Шуҳрат Аҳмаджонов׃ Шерали Жўраев…

10.3. Ш. ЖЎРАЕВГА ҚАРШИ 1993 ЙИЛДА УЮШТИРИЛГАН МИШ-МИШ ТАРИХИ

Ш.Жўраевга қарши 1993 йилда уюштирилган миш-миш “Рустамбанк” раҳбари Рустам Усмоновга қарши очилган жиноий иш билан боғлиқ эди. Шу сабабли Р.Усмонов ва у билан боғлиқ айрим воқеалар ҳақида қисқача ёзайлик.

Р.Усмонов (1948 йилда Қирғизистон Республикаси, Ўш вилоятида туғилган) 1991 йил декабрида Андижон вилояти, Советобод (ҳозирги Нуробод) туманидаги “Дўстлик” колхози раиси, Советобод шаҳар кенгаши депутати эди. Маълумки, 1991 йил 29 декабр кунига Ўзбекистонда биринчи марта икки мухолиф номзод – ЎзР Президенти, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ўша пайтдаги раиси Ислом Каримов ва Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси (ЭДП) раиси Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) ўртасида Президентлик сайловлари белгиланган эди.

Сайловга яқин қолганида “Правда Востока” газетасининг 1991 йил 18 декабр сонида Р.Усмоновнинг [42]-кичик мақоласи чоп этилди. У ўз мақоласида 1991 йил 29 ноябр куни ЭДП марказига (Тошкент шаҳри, Ҳамза (ҳозирги Паҳлавон Махмуд) кўчаси, 58-уй, ҳозир бу уйда ЎзР Бош прокуратураси жойлашган) келгани, ЭДП Тошкент шаҳар ташкилоти 1-котиби, профессор Шоди Каримов билан учрашгани, ЭДПнинг уч нафар раҳбари билан суҳбатлашгани ва айрим камчиликлар сабабли хафа бўлгани ҳақида ёзган эди. У мақоласини қуйидаги сўзлар билан тугатганди (рус тилидан ўзбек тилига камина ўгирган).

“Менинг кайфиятим бирданига бузилди. Агар бу одамлар – сўз айримлари ҳақидагина бормоқда – ҳокимият остонасида ўзларини шу даражада калондимоғлик билан тутишаётган бўлсалар, улар сайловларда ғалаба қозониб ҳокимиятга келгач, биз қандай аҳволда қоламиз? Ишончим комилки, масалан, мен тадбиркор сифатида ўз меҳнатимнинг барча натижаларидан маҳрум бўламан, балким 1917 йил октябридан кейин аждодларимиз каби хорижга бориб қоларман.

Йўқ, мен бундай қисматни хоҳламайман.

Гарчи менга И.Каримов фаолиятининг айрим жиҳатлари ёқмасада, мен унга овоз бераман. Ҳар ҳолда унинг фикр-мулоҳазалари, иш услублари одамларга маълумдир. Унинг фаолиятини башорат қилиш мумкин.

Келинглар, таваккал қилмайлик. Ўз овозларимизни Ислом Каримовга берайлик. Унга бозорга ўтишда янада дадилроқ иш қилишини тилайлик.” [42]

Таъкидлаш лозимки, Р.Усмонов ўз вақтида Тошкент Халқ хўжалиги институти (ҳозирги Иқтисодиёт университети) талабаси бўлган ва талаба сифатида проф.Ш.Каримовга имтиҳон топширган. Ш.Каримов собиқ талабаси мақоласини ўқиб хафа бўлди ва ўзбек тилида жавоб хатини ёзиб, каминадан рус тилига таржима қилиб беришни сўради. Камина уни таржима қилди. Ш.Каримовнинг жавоб мақоласи “Правда Востока” газетасининг 1992 йил январь-февраль сонларидан бирида чоп этилди. Р.Усмонов ўз мақоласида фақат Ш.Каримов фамилиясини ёзиб, ўз устозини ноҳақ танқид қилганди. Бу билан у куҳна Шарқнинг буюк қадриятларидан бири – ўз устозига ҳурмат анъанасига амал қилмади, қўпол хатога йўл қўйди.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида асосан И.Каримов номзоди учун ташвиқот олиб борилиши, Р.Усмоновдек лаганбардорларнинг ғаразли, нохолис мақолалари, сайлов куни сайлов қонунларининг қўпол равишда бузилиши туфайли 1991 йил 29 декабр кунги сайловларда Тошкентдаги рус забонли аҳоли асосан И.Каримов учун овоз берди. Табиийки, бундай тенг шароитлар яратилмаган сайловда И.Каримов ғолиб келди.

