.Сен эса тўғри айтдинг, мансаб учун туғилган эмассан.

Залдаги ғала-ғовур “Катта”нинг хаёлларини бўлди. Шукрулло Саидов ўрнига бориб ўтиргандан кейин қаторлар орасида даҳанаки жанг бошланганди. Негадир ҳар ким ё ёнидаги ё орқасидаги одам билан тортишарди. Булар энди ўз қиёфаларини очмоқдалар, деб ўйлади “Катта”. Бир зумдан кейин ҳатто минбарга чиқиб мени мақтай бошлашди. Чунки оғирлик қайси томонга оғганини кўришди. Ўртада мусобақа ҳам бошланади. Буларнинг ҳаммаси хоин, ҳаммаси сотқин. Тузимни еб, тузлиғимга тупуришди. Ҳаммасини мен депутат қилганман. Лекин нонкўрлик қилишди. Фақат Воҳидов, Исо Холис, Асқаров бундан мустасно. Аслида улар ҳам хоин. Менинг илтимосимни кутишлари керак эдими? Нега бу воқеалар бошланмасдан олдин ёнимга келишмади?! Нега мен билан бирга қадам ташлашмади?! Ахир, Исо Холисни депутат қилгунча она сутим оғзимдан келди-ку? Унинг бир ўзини номзод қилиб кўрсатдим, қаршисига ҳеч кимни қўйдирмадим. Воҳидовни ҳам ана шу йўл билан сайлатдим. Ҳозир у ҳам сўзга чиқиб қолса керак. Ҳм… Шавкат Темурни ҳам сайлатишим керак эди. Ҳозир ташқарида тош отиб юрибди. Сайлатганимда мана шу ерда, қўл остимда ўтирган бўларди. Истасам гапиртириб, истасам пустириб ўтирардим.

Худди “Катта” ўйлаганидек, бир зумда минбарнинг ёнида сўзга чиқувчилар бепул гўшт бераётган дўкон эшиги оғзида тўплангандек йиғилдилар. Уларнинг орасидан бири отилиб минбарга чиқди. У матбуот вазири Ибодулла Узоқов эди. “Катта” уни илгари у қадар яхши танимасди, лекин олдинги “Катта”лар замонида “урилиб” кетгани учун мансаб берди. Чунки “олдингиларнинг ишонган тоғларини уларнинг душманлари йиқитади” деган қоидага ишонарди.Бу ҳам садоқат билан хизмат қилаяпти, деб ўйлади “Катта”. Табиий ҳол. Бир марта калтак еган одам йўл четидаги чўпдан ҳам ҳадиксирайди. Лекин феълида бир оз ҳақиқатга қайишадиган томони ҳам бор, бу ҳам табиий ҳол. Бир марта ноҳақлик туфайли синдирилган киши кейин ҳақсизликни кўрганда қийнала бошлайди. Аммо у кейинги вақтда Шукруллога яқинлашиб қолди. Ораларини бузиш керак. Ҳатто ит ҳам икки кишига бирдан содиқ бўлолмайди. Ибодулла Узоқов фавқулодда ҳолат рўй бергандек, ташвишли оҳангда гапира бошлади:

- Дўстлар, халқимизнинг азиз вакиллари, бундан икки дақиқа олдин мустақиллигимизни хавф остига қўядиган воқеанинг олдини олдик. Мажлисимизга Шавкат Темур бошлиқ бўлган ҳаракатнинг аъзолари “Биз Марказий телевидение мухбирлари” дея сохта ҳужжат билан киришгани ва бу ердаги тортишувимизни ипидан игнасигача ёзиб олаётган пайтда қўлга туширдик. Камераларини тортиб олдик ва ўзларини ҳурматли миршабларимизга топширдик. Улар ёзиб олганларини Москвага етказиб бермоқчи эканлар. Бу хоинликнинг биринчи пардаси. Иккинчи пардаси эса бундан бир соат олдин юз берди. Москванинг “Хабарлар” кўрсатуви ушбу мажлисимизда “Катта” ишдан олиб ташланди, деган машъум хабарни эълон қилди. Бу хабарни мана шу ерда ўтирган айрим депутатлар юборишганини ҳам ўргандик.Улардан бири ўзини сотиб қўйди.Биз Москвага телефон қилмоқчи бўлиб турганимизда “Менда телевидение раҳбарининг телефони бор” деб қолди. Ҳатто улар дўст ҳам эканлар. Мана сизга хоинлик,мана сизга ҳақиқат!

