Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ

Бобур ғазалига мухаммас

Қилма касдин таъмаким, йўқтур гумондин яхшилиғ,
Пайкони жонға ғизо, бори камондин яхшилиғ,
Жисминга келғай малол руҳи-равондин яхшилиғ,
Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!

Ким фаноға бастадур, келмади ҳаргиз шафиқ,
Ул маҳак бандиға тушғач, кахрабо бўлди ҳақиқ,
Одам аҳли алмисоқдин шул жазоға мустаҳиқ,
Бу замонни нафй қилсам, айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетойин, бу замондин яхшилиғ.

Сағринга тўқум урулмиш, қўй они, сан тўн дема,
Сийрати ғаддор бозиға бош уруб, ҳеч кўн дема,
Аҳли рой сабри сукун маҳбули эрса жўн дема,
Дилраболардан ямонлиқ келди маҳзун кўнглума,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

Ҳолинга зулм қилғали қалби сўқирдин басру кўп,
Лангари Хуршед пироҳан чоки фитна ўтру кўп,
Нотавон рафтори каж, бад савдосида касру кўп,
Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не, яъни ҳар ямондин яхшилиғ.

Гардуни давворада кўрдум одамдин ваҳши йўқ,
Олчоғу сотқин риёлиқ зулматидин фаҳши йўқ,
Такбирида тавба йўқ, Яздон сужуди нақши йўқ,
Бори элга яхшилиқ қилғилки, мундин яхши йўқ,
Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

Судрама танни маконда хастадил оғур киби,
Ўртама жонни ниҳонда мақтули чоғур киби,
Хушкалом аҳлиға дўст бўл ҳазрати Жобур киби,
Яхшилик аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.

ТУТАЙ

Навоий ғазалига мухаммас
Авроқи арзға боқиб, авзои гардундин ўтай,
Булажаб қисмат майи, бардорда ҳуш-беҳуш кетай,
Сандувочтек нолаву авранг азобини ютай,
Эй кўнгул келким, бало базмида жоми ғам тутай,
Ўз қатиқ ҳолимға ўлмастин бурун мотам тутай.

Кўрким, ишқ захмидин ағёре йўқ олам аро,
Кишвари фонийда мусаллам ўтругудин тан яро,
Мен Адан даштини манзил айласам, сўрма чаро,
Йиғлабон бошимға оҳим дудидин чирмаб қаро,
Мотамим эл сўнгра тутқунча ўзум бу дам тутай.

Афсари мардум тутуб қўйнимда сақлабмен афъо,
Шиддатидин танг келиб афзун бўлди пешу қафо,
Рўзгоримда қолмади на хуш замон, на-да сафо,
Олам аҳлиға неча қилдим вафо, кўрдум жафо,
Эй кўнгул, кел-келки, тарки жумлаи олам тутай.

Магарким роҳи по узра пироҳан жандаи жулдур,
Умидим арқоғи Шамсда, оёқим остида дулдул,
Ғунча бўсаға лаб тутмас, нолакор бўлмаса булбул,
Эмдиким, ишрат суруридин очилманг, эй кўнгул,
Навҳа оҳангин тузуб, бир дам сени хуррам тутай.

Токай бўй кўрсатмағай, ҳақнинг сирожи, соқиё,
Илки-по ғул айлади чархни тарожи, соқиё,
Телбани манзум қилур дилни хирожи соқиё,
Мастлиғдин ўзга йўқ дардим иложи, соқиё,
Май кетурким, ҳам ичай бир лаҳза они, ҳам тутай.

Фитнадин кисвар тўқурлар доғи юз аҳволима,
Дуди кўкка ўрлағай сўзонда сўз аҳволима,
Бир юпунчни топмадим парча бўз аҳволима,
Қўйғил, эй носиҳки, муғ дайрида ўз аҳволима,
Маст лояъқил ёқам йиртиб, суруди ғам тутай.

Фикрати мўру малах онгиға дур бермиш худо,
Бул чаманда жавр юки саддида гул термиш адо,
Ризқи гар шоҳонадур, нон тилаб ермиш гадо,
Чун жаҳон бирла жаҳон аҳлиға йўқ эрмиш вафо,
Эй Навоий, мен вафо сарриштасин маҳкам тутай.
ҲИЖРАТ

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.