Шуҳрат Аҳмаджонов: Шерали… (Китобдан боблар)
7. Ш. ЖЎРАЕВНИНГ 1989 ЙИЛ 1 ОКТЯБРДАГИ КОНЦЕРТИ…
Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ) раиси, бугунги кунда мухолифатдаги норасмий “Бирлик” халқ ҳаракати” партияси раиси Абдурахим Пўлатов ўзининг танқидий мақолаларида ёзишича, 1989 йил 1 октябр куни Тошкентдаги Халқлар Дўстлиги санъат саройида Ш.Жўраевнинг концерти бўлиб ўтган. Шу масалада А.Пўлатов бир неча мақолаларда Ш.Жўраевни танқид қилган. Ушбу бандда ўша 1989 йил воқеаларини ва концерт масаласини бир оз таҳлил этамиз.
Маълумки, БХҲ 1988 йил 11 ноябр куни ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан уйида 18 нафар зиёли йиғилиб, 11 кишилик Ташаббус гуруҳи тузилишидан бошланган эди. БХҲ ташкил топишининг қисқача тарихи, А.Пўлатовнинг таржимаи ҳоли, унинг БХҲга қандай раис бўлганлиги ва фаолиятига доир айрим маълумотлар каминанинг [4] китоби 1-қисмида ёзилган.
А.Пўлатов 1989 йил 1 октябр кунги концерт сабабли Ш.Жўраевни танқид қилиб ёзган [17]-мақоладан иқтибос келтирайлик.
“1988-89 йиллари ҳамма Совет жумҳуриятларида каби Ўзбекистонда ҳам миллий-демократик руҳдаги кучлар шакллана бошладилар. 1988 йилнинг ноябрида “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг Ташаббус Гуруҳи тузилди, 1989 нинг май ойида унинг Таъсис Қурултойи бўлди. Аввал Ташаббус Гуруҳининг, сўнгра Ҳаракат Марказий Кенгашининг раислигига сайландим.
“Бирлик”нинг ўртага отган шиорлардан бири, айни замонда асосийси – “Ўзбек тили давлат тили бўлсин” шиори эди. Бу – миллатнинг шу пайтгача очиқ айтолмаган орзуси эди. Ҳозироқ ўша вақтдаги реалликни билмайдиган авлод етишиб келмоқда. Реаллик шундан иборат эдики, 1977 йили Болтиқбўйи ва Кавказдан ташқаридаги Совет жумҳуриятларининг Конституцияларидан давлат тили ҳақидаги модда олиб ташланганди. Бу модда борлигида ҳам рус тилининг босими остида яшаган миллий тиллар, 1977дан кейин ҳуқуқий асосларидан айрилдилар. СССР Конституциясига кўра давлат тили рус тили бўлгани учун ўзбек тили расмий доиралардан четлатилди. Бундай шароитда, табиийки, рус тилини яхши билмаганлар давлат идораларида карьера қилолмасдилар. Буни тушунган “зукко” одамлар уйларида болаларининг тилини русчада чиқарабошладилар, болаларни русча боғча ва мактабларга бериш кескин ошди. Хуллас, тилимизни аста-секин ривожланадиган инқирозга маҳкум қилдилар.
“Бирлик” тузилган йиллари СССРда бутун ахборот воситалари давлатнинг қўлида, қонунчилик органлари қўғирчоқ ташкилотлар бўлишган. Миллатнинг талабини ўртага қўйишнинг бирдан бир йўли – оммавий митинглар ўтказиш эди. Бу аксима “Бирлик”нинг ихтироси эмас. Бу нарса дунёнинг тажрибасидан келиб чиққан бўлиб, бошқа жумҳуриятларда ҳам миллатлар шу йўлдан боришаётган эди.