Залда шовқин-сурон бошланди. Ҳа, қозонни қайнатиб юбордим, деб ўйлади “Катта”. Кеча матбуот котиби бу ўйин ҳақида гапирганида у қадар аҳамият бермагандим. Лекин иш бериб қолди. Тирранчаларнинг ҳаммаси тузоққа тушадиган бўлди. Хоинлик тамғасини ёпиштираман уларга. Уларнинг сомонхонаси шу ер экан. Аммо Ибодулло Узоқов хам ўпкасини ютган одамлардан, артистлар бундай гапира олмайди. Баъзан шунақанги сўзларни топадики, одамни эритиб сувга айлантириб юборади. Аслида унга ҳам қийин. Бир марта ишдан “урилиб” атрофдаги одамларнинг муносабатини, камситишларини кўрди. Энди яна юқорига чиқиб қолди. Тушиб кетмаслик учун артистлик у ёқда турсин, тулкилик ҳам қилади. “Катта”нинг хаёли яна бўлинди. Чунки ўртадаги микрофон олдига Миртемир келганди. У мажлис раисининг микрофонни очишини кутмасдан ҳаммага эшитиладиган овозда гапира бошлади. Аммо “Катта “баъзи калималарни тушуна олмагани учун мажлис раисига “микрофонни оч” дея ишорат қилди.

- Биринчидан, ҳурматли вазир билиб қўйсинларки, бу мажлис тўғридан тўғри телевидение орқали кўрсатилмоқда. Иккинчидан, сиз камерасини олиб қўйган одамлар ҳақиқатдан ҳам телевидение мухбирларидир.Биз уларни яхши таниймиз. Учинчидан эса сиз исмини айтишга қўрққан ва хоинликда айблаганингиз мен бўламан. Тўртинчидан, Москвадан берилган хабар орқасида катта ўйин бор, бу хабар ҳукумат идораларидан етказилгани ҳақида маълумот олдик. Бешинчидан эса Москвадаги телевидение бошлиғи илгари шу ерда ишлаган ва уни кўпчилик яхши танийди. Юқоридаги ўйинни фош этмоқ учун унинг телефонини вазир жанобларига мен бердим. Биргаликда телефон қилдик, лекин бошлиқ таътилда ва чет элга кетган экан. Бу воқеа бундан бир соат олдин эмас,балки эрталаб юз берди. Лекин вазир картанинг иккинчи томонини кўрсатаяптилар…

…Ўзим чиқсам ҳамма нарса қайтадан бошланадиганга ўхшайди, Ибодулла Узоқов ҳол қўйди. Лекин бу ҳол гўзаллик ҳоли эмас, балки фоҳишанинг лабидаги зангор ҳолга ўхшайди. Ишни шу қадар ҳам хом қилиш мумкинми? Залдагиларнинг кайфиятлари юз фоиз ўзгариб турган бир пайтда ҳамма ишни бузиб юборди.

“Катта” ўйларини тизгинладида бармоқлари билан олдида турган микрофонни черта бошлади. Бу “микрофонни оч” белгиси эди. Раис “очилди” дея боши билан имо қилди.

- Миртемиржон, - дея Миртемирнинг сўзини кесди “Катта”. - Кўриниб турибдики, ўртада англашмовчилик бор. Лекин ғишт қолипдан кўчган, туҳмат эса бошимизга ёғилган. Шу сабабдан мажлиснинг алоҳида бир комиссиясини тузишни таклиф қиламан ва унинг раислигига ҳаммамиз учун адолатнинг тарозисига айланган ҳурматли шоиримиз Воҳидов аканинг номзодини кўрсатаман.

“Катта” бир ўқ билан етти қуённи ургандек ҳис қилди ўзини. Воҳидовнинг сўзга чиқмагани учун ширин гаплар билан тақдирлаган бўлса, айни пайтда бу номзод Миртемир ва унинг дўстларини ҳам қониқтиради.Чунки улар ҳали ўйиннинг фарқида эмас. Воҳидовни озод инсон деб ўйлашаяпти. Бу комиссия бошида Воҳидов турса, хулосани истаган сўқмоғимга бураман.