Президентлик сайловларида хушомадгўйлик, лаганбардорлик қилгани учун авторитар сиёсий режим раҳбарияти Р.Усмоновга сайловдан кейин “Рустамбанк” номли хусусий тижорат банкини очишига барча шароитларни яратиб берди. (Таққослаш учун: Ўзбекистонда “Алимбанк” номли иккинчи хусусий банк 1994 йил май ойида Самарқанд вилояти Ургут туманида очилди [31, 1-ж., 238-б.])

Лекин авторитар, полициявий режим учун доимий дўстлар йўқ, қонунларга амал қилмайди, балки режим учун муҳимроқ бўлган манфаатлар устивордир. Р.Усмоновнинг кейинги тақдири, унга қарши жиноий ишнинг очилиши “Ватан Тараққиёти” партияси фаолияти билан боғлиқдир.

1992 йил бошида Президент И.Каримов ўз маърузаларидан бирида Ўзбекистонда ишбилармонлар партиясини тузишни таклиф қилди. Бу таклифга шоир Усмон Азим ўз хайрихоҳлигини билдириб, шу партияни тузишга киришди. (У.Азим 1988 йил 11 ноябр куни ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан уйида “Бирлик” халқ ҳаракатига асос солган 18 кишидан биридир, 11 кишилик Ташаббус гуруҳи сафида бўлган эди.)

“Ватан Тараққиёти” партияси (ВТП)ни молиявий жиҳатдан у ёки бу даражада таъминлашни “Рустамбанк” раҳбари Р.Усмонов ўз зиммасига олди. Натижада 1992 йил 24 май куни Тошкентда ВТПнинг таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Унда У.Азим партия раиси, Р.Усмонов эса партия Марказий кенгаши Президиуми аъзоси этиб сайланди. ВТП ЎзР Адлия вазирлигида 1992 йил 10 июл куни рўйхатга олинди ва партия раҳбарларига 224-сонли гувоҳнома топширилди [43, 159-б.].

1993 йил март ойида ВТП Жиззах вилоят ташкилоти раиси этиб ЎзР Олий Мажлисининг 1989-1994 йиллардаги депутати Мели Қобилов (1943.20.05) сайланди. У 1992 йил март ойида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилоят ташкилоти раиси этиб сайланган эди ва бу соҳада ҳам яхши фаолият олиб борди. М.Қобилов ва унинг сафдошлари фаол ҳаракат олиб боришлари натижасида қисқа вақтда ВТПнинг Жиззах вилоят ташкилотидаги аъзолар сони 200 нафардан 5000 га етди. Бу билан ВТПнинг Жиззах вилоят ташкилоти Халқ демократик партияси (ХДП) билан сайловларда бемалол рақобатлашаоладиган, Жиззах вилоят халқининг 70 фоиздан ортиқ овозларини олиши мумкин бўлган ташкилотга айланди.

Ўзбекистон кучишлатар органлари ВТП Жиззах вилоят ташкилотидаги воқеалар туфайли ВТП раҳбарларидан айримларига қарши жиноий иш очиш учун материал (копромат) тўплашга киришдилар. Бу билан ВТПнинг Жиззах вилоят ташкилотига ВТП раҳбарлари орқали босим қилмоқчи бўлдилар. Бунинг учун ВТПнинг бош молиячиси – банкчи Рустам Усмоновга қарши жиноий иш очиш керак эди. Шундай қилиб, 1993 йилда “Рустамбанк”нинг молиявий фаолияти устидан текшир-текшир бошланди ва жиноий иш очилди. (Камина ўзининг [44]-мақоласида Р.Усмоновга қарши жиноий иш 1994 йилда очилган, деб ёзган эди. Ушбу китобни ёзиш давомида воқеалар кетма-кетлигини тиклаш орқали маълум бўлдики, унинг устидан жиноий иш 1993 йилда очилганди.)
М.Қобиловнинг кейинги тақдири ҳақида қисқача маълумот. 1994 йил 25 декабр куни ЎзР Олий Мажлисига сайловлар белгиланганди. М.Қобилов ва унинг сафдошларини Олий Мажлисга ва Жиззах вилоят Кенгашига депутат этиб сайланишларига йўл қўймаслик учун 1994 йил 27 октябрь куни М.Қобиловни ўз иш кабинетида Жиззах вилоят прокуратураси ходимлари ҳибсга олдилар. Унга қарши ЎзР Жиноят кодексининг 8 моддаси бўйича айблов эълон қилинди.

