Шайтоннинг одамга айланиши

troneuz.jpgДунёда 6 миллиард одам яшаса, уларни бирортасининг феъл-атвори бошқасиникига ўхшамас экан. Инсонни барча жонзодлар сарвари қилиб яратган Худо ўзига ҳамду сано ўқиш учунгина унга тил-забон ато қилди. Лекин одамзод шаккоклик қилди, Худони унутиб, атеист бўлиб олди, тилини шайтоний нафс йўлига бурди. Ана ўшандан кейин унинг бошига турли бало-ю офатлар ёғила бошлади. Энди бандасининг ўзи инсофга келиб, тавба қилмаса, шу тил уни хароб қилади.

Тўтиқуш бир ярим асргача умр кўради. Олимларнинг тадқиқотларига кўра тўтиқушларнинг узоқ яшашига сабаб уларнинг асаб тизими билан боғлиқ. Чунки тўтиқушда шартли рефлексдан бўлак ҳеч вақо бўлмайди. Одам барча жониворларни гапиртиришга уриниб кўрди, лекин улардан фақат тўтиқушга тўртта сўзни ўргатишни эплади. Уинстон Черчилл аллақачон дунёни тарк этган бўлса-да, унинг 104 ёшни уриб қўйган севимли тўтиси ҳали ҳам тирик ва ҳозиргача Англия бош вазирининг овозига тақли қилиб Гитлерни уят сўзлар билан сўкади.

Одамзоднинг тўтиқушга ўхшаган тоифаси кўчада эшитганини ўзиники қилиб гапиради, узоқ яшайди, гапирган гапининг оқибатини ўйламайди. Тўти-одам ҳамма вақт навбатчи сўзлар билан ишлайди, жамиятда об-ҳаво қилишга уринади, ўз манфаатига мос келадиган тўдага хизмат қилади. У тўданинг буюртмаси билан бугун бировни мақтаса, эртасига унинг бетига балчиқ чаплаши мумкин. Бундай одамлар иккиюзламачи жамиятда кўпаяди ва шайтоний эҳтирос уларнинг яшаш тарзига айланади.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳозирги пайтда ҳар бир хонадонга кириб борган бир кўзли дажжол-телевизор ва тобора ривожланаётган халқаро ўргимчак-интернет туфайли одамларнинг мия ҳажми кичрайиб бораётган эмиш. Агар аҳвол шу тарзда давом этадиган бўлса, келажакда одамзодни телевизор ва интернет орқали бошқариш ҳам мумкин бўлиб қоларкан. Негаки, хунаса сериаллар, текин ва сийқа ахборотлар, ёлғон-яшиқ ва беҳаё рекламалар билан тўйинтирилган мия тафаккур қилишдан тўхтайди, текинхўрликка ўрганади. Хиёбон газеталари содда одамларни мағзава олди-қочдилар билан боқади, фикрлашга ўрин қолдирмайдиган даражада ақлни ўтмаслаштиришга хизмат қилади. Китоб ўқимай қўйган оломон шу тил билан гапира бошлайди, ҳаётни шу кўз билан идрок қилади. Бу оломонга гап уқтириб бўлмайди, қанчалик асосли фикр бўлмасин, у ўжарлик билан ўз дунёқарашини маъқуллаб тураверади. Улар декабристлар қўзғолони декабр ойи бўлганлиги учун барбод қилинган, октябр инқилоби октябрятлар томонидан амалга оширилган, деб ҳисоблайди.

Эрамиздан олдинги 270 йилда Рим Карфаген билан уруш мақомида турган пайтда император Клавдий жанг қилишга лаёқатли эркакларга уйланишни ман қилади. Ёш руҳоний Валентин бунга итоат қилмай, яширинча тарзда йигит-қизларни никоҳдан ўтказганлиги учун қатл қилинади. Хиёбон матбуоти авлиё Валентин куни, севишганлар куни ҳақида тўтиқушлар каби жар солади, лекин Бобур қачон туғилган, у Ватанимиз тарихида қандай рол ўйнаган, бу ҳақда гапиришни хуш кўрмайди. Валентин куни қачон нишонланиши ҳақида сўрасангиз, ўргатилган тўтиқушдек дарҳол айтиб беради.