- Ҳурматли раисимиздан илтимос қиламан масалани овозга қўйсинлар, - деди “Катта”. Сўнг бир нарса эсидан чиқиб қолган кишидек яна микрофонни очтирди.

- Ҳа, дарвоқе, бу комиссияда мухолифатдан ҳам бир киши ўрин олишини истайман. Менинг назаримда Сурат Болтаев энг тўғри номзод. У киши ҳозирки ҳозир, социализм даврида ҳам раҳбарларнинг юзига камчилигини очиқ айтган инсонлардан, - “Катта” мажлис раисига бурилдида сўзини давом эттирди: Энди овозга қўйишингиз мумкин.

- Бошқа таклифлар борми? - дея залда ўтирганларга мурожат қилди раис. “Ҳўкиз” деб ўйлади”Катта”. Сўраб ўтиргунча овозга қўявермайсанми? Ҳозир яна тортишув бошланиб кетса нима бўлади? Хайриятки, ўтирганлар бошқа бир таклиф кўрсатишмади. Раис овозга қўйганди “Катта”нинг таклифи тасдиқланди. Демак, машина ишлай бошлади, деб ўйлади “Катта”. Одамларнинг асаби ўз ўрнига қайтди. Асаб машинага ўхшайди,йўлдан чиқдими тамом, яна қайтиб изга тушгунча кутиб турмоқ керак. Бир изга тушиб олгандан кейин темир йўлда ҳаракат қилгандек бир чизиқ бўйлаб бораверади. Энди нимани овозга қўйсак,ўтиб кетаверади. Лекин бугун “риск” қиладиган пайт эмас, асабларни яхшилаб ўлдиришим керак. У яна мажлисга қараб “Мен сўз истайман” деди ва ўрнидан туриб минбарга қараб юрди. У минбарга етиб келган ва гапира бошлаган бўлса ҳам мажлис раиси унга сўз берилажагини эълон қилди.

- Бугун менинг шаънимга айтилган ҳамма гаплар, ҳамма танкидлар тўғри. Инсон хатосиз бўлмайди. Мен ҳам онамдан “Катта” бўлиб туғилганим йўқ. Сизнинг ёрдамингизга муҳтож одамман. Мана қўлимда ўттиз саккиз миллатвакили имзо қўйган баёнот бор. Оз эмас, кўп эмас ўн саҳифадан иборат. Бу ерда иқтисоддан сиёсатга қадар ҳамма соҳада йўл қўйилган камчиликларим кўрсатиб берилган. Бундан кейин бу ҳужжат мен учун йўлчи юлдуз бўлади. Буни Миртемир укамиз ёзганини ҳам яхши биламан. Адолатни ва бор гапни ёзганки, айтайлик, шунча миллатвакили унинг остига имзо чеккан. Мен бу ерда, яъни мана бу манбарда қўлимни пештахта қилиб ўзимни оқламоқчи эмасман… - “Катта” баъзи сўзларни адашиб айтаётганини ўзи ҳам ҳис қилди. “Айтайлик” калимасини “эйтайлик” деб юборгандан кейин хаёлида адашдим деган фикр айлана бошлади ва минбарни “манбар”, пешни “пештахта” деб гапирди. Нутқимни қисқа қилишим керак, акс ҳолда ўзим ҳам издан чиқиб кетишим мумкин, деб ўйлаган “Катта” масаланинг иккинчи қисмига ўтди.

- Аслида бугун сайлов ҳақидаги қонун муҳокама этилиши керак эди.Танқидлар шуни кўрсатадики, бу қонун лойиҳасида ҳам жиддий камчиликлар мавжуд. Шу боис уни орқага олмоқчиман.

“Катта”нинг кўзи залдан пилдираб чиқиб кетаётган кишига тушди. У олтин конларининг бошлиғи эди. “Вой, аблаҳ!” деб ўйлади “Катта”. “Вой, нонкўр! Сени ўрис деб бўшатишни талаб қилганлар оз бўлдими, қинғир-қийшиқ ишларингни рўкач қилганлар-чи? Хўп, содда одам эканман. Инсонларни танимоқ қийин дейишарди, ишонмасдим. Қара-я, тағин мен гапираётган пайтда исёнкорона чиқиб кетмоқда.