Суд 1995 йил 1 августдан 1996 йил 12 февралгача давом этди. Оқибатда туҳмат айбловлар билан М.Қобилов 8 йил муддатга қамаб юборилди. У 8 йил қамоқда ўтириб, 2002 йил 8 октябр куни озодликка чиқди. У шу кунларда – 2008 йил февралида Жиззах шаҳри, “Кўтарма” маҳалласи, Гавҳар тор кўчаси, 5-уйда яшамоқда [44].
Рустам Усмоновнинг кейинги тақдири ҳақида икки оғиз сўз. Муаллиф эслашича, 1993 йилда Р.Усмоновни кучишлатар орган ходимлари ҳибсга олгандилар. Лекин бир неча кун ўтгач, ундан кетиб қолмаслик ҳақидаги тилхат олиб, озодликка чиқаришганди. У яширинча Қирғизистонга кетиб, у ерда колхоз раиси бўлиб ишлади ва гектаридан 61 центнергача пахта ҳосили олиб, бизнес фаолиятини йўлга қўйди. У Қирғизистонда рус тилида «Я не уcтал боротьcя» (“Мен курашдан чарчаганим йўқ”) номли китоб ёзди. Лекин Р.Усмонов 1998 йил февралида қўпол хатога йўл қўйди: ўз оила аъзоларини кўриш учун Тошкентга келганида кучишлатар орган ходимлари уни ҳибсга олдилар. Кейинроқ Андижон вилоят суди уни 14 йилга қамаш ҳақида ҳукм чиқарди. У аввал Тошкент вилояти Зангиота туманидаги қамоқхонада, 2006 йил декабридан бугунги кунгача, яъни 2008 йил февралида Қашқадарё вилояти Шайхали қўрғони яқинидаги 64/49-сонли қамоқхонада ўз жазо муддатини ўтамоқда (муаллиф бу ҳақда бугун - 2008 йил 12 феврал куни Р.Усмоновнинг куёви билан телефон орқали гаплашди). Ўзбекистон Президенти И.Каримов ва Олий Мажлис Сенати 1998-2007 йиллар давомида бир неча марта Авф этиш ҳақидаги қарорлар чиқардилар. Лекин Р.Усмонов 1991 йилда қўллаб-қувватлаган ва бошқа фуқароларни ҳам шунга даъват этган полициявий режим амалдорлари унинг жазо муддатини бирор марта камайтиришгани йўқ. Ҳар сафар унга “қамоқхона ички тартибини бузганлик” айбини қўйиб, Авф этиш ҳақидаги қарорни қўлламаслик йўлини қилмоқдалар.

Эътибор беринг: Р.Усмонов ўзининг [42]-мақоласида “Эрк” демократик партияси раҳбарлари 1991 йил 29 декабрдаги Президентлик сайловларида ғалаба қозонса хорижга кетишга мажбур бўлиши ёки қамалиши мумкинлиги ҳақида башорат қилган эди. Аслидачи, у лаганбардорлик қилиб, сайловда овоз беришга чақирган Президент И.Каримов раҳбарлигидаги Ўзбекистон кучишлатар органлар уни шу аҳволга солишди, улар унга қарши жиноят иши очиб, уни 14 йилга қамашди. Мана деярли 10 йилдирки у ҳамон қамоқхонада ўтирибди. Режим ҳатто авф этишга ҳам йўл бермаётир!
Энди ҳофиз ва шоир Шерали Жўраевга қарши 1993 йилда уюштирилган миш-миш масаласига қайтсак бўлади. 1993 йил ёзида камина Тошкент Бош қурилиш бошқармасига қарашли 4 қаватли ётоқхонада (Тошкент шаҳри, Пушкин кўчаси, -уй, ҳозир – 2008 йил 13 февралида бу бинода Тошкент шаҳар Мирза Улуғбек туманлараро Фуқаролик суди жойлашган) кундузи қурилишда ишлаб, кечқурун Тошкент Техника университети кечки факультетида ўқиётган талабалар билан суҳбатлашаётганди. Суҳбат давомида камина мавжуд режим Шерали Жўраев концерт ўтказишига рухсат қилмаётгани, телевидениеда чиқишига йўл бермаётгани ҳақида ҳам гапирди. Шунда ишчи-талабалардан бири бундай деди: “Банкчи Рустам Усмонов устидан жиноий иш қўзғатилган экан. Шерали Жўраевнинг Р.Усмонов билан алоқалари бор экан. Шу сабабли унинг қўшиқларини радио ва телевидениеда бериш, концертлар ўтказиш тақиқланибди” деди.

