Шуҳрат Аҳмаджонов׃ Шерали…(Китобдан боблар)

8. Ш. ЖЎРАЕВНИНГ 1980-1989 ЙИЛЛАРДАГИ ФАОЛИЯТИГА ДОИР АЙРИМ МАЪЛУМОТЛАР

Ушбу воқеа 1985 йилда бўлиб, у ҳақда каминага 1994 йилда бир киши гапириб берган эди.

Муаллиф 1994-1997 йилларда Ўзбекистондан Россияга вагонда бир неча қутида помидор, олма, узум ҳамда қовун олиб бориб, сотиб тирикчилик қилганди. Шу йўл билан ишлаб топган пулининг бир қисмини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, мамлакатимизда демократия учун курашга сарф қилганди.

1994 йил ёзида Тольятти шаҳридан Самара шаҳри орқали поездда қайтиб келаётиб, Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри вокзалида тушди. Мақсад – улуғ шоир боболаримиздан бири Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилиш эди. Мақбара Туркия усталари томонидан таъмирланаётган экан.

Камина мақбарага кириб, А.Яссавий қабри олдида тиловат қилди. Сўнгра мақбарани, унинг яқинидаги эски ҳаммом хоналарини кўриб чиқаётганида тарихий комплекснинг раҳбарларидан бири (камина адашмаса, директор ўринбосари, фамилияси ва исми эсда қолмаган) билан суҳбатлашиб қолди. Нима бўлди-ю, суҳбат Ш.Жўраев мавзусига ўтди.

У 1985 йилда (у айтган сана камина эсида қолмаган) Ш.Жўраев билан бўлган учрашувлари ҳақида гапириб берди.

Маълумки, Ш.Жўраев 1968 йилдаги қаттиқ қиш кунларида шамоллаб, касал бўлиб қолганди ([13]-га қаранг). Шу сабабданми, у кўп йиллар давомида фарзандли бўла олмади. Ш.Жўраев 1970-80-йиллардаёқ номозхон банда сифатида ҳам, зиёли фуқаро сифатида ҳам улуғ инсонлар дафн этилган кўпгина тарихий жойларга бориб зиёрат қилди. У 1985 йилда Туркистондаги А.Яссавий мақбарасига ҳам зиёрат қилгани борганди.

Ш.Жўраев дастлабки марта борганида А.Яссавий тарихий ёдгорлиги раҳбарларидан бири, унинг қўшиқлари мухлиси бўлмиш киши билан суҳбатлашиб қолган. Шерали ака фарзанди йўқлиги, фарзанд кўриш орзуси борлиги ҳақида ҳам айтган. У киши Ш.Жўраевга далда бериб яхши гапларни гапирган. Шерали ака миннатдорчилик билдириб, хайрлашиб жўнаб кетган.

Ўша раҳбар киши муаллиф билан 1994 йилдаги учрашув пайтида ўз хотираларини қуйидаги гаплар билан давом эттиргани камина эсида қолган. “Бир кун кечқурун мана шу эшикни қулфлаётсам (1986 йилда, у ёдгорликнинг темир панжарали эшигини кўрсатиб гапирди), бир киши орқамдан келиб қучоқлаб олди. Бурилиб қарасам – Шерали Жўраев! У жуда хурсанд кайфиятда! Салом-аликдан кейин сўрасам, у: “Табриклашингиз мумкин, ўғилчалик бўлдим …” деди кулиб. У киши Шерали ака билан дилдан суҳбатлашган. Шерали ака А.Яссавий бобомиз мақбарасини зиёрат қилиб, камина адашмаса эртаси куни Тошкентга қайтган.

Камина ушбу кўнгли очиқ, Шерали ака қўшиқлари мухлиси билан бир соатлар суҳбатлашиб, кейин хайрлашиб, Туркистон вокзалига борди ва поездда Тошкентга жўнаб кетди.

Совет Иттифоқидаги тоталитар тизим даврида Шерали Жўраев ва Дадахон Ҳасандек ҳофизларнинг концерт залларида қўшиқлар айтишларига иложи борича кам имконият берилди ва улар у ёки бу даражада тазйиқ остига олиндилар.

Ш.Жўраевнинг “Ҳайкал қошида” қўшиғи Ўзбекистон халқ артисти раҳматли Ботир Зокиров таклифи билан яратилганди. Бу ҳақда Ш.Жўраев қуйидагиларни журналистга гапириб берган. Афсуски, мақолада йили аниқ ёзилмаган.