“Бирлик” ҳам “Ўзбек тили давлат тили” шиорлари остида митинглар ўтказишга бошлади. Бу талабнинг халқ тарафидан бунчалик дастакланишини кутмаган ҳокимият даҳшатга тушди. Аммо Москванинг маҳаллий малайлари миллатнинг талабига қулоқ солишни эмас, уни алдашни уйлардилар. 1989 йилнинг баҳорида ҳамма матбуот органлари ҳукумат тарафидан тайёрланган ўзбек тилининг статуси (мақоми) ҳақидаги қонуннинг лойиҳасини эълон қилдилар. Унга кўра гўё ўзбек тили давлат тили, деб тан олинсада, лекин амалда ҳамма нарса рус тилиники бўлиб қолаверарди. Қонун Олий Советининг куздаги сессиясида қабул қилиниши ҳам маълум қилинди.
“Бирлик” ёз бўйи тайёрланиб, сентябр-октябр ойларининг ҳар якшанба куни Тошкентнинг Ленин (ҳозирги Мустақиллик) майдонида оммавий митинглар ўтказишга қарор қилди. Режамиз бўйича 10 сентябрдаги биринчи митингга 100 минг одам, сессия арафасидаги митингга 1 миллион одам тўплаш эди. Албатта, илк мақсадимиз ўзбек тили эди, аммо шу йўл билан жамиятни сиёсатлаштириб бориб мустақиллик учун курашга замин тайёрлаш мумкинлигини яхши тушунардик.” [17]
“Унинг биринчи ғалабаси – кейинчалик “Эрк” партиясининг раиси, аммо ўша замонда “Бирлик”нинг раҳбариятидаги Салай Мадаминовни осонликча сотиб олиши бўлди. Кейин Салайнинг атрофидаги ёзувчиларнинг “Бирлик” раҳбарияти ичидаги салмоғидан фойдаланган ҳукумат 1989 йил 10 сентябрга мўлжалланган митингни 24 сентябрга режалаштирдилар. Ҳукуматдагиларнинг фикрича, ичидан зарба олган “Бирлик”нинг митинггига кўп одам келмаслиги керакди. Аммо бу унчалик пухта тайёрланмаган митингга ҳам тахминан 10 минг одам келди. Ўша куниёқ кейинги митингнинг куни деб 1 октябр белгиланди.
Каримов ва ҳукумати энди таҳликага тушганди. Улар тезлик билан қарши чоралар кўрабошладилар. Уларнинг топшириғи билан Салай Мадаминов ва атрофидагилар “Бирлик” Низомига хилоф равишда 8 октябрга унинг Марказий Кенгаши мажлисини чақириб, у мажлисда мавжуд ҳукуматга қарши чиқаётган Абдурахим Пўлатовни раисликдан оламиз, деб эълон қилдилар, ҳеч ким митингларга чиқмасин, митинг қилиш кўча чангитишдан бошқа нарса бермайди, деб студентлар орасида пропаганда олиб бордилар.
Ҳукумат бошқа чоралар ҳам кўрди. Улардан бири …
Мана ниҳоят мақоламиз бош қаҳрамонининг “қаҳрамонлигига” етиб келдик. Шуни эслатиш керак, ўша замонда Шерали Жўраев студентлар орасида ўта популяр эди. Унинг концертларига билет олиш ҳамма ҳам муяссар бўлавермасди. Тилимизни давлат тили қиламиз, деб майдонларни тўлатаётганларнинг салмоқли қисми студентлар эканлигининг фарқига етган ҳукумат 1989 йил 1 октябр кундуз соат 12 да (митинг бошланиш вақти) Тошкентдаги Ленин номли Халқлар Дўстлиги саройида студентлар учун Шерали Жўраевнинг текин концертини уюштирди. 70 йил халқлар устида истаган ишини қилган коммунистик ҳукуматнинг цинизми балки тушунарлидир, аммо Шерали ҳеч нарсанинг фарқига бормайдиган гўдакмиди?…
Барибир митингни тўхтатолмадилар. Ўн минглаб кишиларнинг “Озодлик! Ҳуррият! Ўзбек тили – давлат тили!” деб хайқиришидан Тошкент кўчалари ларзага келди. Бу далғалар билан тахти ҳам ағдарилишига ақли етиб қолган Каримов дарҳол тил ҳақидаги қонуннинг янги, анча яхши лойиҳасини эълон қилишга мажбур бўлди. Шерали эса унинг назарига тушиб, дастурхонига яқинлаштирилди …” [17]
Ш.Жўраевнинг 1989 йил 1 октябр кунги концертидан деярли 19 йил вақт ўтди. А.Пўлатов БХҲ лидери сифатида Ш.Жўраевга нисбатан ўзи йўл қўйган хатосини тушунмай, ҳалигача ўз мақолаларида ҳофизни танқид қилиб келмоқда. Бу гап тасдиғига доир яна битта мисол келтирайлик.