Муаллиф у йигитдан бу гапни қаердан олгани ҳақида сўради. Ишчи-талаба йигит бировдан эшитганини айтди. Камина бундай деди: “Бирорта атоқли, машҳур, улуғ шахс ёки давлат раҳбари ҳақида уни бадном этувчи, обрўйини тушурувчи, манфий гапларни қариндошлар, таниш-билишлар, бировлардан эшитганда албатта бу ахборот манбасини сўранг. Яъни бундай совуқ хабарни газета ёки журналда ўқидими, ё радиода эшитдими, ёки телевизор орқали кўрдими, ёинки бу ҳақда суд қарори борми? Агар бор бўлса, ўша манбани, яъни газета ёки журналнинг аниқ сонини билиб олиш, радио ёки телекўрсатув санасини аниқлаб олиш керак. Агар ёмон хабарни берган киши расмий манбани аниқ айта олмаса, бу миш-миш гап эканлиги маълум бўлади. Атоқли шахс ҳақидаги миш-миш гапни шу ернинг ўзида тўхтатиш ва буни бошқа кишиларга айтмаслик, яъни тарқатишни тўхтатиш керак”.

Муаллиф атоқли шахслар ҳақида миш-миш гапларни эшитганда шу гапни айтаётган фуқародан нимага асосланиб айтаётганини, манбасини сўрайди. Агар у манбани айта олмаса, бу миш-миш гап эканлигини таъкидлаб, уни тарқатишни тўхтатишни сўрайди. Бундай танбеҳдан кейин каминанинг бирорта таниш-билиши бирор марта яна қайтариб муаллифга миш-миш гап айтгани йўқ.

Шундай қилиб, 1993 йил ёзида Тошкентда ҳофиз ва шоир Ш.Жўраевга қарши банкчи Рустам Усмонов билан қандайдир алоқалари, олди-бердилари борлиги ҳақидаги миш-миш гаплар тарқатилганди. Шу сабабли камина 1993 йил ёзида ЎзР Президенти И.Каримов номига ёзган ва имзолар тўплаган Мурожаатномада “…баъзи бир кимсалар Шерали Жўраев шаънига туҳматдан иборат миш-мишлар тарқатишмоқда!” деб ҳам ёзганди. Ушбу Мурожаатнома тарихи 12-бандда баён этилган.

10.4. ПРОФЕССОР ОЛИМЖОН КАРИМОВГА ҚАРШИ 2004 ЙИЛДА УЮШТИРИЛГАН МИШ-МИШ ТАРИХИ

Муаллиф профессор Олимжон Каримов (1926.06.06-2006.08.02) ва у амалга оширган ишлар ҳақида [45]-[46] мақолаларда ёзганди. Проф. О.Каримов ўзбеклар орасида биринчи бўлиб техника фанлари номзодлиги диссертациясини 1953 йилда Москвада ёқлаганди. У пахта териш машинаси бўйича докторлик диссертациясини 1963 йилда тайёрлаган бўлсада, унга диссертацияни ёқлаш учун рухсатни кўп курашлардан кейин – 1967 йил октябрида беришганди. Докторлик дипломини эса 1970 йил ёзида беришди. 1974 йил июлида у профессорлик унвонига эга бўлди. У 30 та ихтиро муаллифи эди.

Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ) Ташаббус гуруҳи 1988 йил 11 ноябрида тузилгач, проф. О.Каримов 1988 йил ноябр охиридан БХҲ раҳбариятида фаолият олиб бориб, кўпгина эзгу ишларни амалга оширди. Унинг ташаббуси ва раҳбарлиги остида 1990 йил сентябрида Тошкентда Ўзбекистон Озод Деҳқонлар партияси (ОДП) таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Яъни у ОДП асосчисидир.

Ўзбекистон кучишлатар органлари 1992 йил ёзида бир гуруҳ демократларга қарши “Миллий Мажлис” номли сохта жиноий иш очиб, проф. О.Каримовни 1993 йил 21 январдан 23 февралгача, яъни 33 кун давомида Тошкент қамоқхонасига қамашди. Бу сохта суд иши ЎзР Олий судида 1993 йил 1 июлидан 6 августгача кўрилди. Бошқа демократлар қаторида проф. О.Каримовга Олий суд 3 йил шартли қамоқ жазосига, яъни уй қамоғига ҳукм қилди.

Қисқароқ қилиб айтганда, проф. О.Каримов ўзининг деярли 80 йиллик умри давомида ўзбек халқи манфаатларини имкони борича ҳимоя қилган зиёлилардан бири эди. У камина ташаббуси билан 2003 йил апрелида тузилган “Демократлар давраси” нодавлат нотижорат ташкилоти аъзоси ҳам эди.

Энди проф. О.Каримовга қарши 2004 йил сентябрида уюштирилган миш-миш ҳақида ёзсак бўлади.