Одил суд ҳукми билан Альберт Нобел томонидан яратилган ўлим курсисига тортилган маҳбус танасига 6 киловатт миқдорида электр қуввати юборилганида у тил тортмай ўлган. Сталин даврида эса одам танасига 50 вольт миқдорида электр токи юбориладиган қийноқ курсиси яратилган. Унга тушган маҳбус ўлмаган, лекин қийноқ азобидан бўйнига қўйилган ҳар қандай айбни тан олиб, сайраб юбораверган. Ҳозирги муҳитда қийноқ электрокурсиси бир кўзли дажжол ва халқаро ўргимчак оромкурсиси билан алмаштирилган бўлса-да, амалда ўз моҳиятини йўқотгани йўқ, ҳар икки ҳолатда ҳам бу ҳолат одамни тўтиқушдек сайратиб юборади.

Ҳаётда ёлғон, касофат ёлғон ва статистика бор, деб ёзган эди буюк адиб Марк Твен. Умуминсоний қадриятларни тан олмаган муҳит мажруҳ дунёқарашни юзага келтиради. Лас Вегасда бирорта жангда енгилмаган бокс қироллари-америкалик Флойд Жуния Мейвейзер ҳамда англиялик Рикке Ҳаттон билан бўлган қўл жанги томошасига кириш чиптаси 10 минг долларгача кўтарилган бўлсада, бокс саройида оёқ қўйишга жой қолмади. Унга Голливуднинг таниқли актёрлари Бред Питтдан тортиб Анжелина Жолигача, Оскар делла Хойядан тортиб Брюс Уиллисгача ва барча бокс қироллари ташриф буюришди. Чунки икки рақиб бир-бирининг калласига муштлаб, пўласини чиқаришидан ваҳшийларча лаззатланиш каби шайтоний эҳтирос азалдан оломоннинг қонида бор.

Ҳайвонларнинг кўз қараши ҳар хил бўлади. Мушук бошдан оёққа, ит оёқдан бошга қарайди. Тўнғиз эса одамнинг кўзига қарайди. Инсон итни оёққа, мушукни қўлга ўргатди. Лекин уларни тўтиқушдек гапиртиролмади. Шунга ҳам шукур қилди. Бечора тўнғиз шайтон мендан қочади, деган хаёл билан одамни шайтон фаҳмлаб, кўзига тик боқди ва унинг қочиб қолишини кутди, лекин одам шайтон эмаски, битта чўчқадан қўрқиб ўтирса. У шайтоний эҳтирос талвасасида шартта милтиқни олиб ўз гапига кирмаган, кўзига тик қараган чўчқани отиб, кабоб қилиб юборди.

Тўтиқушни гапиришга ўргатган одам бошқа жониворлар билан тиллашиш бефойдалигидан уларга беҳуда вақтини сарфлаб, пачакилашиб ўтирмади. Ҳаёти шартли рефлексдан иборат тўтиқушнинг яшаш тарзи унга маъқул келганлиги боис у шу йўлни танлади ва ўзини бахтиёр ҳис қилди. Чунки эркин тафаккур эҳтиёжи қолмаган муҳитда тилини шайтоний нафс йўлига бурган одамзод ҳаёт мазмунини ўз манфаатига мос келадиган тўдага хизмат қилишда, деб ҳисоблайди.

Кейин у бошқа одамларни тўтиқушликка ўргатди.

Ана энди, ўзингиз ўзингизга овоз чиқармасдан астагина айтинг - ўзимининг жамиятдаги зиёлиларини тўтиқушга айлантирган одамнинг одамлиги қолдими ёки унинг қиёфасига кирган шайтоннинг шайтонлиги қолдими?

Н. Самарқандий.

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.