“Кейин 1989 йил 1 октябр куни митинг ўтказдик. Ҳукумат ўша куни эрталабдан телевидение орқали ҳинд киноларини намойиш қилишига, талабалар учун Халқлар Дўстлиги саройида ўша вақтда ўта машҳур бўлган, аммо табиати билан мунофиқ Шерали Жўраевнинг текин концертини уюштиришига қарамасдан, митингга минглаб одам келди. Ўша куни кейинги митинглар 8 ва 15 октябрга тайинланди.” [21]
Камина БХҲ га 1988 йил ноябр охирида аъзо бўлиб, 1989-1990 йилларда БХҲ Тошкент шаҳар ташкилоти раисининг биринчи ўринбосари, Мирза Улуғбек туман ташкилотининг раиси бўлиб фаолият олиб борганди. Шу сабабли муаллиф БХҲнинг 1989 йил 19 март кунги дастлабки митинггида ҳам, 24 сентябр, 1 октябр, 8 октябр ва ундан кейинги митинглар ҳамда тадбирларда қатнашган эди. Мана шу воқеалар иштирокчиси сифатида камина А.Пўлатовнинг Ш.Жўраевга нисбатан танқидларини бир оз таҳлил этишни ўринли деб топди.
Камина А.Пўлатов ўз мақолаларида ҳофиз Ш.Жўраевга нисбатан ёзган танқидий фикрларига қўшилмайди. Бунинг бир неча асоси бор.
Биринчидан, Ш.Жўраев “Ўзбегим” қўшиғини 1968 йилдан бери халқимиз орасида ажойиб тарзда ижро этиб келмоқда. Бу қўшиқ ўзбек халқининг буюк тарихи борлиги, миллат ўзлигини англаши кераклиги ва мустақилликка эришишга даъват этувчи кучли қўшиқдир. Бу ҳақда 2.3-бандда ёзгандик. 1968-1989 йиллар давомида “Ўзбегим” қўшиғини эшитиб янги бир авлод вояга етди. Шу сабабли 1988 йил 11 ноябрида БХҲ Ташаббус гуруҳи тузилгач, БХҲга кўп ёшлар аъзо бўла бошладилар ва БХҲ тадбирларида фаол қатнашдилар. 1989 йилда БХҲ сафларида 1 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси қатнашганлигида Ш.Жўраев куйлаган “Ўзбегим” қўшиғининг ҳам каттагина ҳиссаси бор! Шу сабабли зиёлиларимиз, мухолифат раҳбарлари ва фаоллари, жумладан А.Пўлатов ўзбек халқини уйғотиш ва мустақиллик учун фаол ҳаракат қилишга даъват этувчи қўшиқ яратгани учун шоир Эркин Воҳидов ва ҳофиз Шерали Жўраевга миннатдорчилик билдирмоқлари керак!