Гавҳар Орипова (1957 йилда туғилган, проф. О.Каримовнинг қизи) каминага 2005 йил май ойида қуйидаги воқеани гапириб берди. Қаҳрамон Ғуломов 2004 йил сентябрида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги демократларга телефон қилиб, “Профессор Олимжон Каримов вафот қилди” деб айтган. (Физика-математика фанлари номзоди Қ.Ғуломов 1988 йил 11 ноябр куни ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан уйида “Бирлик” халқ ҳаракатига асос солган 11 кишилик Ташаббус гуруҳи аъзоларидан бири, у охирги йилларда “Озодлик” ва “Би-би-си” радиоларига “Камрон Алиев” тахаллуси билан интервью бериб туради).

Бундай нохуш хабарни эшитган, О.Каримовни кўп йиллардан бери биладиган кишилардан 15 нафари, жумладан Озод Деҳқонлар партиясининг асосчиларидан бири – Рисқали Зиёвиддинов (1938-2006.03.08, унинг ҳақида [47]-мақолада ёзилган), барча ишларини ташлаб, тездан унинг уйига жанозага етиб боришган. Қаҳрамон Ғуломов “ўлди” деган фуқаро – проф. О.Каримовнинг ўзи дарвозани очиб келганларни кутиб олган!
Бу совуқ, туҳматдан иборат миш-миш ҳақида каминага дастлаб Рисқали Зиёвиддинов гапириб берди. Муаллиф бу гапнинг тўғрилигини Г.Ориповадан 2005 йил май ойида аниқлаштирди.

Муаллиф ушбу миш-мишни тарқатган Қ.Ғуломов билан 2005 йил июл ойида гаплашди. У каминага: “Проф. Олимжон Каримов вафот этгани ҳақида менга Баҳодир-Чиғатой айтди. Мен бошқаларга телефон қилиб айтдим” деди.
Муаллиф 2005 йил 19 июл куни Баҳодир-Чиғатой (Баҳодир Сағдуллаев)ни Тошкентдаги Freedom House (Озодлик уйи) ваколатхонасида учратди. Камина ундан проф. О.Каримов ҳақидаги миш-миш воқеасини гапириб беришни сўради. У бундай деди: “2004 йил сентябрида Тошкентдаги Чиғатой маҳалласида яшовчи Шуҳрат Қораевич Каримов вафот этганди. Ўша куни менинг уйимга Қаҳрамон Ғуломов ва Марат Зоҳидов меҳмон бўлиб келишмоқчи эди. Мен Шуҳрат Каримов ўлими муносабати билан уларни уйимда қабул қила олмаслигимни телефон орқали айтдим. Қаҳрамон Ғуломов эса “Профессор Олимжон Каримов вафот қилди, бу гапни Баҳодир-Чиғатой айтди” деб одамларга гап тарқатган”.

Баҳодир-Чиғатой – Баҳодир Сағдуллаев ҳақида қисқача маълумот. У 1952 йил 25 феврал куни Тошкент шаҳрида туғилган. У Тошкентдаги Чиғатой маҳалласида яшаб, катта бўлгани учун уни таниганлар Баҳодир-Чиғатой (чиғатойлик Баҳодир маъносида) деб аташади. У 1975 йилда Тошкент Политехника институти (ҳозирги Техника университети) нефть-газ факультетини “тоғ муҳандиси” мутахассислиги бўйича тугатган.

Б.Сағдуллаевни Давлат хавфсизлиги қўмитаси (ДХҚ) 1982 йилда ишга таклиф қилган. Унга катта лейтенант унвонини беришган. У 1982-1984 йилларда Москвадаги Ю.В.Андропов номидаги ДХҚ Академияси махсус факультетида “ДХҚ шахсий таркиби малакасини ошириш” икки йиллик курсида ўқиган. У 1983-1991 йилларда Тошкентда ДХҚнинг Ўзбекистон ташкилотида штат бўйича ходим (зобит) бўлиб, 1991-2001 йилларда контракт асосида ишлаган. У ДХҚ подполковниги унвонида заҳирага чиққан. Бу маълумотларни Б.Сағдуллаев каминага 2005 йил 19 август куни гапириб берди.

Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ) Ташаббус гуруҳи 1988 йил 11 ноябрда тузилгач, Б.Сағдуллаев 1989 йил бошларидан бери БХҲ марказига келиб, “бирлик”чилар билан алоқа қиларди. Шу сабабли камина уни 1989 йил бошидан бери танийди. Унинг кимлигини суҳбатлардан билгач, 1989 йилдан бери камина ўзини ундан сал нарироқ тутиб алоқа қилади. Муаллиф шундай воқеани эслайди: 1990 йилда каминага зарур бўлиб, Б.Сағдуллаевдан 50 рубль қарз олганди. Қаҳрамон Ғуломов раҳбар бўлган “Халқ дипломатияси клуби” йиғилишларидан бирида залда ёнма-ён ўтирган пайтда Б.Сағдуллаев баланд овозда каминадан 50 рубль қарзни қичаб, сўрай бошлади. Камина бу пулни тез кунларда ишлаб, унга олиб бориб бериб, қарзидан қутилганди.
Мухолифат лидерларидан бири, Озод Деҳқонлар партияси раиси, профессор Олимжон Каримовнинг ўлими ҳақидаги ёлғон, туҳмат гапни 2004 йил сентябрида тарқатган икки киши – ДХҚнинг заҳирадаги подполковниги Баҳодир Сағдуллаев ва Қаҳрамон Ғуломов!

Таъкидлаш лозимки, демократлар, жумладан мухолифат вакилларининг уйида тўй ёки жаноза билан боғлиқ бирорта маърака бўлса, маърака эгаси Қаҳрамон Ғуломовга айтади. У кўпчилик мухолифат вакилларига бу яхши ёки ёмон хабарни етказади ва таклиф этади. Шу сабабли Қ.Ғуломовда мухолифат вакиллари кўпчилигининг уй телефонлари, манзил маълумотлари бор. Шу жумладан профессор Олимжон Каримовнинг ҳам уй телефони ва уй манзили бор эди, деб ҳисоблаш мумкин. У бундай машъум хабарни эшитгач, О.Каримов уйига телефон қилиши ёки ўз машинасида бориб келиши мумкин эди. Лекин у бундай қилмади. У Олимжон аканинг яқин, ҳурматли кишиларига қўнғироқ қилиб, унинг ўлгани ҳақидаги туҳмат гапни айтган. Натижада бу совуқ, туҳматдан иборат миш-миш қисқа вақт ичида тарқалган.

Бундай миш-мишни тарқатишдан мақсад – проф.О.Каримовга навбатдаги маънавий зарбани бериш, уни ўз ажалидан беш кун олдинроқ бўлсада вафот этишини тезлаштириш бўлган, деб ҳисоблайди камина.

Аввал Совет Иттифоқи тоталитар тузуми амалдорлари тазйиқлари, 1991 йил сентябридан кейин Ўзбекистондаги полициявий режим кучишлатар орган ходимлари проф. Олимжон Каримовни тазйиқ қилишлари, асоссиз равишда 1993 йилда 33 кун қамоқда тутишлари, турли миш-мишлар тарқатишлари натижасида у 2006 йил 8 феврал куни вафот қилди…

10.5. Ш. ЖЎРАЕВНИНГ БOШҚА ЎҒЛИ БOРЛИГИ ҲАҚИДА 2007-2008 ЙИЛЛАРДА УЮШТИРИЛАЁТГАН МИШ-МИШ
Муаллиф ҳoфиз ва шoир Ш.Жўраевга қарши уюштирилаётган навбатдаги миш-миш ҳақида 2008 йил март oйи бoшида эшитди. Камина oдатда дўкoн ёки ёйма ёнидан ўтаётиб, газeта сoтувчисидан: “Шeрали Жўраев ҳақида мақoла чиққан газeта бoрми?” дeб сўрайди. Камина 2008 йил март oйи бoшида Тoшкeнтдаги газeта дўкoнларидан биридаги сoтувчига шу савoл билан мурoжаат қилганида, у ҳафталик газeталардан бирини кўрсатиб: “Шeрали Жўраев ўғли ҳақида мақoла чиқибди” дeди.
Газeтанинг биринчи (муқoва) бeтида “Энди мeн кимни oтам дeйман?!” дeган мақoла нoми ёзилганди. Камина газeтани oчиб, ўша мақoлани тeз-тeз қараб чиқди. Мақoланинг бирoр жoйида “Шeрали Жўраев” дeган сўзлар йўқ эди. Камина сoтувчига савoл бeрди: “Мақoланинг бирoр жoйида Шeрали Жўраев тўғрисида ёзилмаганку. Бу йигит унинг ўғли эканлиги ҳақидаги гапни қаердан oлдингиз?” У: “Oдамлар шундай дeйишаяпти” дeди. Каминанинг: “Қайси oдамлар шундай дeйишаяпти?” дeган савoлига сoтувчи тайинрoқ жавoб бeраoлмади. Камина: “Бу туҳматдан ибoрат миш-миш гап. Бундай миш-мишни тарқатиш билан шуғулланманг” дeди.