- Ана у Иванов сингари одамлар учун фарқи йўқ, - “Катта” кўрсатгич бармоғи билан залдан чиқиб кетаётган кишини кўрсатиб, жаҳл билан сўзда давом этди. - Булар учун ҳеч нарсанинг фарқи йўқ. Айтайлик, масъулиятни ҳам билишмайди, айтайлик, раҳбарликни ҳам билишмайди, айтайлик, иш қилишни ҳам билишмайди, айтайлик, мана шу ерда ўтиришни ҳам билишмайди! “Катта” қўлини мушт қилиб қандай ўтириш кераклигини кўрсатган бўлди ва сўзда давом этди:

- Мана шундай латта раҳбарлар туфайли мен жўжахўрозларнинг ёнида қизариб қоламан. Ана шундай ишёқмаслар туфайли менга дашном беришади…

Шу пайт Миртемир ўрнидан туриб “Катта”га юзланди:

- Кечирисизу лекин шу ернинг ўзида ҳам ўзингизга зид гапираяпсиз. Ҳозиргина хатоларингизни тан олиб тургандингиз, орқасидан камчиликларингизни кўрсатган одамларни менсимасдан ҳақорат қилаяпсиз, - деди.

“Катта” издан чиқиб кетганини сезиб қолди, шекилли, томоғига бир нарса тиқилган одамдек кафти билан оғзини бекитиб йўталган бўлди. Бу ёлғон йўталиши ўзини ҳам қониқтирмади, бардоқда алмаштирилмай қолган сувни олиб ҳўплади. Мажлис хизматкорлари ҳаётларида илк бор бунақанги тортишувни кўришганидан ҳинд кинофилмини тамоша қилаётган болалардек оғизлари очилиб қолган ва сувни алмаштиришни ҳам унутишганди. “Катта” бардоқ остидаги бир ҳўплам сувни ичиб бўлгач, буни англади ва қўлидаги бўш бардоқни раиснинг юзига улоқтирмоқчи бўлди. Лекин ўзини тутиб қолди.

- Сиз ҳақсиз, - деди у Миртемирга қараб. - Раисдан илтимос ,мажлиснинг бугунги қисмига шу ерда нуқта қўйсин. Ивановга ўхшаб чарчаб қолганлар меҳмонхонага бориб…

“Катта” “меҳмонхонага бориб арақларини ичсин” демоқчи эди, лекин гапининг давомини ютиб юборди.

- Илтимос қиламан ёшу мард ва жасур миллатвакиллари шу ерда қолсинлар. Керак бўлса эрталабгача ўтириб масалаларни муҳокама қиламиз, керак бўлса келажак учун дастур ҳозирлаймиз, - деди.

Мажлис раиси нима қилишини билмай, шошиб қолганди. “Катта”нинг олдида гуноҳ қилиб қўйган боладек сесканиб турарди. Мажлисни ёпишга талайгина вақт бўлсада, у итоаткорлик билан “Катта”га бўйсунди ва бу орада ўзини ҳам оқлаб олмоқчи бўлгандек миллатвакилларига мурожаат қилди:

- Бизда демократия йўқ ,деганлар келиб демократияни биздан ўрганишсин. Бугун бу ерда парламентимиз бизни севмаганларга демократия дарси берди. Сўз эркинлиги йўқ, деганларнинг бўғзига пахта тиқилди. Микрофонларимиз ҳар бир сўз истаган миллатвакили учун очиқ эди бугун. Матбуот эркинлиги йўқ, деганларнинг ҳам пайтавасига қурт тушди. Чунки бугунги мажлисимиз жонли ўлароқ намойиш этилди. Танқид ва ўз-ўзини танқид йўқ, деганлар юзлари шувут бўлиб қолдилар. Чунки истаган одам “Катта”мизни танқид қилди. “Катта”миз бу танқидларни қабул қилдилар. Мана шундай ишчан руҳ ва кайфиятда мажлисимизга эртага қадар танаффус бераман. Аммо ҳурматли “Катта”миз билан савол жавоби бўлган ёшлар қолсинлар!