Иккинчидан, камина фикрича, БХҲ раҳбарияти, жумладан унинг раиси А.Пўлатов 1989 йил 24 сентябр, 1, 8 ва 15 октябр кунги митингга таклиф қилиб, митинг қатнашчиларига қўшиқ айтиб беришни илтимос қилиши керак эди. Бунинг учун А.Пўлатов, яна бир-икки нафар БХҲ раҳбарлари ҳамда Ш.Жўраевни яқиндан билган “Бирлик” фаоли билан бирга ҳофизнинг уйига боришлари лозим эди. Бир пиёла чой устида 1970-йиллар бошида Високовольтний мавзесидаги уйлардан бирида бўлиб ўтган учрашув ва ҳофиз ижро этган қўшиқларни эслаб, ёшлик йилларини ёдга олиб, сўнгра Ш.Жўраевни Мустақиллик майдонидаги митингга таклиф этишса яхши бўларди.
Агар Ш.Жўраев Мустақиллик майдонига келиб, бир-иккита қўшиқ айтиб берса борми, кейинги митингга келувчилар сони ўз-ўзидан кескин ошиб, Тошкент шаҳри ва вилояти туманларидан ҳам, мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан ҳам минг-минглаб юртдошларимиз Тошкентдаги митингда қатнашиб, Ш.Жўраев қўшиқларидан ҳам завқ-шавқ олардилар. Хориж мамлакатларидаги митингларда машҳур хонандалар қўшиқлар айтгани кўпчилик билса керак. Шунда Тошкентдаги Мустақиллик майдонидаги митингчилар сони, А.Пўлатов орзу қилганидек, юз мингдан ошган бўларди.
Лекин ҳофизни ҳурмат қилиб, уни митингга таклиф этиш фикрига А.Пўлатов лидер сифатида фаҳми етмаган. Бунга режим раҳбариятидаги тўраларнинг фаҳм-фаросати етиб, Ш.Жўраевни Халқлар Дўстлиги санъат саройида концерт беришга таклиф этишган.
Тасаввур қилинг, А.Пўлатов уч-тўрт киши ҳамкорлигида Ш.Жўраев уйига бориб, митингда қўшиқ айтиб беришни таклиф қилишди, дейлик. Агар Ш.Жўраев Мустақиллик майдонига бориб қўшиқ айтиш таклифига рад жавобини берган тақдирда ҳам, у Халқлар Дўстлиги саройида 1 октябр куни митинг билан бир пайтда концерт беришга рози бўлмаслик эҳтимоли катта бўларди.
Ушбу банд охирида камина Абдурахим Пўлатовга нисбатан ўз фикрини ҳам айтмоқчи. Маълумки, А.Пўлатов Совет Иттифоқи даврида 1988 йилдан бошлаб, кейин 1991 йил 1 сентябридан Мустақил Ўзбекистон шароитида ҳам мамлакатимиздаги полициявий сиёсий режимга қарши ўз имкониятлари ва иқтидори доирасида курашиб келмоқда. Бу кураши учун камина уни ҳурмат қилади.
Охирги 20 йиллик кураши давомида А.Пўлатов Аллоҳнинг бир бандаси сифатида бир неча хатоларга йўл қўйди. Шундай хатолардан бири – бу улуғ ҳофиз Шерали Жўраевга нисбатан қилинди. Бунга доир камина ўз фикрини ушбу бандда баён этди ва сабабларини кўрсатиб ўтди. Умуман, мухолифатнинг Ш.Жўраевдек ҳофизларга, зиёлиларга муносабати қандай бўлиши кераклиги ҳақида 21-бандда ёзамиз.
(DAVOMi BOR).
Нобел мукофоти номзоди - миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг! 
Суббота, Март 15, 2008 at 6:29 пп
Бу китобдаги гаплар Ш. Аҳмаджоновнинг шахсий қарашлари сифатида чоп этилмоқда. Айниқса Эркин Воҳидов масаласида кўпгина демократлар унинг қарашларига қўшилмайдилар ва Эркин Воҳидовни миллат севгисини сотиб, зулмга хизмат қилган одам деб ҳисоблайдилар.