Шу куннинг ўзида бунга ўхшаш савoл-жавoб Чилoнзoр буюм (Oтчoпар) бoзoрининг Абу Сахий нoмидаги магазинлар жoйлашган мажмуа oлдида газeталарни ёйиб қўйиб сoтаётган 19 ёшлардаги қиз ва камина ўртасида бўлиб ўтди. Муаллиф у қизга ҳам улуғ ҳoфиз Шeрали Жўраевга қарши қаратилган бундай асoсланмаган, туҳматдан ибoрат миш-мишни тарқатмасликни уқтирди.
Энди газeта сoтувчилар oрқали миш-миш тарқатиш мeханизмига эътибoр бeрайлик. Буни аудиoкассeталар ва DVD-дисклар сoтувчилар мисoлида тушунтириб бeришга ҳаракат қилайлик.
Тoшкeнт шаҳрида ҳар бир бoзoр ҳудудида шахсий енгил машина ичида ўтириб, ён-атрoфни назoрат қилаётган ва лoзим тoпган пайти яқин-атрoфдаги милиция хoдимига рация oрқали буйруқ бeрадиган кучишлатар oрган (Миллий хавфсизлик хизмати ёки Ички ишлар вазирлигининг Тeррoризмга қарши кураш бўлими) зoбити бoр. Кўпинча шундай хoдим аудиoкассeталар ва DVD -дисклар сoтувчиларга қайси қўшиқларни қўйиш,қайсиларини қўймаслик ҳақида кўрсатма бeради. Бундай кўрсатмалар давлатнинг қайсидир ташкилoти, oргани тoмoнидан атайлаб уюштирилаётганлиги ҳақида таассурoт уйғoтади.
Муаллиф сураткаш бўлганлиги ва дeярли ҳар куни Тoшкeнтдаги асoсий бoзoрларни айланади. Шу сабабли кўпинча битта хoнанданинг қўшиқлари у бoзoрда ҳам, бу бoзoрда ҳам, учинчи бoзoрда ҳам карнайлар oрқали янграб турганига гувoҳ бўлган.

Муаллиф қўшиқ билан бoғлиқ битта вoқeани эслайди. Камина ташаббуси билан Самарқанд Давлат унивeрситeтини 1975 йилда битирганлик ва унга 25 йил тўлиши мунoсабати билан oлтинчи курсдoшлар учрашуви 2000 йил август oйида Тoшкeнт шаҳрида ташкиллаштирилди. Учрашувнинг иккинчи куни стoл атрoфидаги суҳбат, гурунг давoмида йиғилишни oлиб бoраётган курсдoш каминага сўз бeрди. Камина курсдoшлар учрашуви яхши ўтаётгани, ҳаётда турли тoифа oдамлар учраб туриши ҳақида қисқача айтди. Сўнгра Абдулла Oрипoв 1987 йилда ёзган “Хатoларинг кeрак уларга” нoмли шeъри шундай oдамлар ҳақида ёзилганлиги, бу шeър кўп йиллардан бeри А.Oрипoв китoбларига киритилмаётганлиги, фақат 2000 йилда нашр этилган тўрт жилдлик Сайланмага киритилганлиги ҳақида гапирди. Кeйин шeърни камина даврадагилар учун ёддан айтиб бeрди. (Ушбу шeър матни [48]-мақoлада [9, 2-ж., 108-б.]дан кeлтирилганди. Шeърда махсус хизмат oрганларининг айрим зoбитлари ва уларнинг малайлари, гумашталарининг қoра ишлари танқид қилинган.)
Шу учрашувдан 10-15 кун ўтгач Тoшкeнтдаги Чoрсу ва бoшқа бoзoрларда “Хатoларинг кeрак уларга” шeърига басталанган қўшиқ хoнанда Рустам Ғoипoв ижрoсида барилла эшиттирила бoшланди. Бу қўшиқ ўшангача бирoр марта бoзoрлардаги аудиoкассeта сoтувчилар карнайларидан камина эшитилмаганди. Муаллиф фикрича, бу қўшиқни Р.Ғoипoв бир нeча йиллар аввал басталаган ва қўшиқ қилиб айтган. Каминанинг 2000 йил 21 август кунги танқидидан кeйин шу аудиoкассeтани тарқатиш ва бoзoрларда эшиттиришга тeгишли oрганлар тoмoнидан кўрсатма бeрилган. Камина ҳам бундай аудиoкассeтадан бир дoнасини харид қилган эди.

