Ерга чигит тушганмиш

Анварбек, “Туронзамин” учун махсус
Электрон оммавий ахборот воситаларининг бирида нашр этилган ушбу хабар мени ўйлантириб қўйди. Кўз очиб юмгунча яна пахта мавсуми бошланади. Ўқувчилар 10-15 кун таълим олишга улгиришади холос.Кейин далага.

“Пахта термайман”-деб эътироз билдирувчи ўқувчининг “муруввати”ни яхшилаб бурашади, яъни чоралик баҳоларнинг салбий бўлишига ишора қилишади. Бу ҳолатлар ўрта ҳол ёки камбағал оила фарзандларига нисбатан ишлатиладиган ва ҳеч қачон панд бермайдиган чорадир. Ўзига тўқ, пулини нимага сарфлашни билмайдиган, юзлари ҳамиша мойлаб қўйилгандек йилтираб турувчи бойвачча зодагонларнинг фарзандларига нисбатан бу чора қўлланилмайди. Ушбу зодагонларнинг фарзандлари ҳоҳласа пахтага боради, ҳоҳласа йўқ. Ҳоҳласа ўқийди, ҳоҳласа умуман китоб ушламайди.

Қандай йўл тутишларидан қаттий назар имтиёзли аттестат билан билим даргоҳини тарк этишади. Оддий халқ фарзандалари эса бойваччаларнинг фарзадлари учун ҳам пахта теришади. Қўлларини чаноқлар тилиб, белларини букиб минг азоблар билан “оқ олтин” теришади. Лекин барча ҳашарчилар тушунишадики ушбу “оқ олтин” ҳақиқий олтинга айланганда уларга улуш тегмайди. Ўлмасликлари учун томоқларига бир икки томчи сув томизиб қўйишади холос. (Амалдорлар уларни ўлиб қолишлишини исташмайди. Ахир келгуси йил ҳашарда ишлатиш учун ҳам қуллар керакда.)

Балким…

Балким бу йил амалдорлар ҳар йилги ҳолатни такрорланмаслар, яъни ўқувчиларни умуман пахта далаларига чиқарилмаслар. Ахир TESKO каби йирик ғарб ширкатлари ўзбек пахтасини болалар кўз ёши билан йиғиб олинганлиги учун бойкот қилишди-ку! Бу эса олчоқ ва лўттибозлар бошқарув тизимига қаттиқ зарба бўлди ва Каримовнинг Лондон шаҳрида ўтирган фавқулодда ва мухтор элчиси:

-Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилмайди,-деб баёнот берди. Балким шу ҳолатлар натижаси ўлароқ 2008-йил пахта мавсумида ўқувчилар пахта далаларига қувғин қилинмаса керак. Шу хаёллар билан бўлиб, кўзимларимни юмиб ўсмирлардан ҳоли ўзбек пахта даласини кўз олдимга келтиришга уриниб кўраман.

Йўқ. Бундай ҳолатни ҳаттоки тасаввур этиб ҳам бўлмас экан. Дўппини ерга қўйиб ўйлаб кўрадиган бўлсак, қишлоқ жойларда энг йирик муаммолардан бири – техника етишмаслигидир. Совет даврида ишлаб чиқарилган пахта териш машиналари 10 кун тузук ишласа 15 кун ремонтда ётади. Мустаҳкам қуллик даври бошлангандан сўнг чет элдан олиб келинган замонавий пахта териш машиналари хусусийлаштирилиб зодагонлар ихтиёрига топширилган.

Шунақанги вазият ҳукумронлик қилаётган бир пайтда мактаб ўқувчиларни пахта далаларига чиқмаслиги жаҳолат мулкининг жаҳонгирини катта даромаддан маҳрум қилади. Шунинг учун “ПАХТА-2008” мавсумида ҳам қорни ақали нонга тўймайдиган шўрпешона ўзбек боласи минг азоблар билан “оқ олтин” теришга мажбур. 28 миллион маҳбуси бўлган улкан жазони ижро этиш муассасасида бу каби ҳолат – табий ҳолат саналади.

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.