“Катта” мажлис раисининг ялтоқланишига заҳархандали жилмайиши билан жавоб қилди. Залда юзга яқин миллатвакили қолди уларнинг орасида Воҳидов, Исо Холис, Асқаров йўқ эди. Улар ё ўзларига оид вазифани битди деб, ўзларини ёшларга дахлдор бўлмаганларини “кўрсатиб қўйиш” учун кетиб қолгандилар. “Катта” ёнига ёрдамчиси Павелни чақирди:

- Сен дафтар ол, - деди. - Уни сургучла. Қандай талаб тушганини, талаб ким томондан берилганини, ким бажаражагини ва муддатини ёзиб бор. Охирида ҳар икки томон қўл қўямиз.

Коммунистик партия даврида ҳар бир идорада ана шундай дафтарлар юритиларди. Бу интизомни сақлашнинг асосий омили ҳисобланади. Аммо ташқарида кўзбўямачилик, дафтарда эса сўзбўямачилик ҳукмрон бўларди. Ҳамманинг диққати ана шу дафтарларга қаратилар ва уларни сургучлашдан тўлдиришга қадар бўлган дақиқа ҳаёт мамот масаласига айланарди. “Катта” шу тажрибадан келиб чиқиб интизом ўрнатмоқчи эди.

- Сиз гапиринг мен эшитаман, - деди “Катта” миллатвакилларига. - Ҳар қандай масалани,ҳар қандай оҳангда гапиришингиз мумкин. Зотан телевизорчилар кетиб қолишган. Халққа кўриниб қўйиш учун гапирадиганлар ҳам кетиб бўлишди.Хўш,кимдан бошлаймиз?

Миртемир ўрнидан туриб: “Биз ҳамма талабларимизни мажлисга тақдим этилган баёнотимизда ифода этган эдик”, - деди.

- У мажлисга берилган ҳужжат, кўпчилик имзо қўйган ва баъзилари аллақачон имзоларини қайтиб олишди. Шу сабабдан ҳар кимнинг мендан қандай талаби бўлса,марҳамат, айтсин, мен бажараман. Сизларга яна бир такрорламоқчиман, атрофимдагилар билан ишлаш қийин, ялқовлар, ёлғончилар, манфаатпарастлар қуршовида қолганман, сизнинг ёрдамингизга муҳтожман!

Шу пайт йирик газеталардан бирида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаётган Замон Убайдуллаев пилдираганча минбарга чиқди.

- Мен узоқ райондан сайланганман. Мажлисда фақат гап бўлаяпти-ю натижа йўқ. Ҳозир деҳқонлкарнинг энг муҳим палласи. Табиат, об-ҳаво бизнинг тортишувларимизни кутиб ўтирмайди. Мен сайловчиларим номидан “Катта”мизга илтимос қилмоқчиман. Бизга бир дона трактор ажратсангиз, эртага шудгор ишлари бошланиб кетади, трактор ҳаётий масалага айланади.

- Яхши, - деди жиддий оҳангда “Катта” ва ишчанлик кайфиятида Павелга қайрилиб:

- Ёз, Қишлоқ хўжалик вазири назоратга олсин, ўн беш кундан кейин натижасини менга айтасан, - деди. Замон Убайдуллаевнинг бу талаби бежиз эмас эди. Қолаверса у бу қадар содда ҳам эмас. Газетадагилар у ҳақда гапирганда “Чанкаган одамни дарёнинг сохилидан сувсиз кайтаради” дейишади.Хозир хам унинг талаби соддаларга карши йўналтирилган бўлиб, қопнинг оғзини очиб юборди. Миллатвакиллари бирин-кетин автобус сўрашга, газ ўтказиб беришга, сув қувурлари ётқизишга, колхоздан клуб очишга, болалар боғчаси қуришга оид талабларини айта бошладилар. Бу ҳодисадан Миртемирнинг жаҳли чиқди ва олдинги қаторда ўтирган Ойнисага:

- Сизга ҳам бир дона трактор керак эмасми? - деди. - Вақтни қочирманг, темирни кизиғида босинг.