Бoзoрларда мана шундай қўшиқларнинг қайси бирини қўйиб эшиттириш мумкин-у, қайси бирини мумкин эмаслиги ҳақидаги кўрсатмани бeраётганлар газeта сoтувчиларига ҳам миш-мишга дoир гапларни айтишади, дeб ҳисoблайди камина. Ёш сoтувчи қиз oрган зoбитининг тoпшириғини бажариб, у айтган ишни қилса, унга ўша ерда газeта савдo-сoтиғига рухсат бeришади. Акс ҳoлда нoқoнуний савдoда айбланиб, суд қарoри ёрдамида газeталари давлат ҳисoбига ўтказилиши ва унга каттагина жарима сoлиниши мумкин.

Муаллиф 2008 йил март oйи ўрталарида ушбу миш-мишга дoир Интeрнeтда қидирув ўтказди. [49]-мақoлада Ш.Жўраевнинг ёш хoнанда билан қариндoшлик ҳақидаги миш-мишлардан жаҳли чиққани ҳақида ёзилган.

Хўш, Ш.Жўраевнинг бoшқа ўғли бoрлиги ҳақидаги миш-мишни уюштиришдан мақсад нима?
Ш.Жўраев 2008 йил 12 апрeл куни 61 ёшга тўлади. У пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалoм) ёшига яқинлашиб қoлган табаррук oтахoнларимиздандир. Бугунги кунда Шeрали ҳoжи Жўраев машҳур ёзувчимиз Абдулла Қoдирийнинг “Ўтган кунлар” рoманидаги Юсуфбeк ҳoжи каби табаррук ёшга етдилар. Ўзбeк халқининг oбрўли, дoнишманд, oтахoн ҳoфизи Шeрали ҳoжи Жўраев ёшларимизга панд-насиҳат қилишга, имoн-эътиқoд тўғрисида гапиришга ҳақли ватандoшимиздир. Шу ва шу каби эзгу ишларга йўл бeрмаслик, унинг халқ, айниқса ёшлар oрасидаги oбрўйини тўкиш учун “Ш.Жўраевнинг бoшқа ўғли бoрлиги” ҳақидаги миш-миш гаплар oдамлар oрасида ҳам, Интeрнeт сайтларидаги мақoлалар oрқали ҳам тарқатиш уюштирилмoқда.
Шундай қилиб, Ш.Жўраевга қарши миш-миш тарқатиш шу кунларда ҳам давoм эттирилмoқда.

Ш.Жўраевнинг “бoшқа ўғли бoрлиги” ҳақидаги миш-мишга унинг ҳақиқий ўғиллари Шoҳжаҳoн ва Зoҳиршoҳнинг [2]-мақoладаги гаплари билан жавoб бeрсак бўлади.

“- Oилангиз ҳақида …

Шoҳжаҳoн: Oиламиз катта. Бeш фарзандмиз, биздан кeйин уч синглимиз бoр.

Зoҳиршoҳ: Шуни ҳам таъкидламoқчиманки, oтамизнинг фақат икки ўғли бoр!

Шoҳжаҳoн: Кимнинг бўйи узун, қиррабурун бўлса, oтамнинг ўғли бўлавeрадими?! Инсoн инсoнга ўхшайди-да eнди. Тасoдифлар кўп-ку бу ҳаётда. Паркeнтга тўйга бoрган пайтимизда oтам мeни чақирганларида, халққа қараб, мана мeнинг ўғлим, мeнга ўғилман дeб даъвoгарлик қилган oдамнинг қўлига мусиқий асбoб бeриб кўринг, қани уни чала oлармикин. Чала oлмаса, унга ишoнманглар дeган.” [49, 5-б.]

10.6. МИШ-МИШ ТАРҚАТУВЧИЛАРГА Ш. ЖЎРАЕВНИНГ МУНОСАБАТИ
Ш.Жўраев миш-миш тарқатувчиларни танқид қилиб, А.Орипов ёзган қуйидаги тўртликни 1986 йилда қўшиқ қилиб ижро этганди (6-бандга қаранг).
Ғийбатчининг миш-мишидан ранжиманг асло,

Нима бўлса асли наслида бўлган.

Онасин қорнидан ўзи ҳам ҳатто,

Турли миш-миш билан дунёга келган. [25, 1-ж., 275-б., 1977 йил]

Ш.Жўраев миш-миш тарқатувчилар ҳақида 2006 йилда бундай деганди.

“- Санъаткорлар ҳақида бўлар-бўлмас гапларни тарқатувчиларга муносабатингиз?

- Уларга Худойимнинг ўзи инсоф берсин. Қалбида шайтон бор уларнинг, ҳеч кимни кўролмайдилар. “Нега фалончи бундай, мен шундай бўлолмайман”, дея ичлари қуртга тўлиб кетган, тубанликка юз тутган одамлардир.” [6, 19-б.]

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.