“Яхши савол бердингиз. Сабаби яна бир улуғ инсон, зўр санъаткор Ботир Зокиров эсланадиган бўлди. У киши ажойиб инсон эдилар. Шеъриятни қадрлайдиган, нозик қалб эгаси эдилар. Термизда концертда эдик. Меҳмонхонада бирга туриб қолдик. Концертдан сўнг кечаси уч-тўртларгача шеърият, санъат ҳақида суҳбат қилдик. У киши “урушдан қайтмаган ўғлини кутаётган муштипар оналаримиз ҳақида бир қўшиқ қилиш керак-да, Шерали”, деб қолдилар ва қанақа мазмунда бўлиши кераклигини ҳам айтдилар. Мен кечаси билан ухламай шеърни ёзиб, басталаб, эртаси куни Ботир акага айтиб бердим. Ботир ака мени қучоқлаб узоқ йиғладилар. Қўшиқ (“Ҳайкал қошида” номли, А.Ш.) кўпчиликка манзур бўлди. Ҳалиям севиб ижро қиламан.” [14, 8-б.]

Халқимиз фарзанди раҳматли Ботир Зокиров ҳақида қўшимча маълумот бериб ўтсак.

“Ботир Зокиров (1936.26.04, Москва – 1985.23.1, Тошкент) – хонанда (лирик-драматик тенор), актёр, рассом. Ўзбек замонавий профессионал эстрада қўшиқчи (ижрочи)лигининг асосчиси. Тошкент давлат консерваториясининг вокал факультети (1952-1957), Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик факультети (1958-1962)да таълим олган, “Ёшлик” ансабли (1957), Ўзбек давлат эстрада оркестри (1958-70) яккахон хонандаси, Тошкент мюзикхоллининг ташкилотчиси, яккахони ва бадиий раҳбари (1972-1978). 1978 йилдан “Ўзбекконцерт”нинг яккахон хонандаси …” [5, 4-ж., 28-б.]

Камина 2008 йил 16 март куни [26]-китобни яна бир марта қараб чиқаётиб, «Ҳайкал қошида» шеърининг охирида «1975» ёзуви борлигини кўрди, яъни шеър 1975 йилда ёзилган экан. Китобнинг кейинги нашрида шеърнинг юқорида ёзилган тафсилоти 7-бандда келтирилади. Бир кечада тайёрланган ушбу қўшиқ матнини ҳам келтириб ўтсак.

Она турар, қўлда гулдаста,

Қурол тутган ҳайкал қошида.

У томонга боқарди аста,

Хасталанган кўзда ёш ила.

Гўё она сўзларди унга,

У ҳам қулоқ солар эди жим:
«Айтгил, болам, сени бу ерда

Ушлаб қолган шунча йил у ким?»

Нега бунча йўлга қаратдинг,

Наҳот онанг унутган бўлсанг?»

Ҳайкал эса бошин кўтариб,

Мағрур боқди онаизор томон:

«Онажоним, оқ сутинг ҳаққи,

Айтганингни мен бажо қилдим.

Юртим учун керак бўлганда

Айтганингдек, жон фидо қилдим.

Кечир мени, азиз онажон,

Кечикканим боиси шудир.

Энди, она, бошингни кўтар,
Ахир бугун ғалаба кундир». [26, 40-б.]

М.С.Горбачев 1985 йилда Совет Иттифоқи раҳбари (КПСС МҚ сининг Бош котиби) этиб сайлангач, мамлакатда ошкоралик ва қайта қуриш эълон қилинди. Натижада Ўзбекистонда ҳам дастлабки демократия шабодалари эса бошлади. Шерали Жўраевга Ўзбекистонда ва хориж мамлакатларида концертлар беришга, Ўзбекистон радио ва телевидениесида чиқишига бир оз имкониятлар яратилди. Унга 1987 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони берилди.

Эҳтимол, бунга Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбариятига шоир Эркин Воҳидовнинг “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” шеърига Шерали Жўраев басталаган қўшиқ маъқул келганлиги бир неча сабаблардан бири бўлгандир. Ҳар ҳолда бу қўшиқ ўша йилларда деярли ҳар кун радиода ва баъзан телевизорда янграрди …

Айтишларича, бу қўшиқ ҳам ўзининг қизиқарли тарихига эга экан.

“Ҳаётий мисол: Тошкентдаги тўйлардан бирида шоир Э.Воҳидов ҳофизга: “Шерали, юринг, чой қуйиб бераман”, - деганида, ҳофиз: - Мен ижод қилмай қўйган одам билан чой ичмай қўйганман, дебдилар, ярим ҳазил-ярим чин маънода. Шу гап таъсир қилибми, сал ўтмай, шоир “Яхшидир аччиқ ҳақиқат …” дея бошланувчи ғазални унга келтирибдилар. Ҳофиз куй басталаб яхши қўшиқ яратибди.” [29, 41-сон, 5-б.]

Шерали Жўраев 1990 йилгача Венгрия, Руминия, Сурия, Америка Қўшма Штатлари, Канада, Мексика, Миср ва Кубада бўлиб, концертлар берди [30]. Шунингдек у 1989 йил декабрида 127-сонли Бобур номли сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига депутат этиб сайланди [31]. Унинг ҳаётида янги босқич бошланди.

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.