Ойниса Миртемирнинг нимага шама қилганини англади, шекилли, ўрнидан туриб минбарда талабини айтаётган миллатвакилининг сўзини бўлди:

- Биз район селхозтехника идорасининг мажлисига келганимиз йўқ. Бу ерда мамлакатимизнинг келажаги, танлаган йўлимиз ҳақида бир қарорга келишимиз керак, - деди.

Гапираётган йигитнинг бунга жаҳли чиқди:

- Трактор мрактор сўраганларга бир нима демайсиз, лекин мен мактаб ҳақида гапираётганимда, сўзимни бўласиз.Хўш, мактаб мамлакатнинг келажаги эмасми? Ерлар шудгор қилинмаса, миллат оч қолмайдими, қишлоққа газ ўтмаса, одамлар совуқ қотмайдими? Мана бу ерда ўтириб олиб Туркистонни тузганингиз билан халқнинг ҳаёти ўзгармаса нима фойдаси бор?!…

Миртемир ўрнидан туриб минбарнинг ёнига келди ва маърузачи сўзини битиришини кутиб турди. Буни маърузачи “гапингни калта қил” маносида тушунди, шекилли, жаҳл билан минбарни тарк этди. Миртемир унинг ўрнига чиқди-да:

- Миллатвакили прораб, зоотехник, қурувчи эмас. У давлат арбобидир. Бугун сизнинг бирингизга трактор берилар экан, бу осмондан ёки Урусиянинг ҳисобидан олиб берилмайди.Балки бировнинг ҳаққи юлиб олиниб сизга берилади.Бу этакнинг бир томонидан кесиб олиб, бошқа бир томонини ямагандек гап. Масала эса хатто этак ҳақида ҳам эмас, масала этакнинг газламаси ҳақида. Биз бугун қайси йўлдан боришимизни аниқ белгилаб олмас эканмиз, миллатвакилларимизнинг тушига фақат тракторлар ва автобуслар кираверади. Туркистон ҳақида гапирдингиз. Бугун учун энг яхши малҳам Туркистон бирлигидир. Туркистоннинг миллат, тил, маданият бирлиги ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ, чунки бу мавжуд ва бор ҳақиқатдир. Уни инкор ҳам, йўқ ҳам этолмайсиз. Аммо иқтисодий бирлик, ҳарбий бирлик бизнинг келажакдаги энг буюк қуролимиз бўлади…

“Катта” микрофонни черта бошлади.Миртемир сўзини кесиб “Катта”га бурилди:

- Менинг трактор ёки автобус талабим йўқ. - деди ва минбардан тушди.

“Катта” сувнинг оқиши бошқа ёқа бурилиб кетишини ўнгламоқчи эди.

- Ука, - дея у Миртемирга юзланди. - Сиз менинг юрагимдаги гапларни айтдингиз. Лекин кўриниб турибди-ки бугун бир қарорга келолмаймиз. Шу сабабдан келишиб олсак. Мен эртадан бошлаб парламент талабларини ўрганиш,улар асосида сиёсат йўлини белгилаш учун ўзимга бир ёрдамчи вазифасини жорий этсам. Унга керакли барча ҳуқуқларни берсак.У сиз билан менинг ҳар ойда бир марта мана шундай юзма-юз учрашувимни ташкил этса, талабларингиз ижросини назорат қилиб борса. Сизлар билан бирга мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг дастурини ҳозирлаб, менга тақдим этса ва ижросини назорат қилиб борса. Нима дейсизлар?

Ўртага бир зум сукунат чўмди. Бу айни пайтда ташаббускор миллатвакилларининг мағлубият кўчасига кирганларини тан олганлари ифодаси бўлса, бошқа томондан ризолик аломати ҳам эди. Сукунатни яна “Катта” бузди:

- Ораларингизда мана шу вазифани бажара оладиган мард топиладими? Танқид қилиш осон, лекин бир ишни бажариш осон эмас. Мана Миртемир укамиз танқид қилишни севадилар. Агар халқ ва мамлакат ҳақида ўйлаганларини амалга оширмоқчи бўлсалар, келсинлар биргалашиб ишлайлик. Мени ишонтира олса, ҳар қандай йўлдан боришга розиман, - деди.

