Бизга ёзадилар:ТУГАТИШ КОМИССИЯСИ «ФАОЛИЯТ»И ТУГАМАЯПТИ

“Ўзбекбирлашув”нинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўрни, унинг мавқеи хусусида матбуотда кўп гапирилган. Интернет тармоғида чоп этилган мақолаларда мазкур гигант ширкатни тугатиш, унинг негизида қўшма корхона бунёд этиш билан боғлиқ можаролар тилга олинган. Президент Фармони-ю Ҳукумат қарори билан амалга оширилган бу жараён осон кечмади, тўғрироғи, кечмаётир. Ширкатнинг узоқ йиллик раҳбари, давлатга 4,5 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтирган Маринбой Бекчанов жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 14 йилга озодликдан маҳрум этилиб, хорижга ғойиб бўлди. Корхонанинг бошқа катта-кичик амалдорлари муайян миқдорда жазога тортилдилар. Аммо уларнинг ислоҳотларга, “Ўзбекбирлашув”нинг тугатилишига таъсири ҳалигача камайгани йўқ. Негаки, коррупцион занжир тўла парчаланган эмас, занжирнинг асосий халқалари ҳукумат бўғинларида ўтирибди.

Ибодулла Қобулов — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий-иқтисодий комплекси мансабдор шахсларидан бири. Президент Ислом Каримов, Бош вазир Шавкат Мирзиёев томонидан чиқариладиган қарор ва фармонларнинг ижросига маъсул одам. Аммо бу одам бизнес ва жиноят оламида ном қозонган авторитетларнинг ҳомийси сифатида танилган шахс. Масалан, Ўзбекистондаги йирик авторитетлардан бири Маринбой Бекчановнинг тўла маънодаги устози. Муқаддам “Ўзбекбирлашув”да ишлаб, хизмат пиллапояларидан Вазирлар Маҳкамасидаги йирик лавозимга кўтарилган. Яқин кунларгача “Ўзбекбирлашув” балансидаги 10 АР 675 рақамли Нексия автомабилини миниб юрган корчалон — худо “ол, қулим” деса, Жиззах вилоятига ҳоким бўлишни режалаштирмоқда. Гўёки, хорижга “ғойиб бўлган” Маринбой билан тез-тез учрашиб, умумий “бизнес режалар”ни ўртоқлашиб юрибди.

Мазкур мақоламизга собиқ “Ўзбекбирлашув” ширкати ҳисобчиларининг мурожаатларини асос қилиб оларканман, гигант корхона негизида ташкил этилган “O`zbekqishloqsavdo” МЧЖнинг нега оқсаётгани фактига эътиборингизни тортаман. “O`zbekqishloqsavdo” МЧЖ Юнусобод тумани ҳокимлигида рўйхатга олинган, йирик мулклари хомталаш қилинаётган корхонадир. Автомабиллари арава нархида, йирик иншоотлари товуқ катаги нархида ўзлаштирилаётган мазкур корхонага ҳозирда Маринбой Бекчановнинг эски ҳамтовоқлари эгалик қилишган. Жисмоний шахслар сифатида “O`zbekqishloqsavdo” МЧЖ устав фондининг (А. Азизов, М. Мажидов ва А. Пўлатов) атиги 8 миллион сўмлик устав фондининг 6 миллонини шакллантирган бу шахслар Ибодулла Қобулов отрядининг содиқ аскарларидир. Аслида Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг “Ўзбекбирлашув”ни тугатиш юзасидан 2006 йил 10 октябрдаги 03-36-46-сонли топшириғини бажариш Ибодулла Қобуловнинг зиммасига юклатилган, бу шахс доимий даромад манбаининг тугаб қолиши истамагани учун ҳам тугатиш комиссиясидан қонунда белгиланган тартибда ҳисоботлар талаб қилмайди. Ҳатто тузилганига икки йил бўлган “Ўзбекбирлашув”ни тугатиш комиссиясининг на муҳри, на дебитор, кредиторлик қарзлари рўйхати тузилган.

“O`zbekqishloqsavdo” МЧЖга Сурхондарё вилояти Матлуботсавдо компанияси собиқ раиси Бахтиёр Холиқов раис этиб тайинланган. Ўзи узоқ муддатли қамоққа “кетса”да бир қўли билан Бахтиёр Холиқовни бошқариб турган ёшулли Президент Фармони-ю Ҳукумат қарорининг амалда бир тийинлик таъсири йўқлигини исботлаб турибди. Муқаддам ўзининг ҳам юристи, ҳам яқин аёли бўлган М. Наврўзовага талон-тарожликда илҳом бағишлаб, давлат ва халқ мулки бўлган иншоотларни хомталаш қилдирмоқда.

Муқаддам “Туронзамин” газетасида “Ўзбекбирлашув”нинг мулклари туя қилинаётгани ҳақида йирик таҳлилий мақола ҳам чоп этилган. Шу фош этувчи мақоладан сўнг ширкат раиси Маринбой Бекчанов узоқ муддатли қамоққа кетган, газета таҳририятига Олий хўжалик суди судьяси Л. Ибрагимов томонидан жавоб хати ҳам юборилганди. Орадан бирмунча вақт ўтиб, аҳвол бироз ўнгланган, компанияни тугатиш ишлари бироз жонланган бўлса-да, Вазирлар Маҳкамаси мулозими Ибодулла Қобуловнинг ҳаракатлари билан ишлар яна-да орқага кетмоқда.

Албатта, бу ўринда халқимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида шубҳасиз муҳим ўрин эгаллаган “Ўзбекбирлашув”нинг аянчли ҳолатини таъкидлаш керак. Бир неча ўн йиллаб райпо, селпо бўлиб элимиз дастурхонини тўлдириб келган ширкат эндиликда йўқ. Яқин орада, токи қобуловлар, бекчановлар бор экан, бўлмоқчи ҳам эмас.

Сайёра Маҳкамова

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.