Шуҳрат Аҳмаджонов: Шерали… (Китобдан боблар)
4. Ш. ЖЎРАЕВНИНГ 1974 ЙИЛ КОНЦЕРТИДАГИ ВОҚЕА
Шерали Жўраевнинг ўша 1970-йиллардаёқ халқ ичидаги обрўси қай даражада эканлигини яхши тасаввур этишингиз учун камина гувоҳ бўлган битта воқеани баён этсак. Ҳар йили баҳорда – 1 май арафасида Тошкентдан келган санъаткорлар гуруҳи бир неча шаҳарларда гастролда бўлиб, концертлар беришарди. [16]-мақолада Самарқанд вилоятига бўлган шундай гастрол пайтида Шерали Жўраев 20 кун ичида 38 та концерт бергани ҳақида ёзилган.
1974 йил баҳори эди. Шерали Жўраевнинг бошқа санъаткорлар билан биргаликдаги концерти Самарқанддаги Спартак номидаги стадионда бўлиши режалаштирилганди. Оқшомга яқин стадионга одам лиқ тўлди, ҳатто тик туриб томоша қилишга ҳам жой қолмаганди. Одатдагидай аввалига қайсидир хонандалар 5-6 та қўшиқ айтишди ва кимлардир рақсга тушдилар. Шундан сўнг стадиондаги халқ ҳам қарсак чалиб, ҳам овоз билан Шерали Жўраевнинг чиқишини талаб қила бошлади. Бошловчи (конферансье) навбатдаги қўшиқларни эълон қилди ва шовқин-сурон остида яна иккита концерт номери ўтди.
Стадиондаги халқнинг талаби эса авж олиб борарди. Ниҳоят концертни олиб бораётган бошловчи чиқиб, ўз сўзларини битта-битта гапириб, томошабинларга шундай мурожаат қилди: “Ўртоқлар! Бугун 1974 йил … куни 2500 йиллик қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида севимли хонандамиз Шерали Жўраев …”. Бошловчи шу сўзларни айтаётганида боягина гувиллаб турган стадионда пашша учса эшитилар даражада жимлик ҳукмрон эди. Самарқандда севимли ҳофизимиз Шерали Жўраев билан боғлиқ бирор нохуш воқеа рўй бердими, деган фикр кўплар қатори камина миясига келганди ва бутун ҳис-ҳаёжон билан жимгина қулоқ соларди.
Кейин бошловчи бир оз тин олиб: “… касал бўлиб қолди!” деди ва стадиондаги ўн мингдан ортиқ одамлар бирданига енгил тортиб хўрсинди. Шунча кўп кишининг бундай бирваракайига хўрсиниши қандайдир такрорланмас бир ҳодиса эди. Шу алпозда стадиондаги одамлар бир дақиқалар жим туришди-да, ўзларига бир оз келишгач, янада қаттиқроқ қарсак чалиб, шовқин сурон билан Шерали Жўраевнинг саҳнага чиқишини талаб қила бошлашди.
Қайси бир хонанда битта қўшиқ айтди, сўнгра қайси бир рақс гуруҳи ўйинга тушиб берди. Овоз кўчайтиргичлар баралла қилиб қўйилганлигига қарамай, халқнинг қарсаги ва “Шерали” деган талаби остида мусиқа садолари деярли эшитилмасди. Бу овозларнинг ҳаммаси қўшилиб кетиб, гувиллаган катта бир шовқинга айланиб борарди.
Концерт мутасаддилари халқнинг бундай талаби билан ҳисоблашиш кераклигини тушуниб етишди, шекилли, кўп вақт ўтмай стадионга “Тез ёрдам” машинаси кириб келди ва концерт майдончаси яқинида тўхтади. Бир оз вақт ўтгач саҳнага касалхона кийимида Шерали Жўраев чиқиб келди. У айтган гапларнинг мазмуни шундай эди: “Биродарлар, ҳаммамиз ҳам тирик жонмиз. Бугун бир оз касал бўлиб қолдим …”.
У ўз гапини тугатар-тугатмас халқ яна қарсак чалиб қўшиқ талаб қила бошлади. Шерали ака, кўпминг мухлислари ҳурмати, шундай касал аҳволда ҳам қўлига торини олиб, иккита қўшиқ ижро этди. Сўнгра яна бир карра узр сўраб, йиғилганларни кейинги концертларга келишга ундади ва албатта қўшиқлар айтиб бериш истаги борлиги ҳақида қисқача гапирди.
Концертга асосан Ш.Жўраев ижросидаги қўшиқларни тинглаш учун келган мухлислар бир оз афсус билан стадиондан чиқиб, уй-уйларига кета бошладилар.
(ДАВОМИ БОР).
Нобел мукофоти номзоди - миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг! 