Миртемир ўрнидан туриб рад жавоб бермоқчи эди, Пўлат Аҳмедов “Ўтирсангизчи” - деди унга. Ибод Тўраев эса “у рози, биз ҳам унинг номзодини кўрсатамиз” - деди. Ойниса бўлса, орқага қайрилиб, Миртемирга “Табриклайман” дея жилмайиб қўйди.

- Демак, Миртемир укамизни табриклайман, - деди “Катта” - Павел, сен ҳамма талабларни Миртемирга топширасан ва бу масалаларда унга ёрдам берасан. Қолган гапларни эса эртага гаплашамиз, - дея “Катта” мажлисга нуқта қўйди. “Катта” ўрнидан туриб эшик томон юрар экан, Павел унинг ёнига келиб:

- Нозир акани ушлаб турибмиз, Крайнов гапга тутиб турибди, ёки жавобини бериб юборайликми? - деб сўради.

- Чақир, боғда гаплашамиз, - деди “Катта”. Нозир Жабборов “Катта”нинг институтда бирга ўқиган курсдошларидан бири эди. Нозир “Катта”га кўра олдинроқ мансаб курсларини босиб ўтди. Вазир бўлди, кейин Марказий Қўмита бўлим мудири, ундан кейин йирик вилоятнинг раҳбари. Жуда кўп хайрли ишлари билан халқ орасида номи чиқди. Қайси вилоятда қурилиш, ободонгарчилик, халққа хизмат оқсаб қолса, уни ўша ёққа юборишарди. “Катта”га ҳам унинг кўп ёрдами теккан. Нозир Жабборов Миртемир яшаган вилоятга раҳбар бўлиб келганда, бу ерда бирор иш қила олмайди, деб ўйлашганди. Чунки бутун жиловлар ўғри “бобо”ларининг қўлида эди. Бир йилнинг ичида Нозир Жабборов ўғриси борми, мафияси борми ахлатни супургандек супуриб ташлади. Сичқоннинг инини ижарага олган бу тоифа одамлар Москва “тешиги”дан ёруғликка чиқдилар ва туҳмат билан Нозир Жабборовни қамадилар. Миртемир Нозир Жабборовни озод қилувчилар ҳаракатига қўшилди.Ўша кезларда “Катта” эндигина жумҳуриятга раҳбар бўлганди. Вилоятга келиб “Тўполончилар” билан учрашди.

- Нозир Жабборов сиздан кўра менга яқинроқ. У менинг жон дўстим. Унинг озод бўлиши учун ҳар куни илтижо қиламан. Агар суд бўлса ва у оқланса, мана шу ерда эркак сўзини бераяпман, уни ўз жойига тиклаймиз, деди. Орадан кўп ўтмай Нозир Жабборов оқланди, лекин ишсиз қолди. Яна вилоятда уни ўз жойига тиклаш ҳаракати бошланди. Бу сафар “Катта” тиш-тирноғи билан унга қарши курашди. Уни бадном қилиш,ёмонотлиқ сифатида халққа кўрсатиш учун бутун ҳунарини ишга солди. Вилоятга Нозир Жабборовни эмас Пўлабой Рашидовични раҳбар этиб тайинлади. Сайловлар бошланганда Нозир Жабборовни ўзи туғилган тумандан миллатвакили этиб сайлашди. Сайлов натижаларини ҳисобга олишмади. Иккинчи бор сайлов ўтказилди. “Истасанг укангни бўшатамиз,унинг ўрнида ишлайсан, сўнгра ўша ташкилотга раҳбар бўласан” дейишди. Мана энди курсдошлар юзма-юз учрашиб турибдилар. “Катта” Нозир Жабборовнинг елкасига қўлини қўйиб:

- Дўстим, сенга кўп ситам ўтди. Ҳаммасидан хабардорман .Худо ҳоҳласа, ёруғ кунлар олдинда. Сени ўз вазифангга тиклайман. У вилоят сенсиз хароб ҳолга келди. Кеча сени қидиргандим, тополмадим, ёрдаминга муҳтожман. Бугун гувоҳи бўлдинг, атрофимдагилардан бирортаси мени ҳимоя қилмади. Бундан кейин сенга ўхшаган дўстларимга таянишим керак. Узоқнинг донидан яқиннинг сомони яхши, дейдилар.

- Сиз билан учрашиш учун бир йилдан буён уринаман, лекин Крайнов доим Тўрабековга жўнатади. Тўрабеков эса ёлғончи, сўзида турмайдиган одам.

- Нима қилай куним шундайларга қолган. Худо ҳоҳласа биргалашиб ундайларнинг бит босган кўрпасига ўт қўямиз. Мана шу мажлис ўтсин, ҳузуримга кел, сени вилоятга раҳбар этиб тайинлайман. Бу самимий гап. Эркакнинг гапи битта бўлади. Ана у Пўлабойга ишонгандим ғирт порахўр, хотинбоз, муттаҳам чиқди. Уни қамоқда чиритаман. “Катта” бироз айлангандан кейин Нозир Жабборовга жавоб бериб юбораркан:

- Бу тирранчаларга ишониб бўлмайди. Эртага қайтадан бош кўтаришлари мумкин. Шундай бўлиб қолса, ўзингни кўрсатасан, - деди.

- Менимча уларнинг ишини битирдингиз, - деди Нозир Жабборов хайрлашаркан.

Дарвоқе, мажлисдан бир кун олдин Миртемир Нозир Жабборовнинг ёнига келганди.

- Мен бу ўйинларни кўп кўрдим, - деди Нозир Жабборов. - Тўққиз ой қамоқхонанинг зах бир ҳужрасида ётарканман бундай ўйинларга кирмайман, деб қасам ичканман.

- Наҳотки, буни ўйин деб ўйлаяпсиз?

- Сизлар учун ўйин бўлмаслиги мумкин, аммо улар учун ўйин бу, - деди Нозир Жабборов бошмалдоғи билан юқорини кўрсатиб. - Сизни укам,ҳурмат қиламан. Шу боис очиғини айтай, мен “Катта”ни яхши танийман. Унинг маҳорати ёнида шайтон ип эшолмайди. Сизлар эса сиёсий ўйин нималигини билмайдиган беғубор йигитларсиз. Бу йўлда қурбон бўлиб кетасизлар.

- Сувнинг оқишига қарасак ҳам қурбон бўламиз. Ундан кўра бу сувни бошқа томонга буриш учун уриниб кўрсак,натижа чиқса чиқди,чиқмаса қурбон бўлсак, яхшироқ эмасми?

- Дунёдаги энг осон иш қурбон бўлишдир. Энг қийини эса қурбон бўлмаслик.

- Демак, энг яхшиси ўрта йўл экан-да.

- Сизга тушунтиришга қийналаяпман. Менимча вақти келиб ўзингиз англайсиз. Лекин қалбан, руҳан, виждонан сизлар билан биргаман.

Бу суҳбатни “Катта”нинг жосуслари магнит лентасига ёзиб олишганди. “Катта” суҳбатни эшитиб кўргач:

- Ўйинга кирмайдиган одам! Сени шундай ўйинга киритаманки, ном нишонсиз йўқолиб кетасан, - дея бақирганди. Мана энди Нозир Жабборовни у ўйинга тортиш учун илк қадамини ташлади. “Катта” бироз енгил тортдими, боши сим-сим оғриётгани ёдига тушди. Ёрдамчиси Крайновга:

- Югур, Нозирни йўлдан қайтар, мен юқорида бўламан. Бугунги ғалабани ювишимиз керак, - деди.

“Катта” доим гавжум бўладиган сарой боғида ҳеч ким йўқлигини ҳам эъибордан четда қолдирмади. Қўрқоқлар, деб ўйлади, ҳар тарафга қочишган. Пана панадан пойлаб туришибди. Бу дунё нақадар хиёнаткор. Буларнинг ҳаммасига иш бердим, маош бераяпман, оилаларини мени ҳисобимдан боқишаяпти. Яна бошимга булут келганда қочишди. Эртага ўрнимга бошқа бири келса улар ҳеч нарса кўрмагандек унинг товоғини ялайдилар.

Крайнов билан Нозир Жабборов ҳарсиллаганча етиб келдилар.

- Оғайни, чарчабсан, теннис ўйнашни ташлаб юбордингми? - деди “Катта” Нозир Жабборовга.

- Чарчаганим йўқ, ҳали Крайновга ўхшаганларнинг бештасини чарчатаман.

(Биринчи китоб тугади).
1995-1996.

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.