Зулм зиндонидаги шоир ЮСУФ ЖУМА ижодидан

Мен сенга хирмонлар истадим, халқим,
Тангри истамади сенга сомон ҳам.
Мен сенга осмонлар истадим, халқим,
Тангри истамади сенга остон ҳам.

Мен сенга денгизлар истадим, бироқ
Оллоҳ истамади сенга кўлмак ҳам.
Мен сенга юлдузлар истадим, бироқ
Оллоҳ истамади сенга кесак ҳам.

Сенга кун истадим, қуёш истадим
Худо истамади сенга кўрни ҳам.
Сенга оппоқ тонгни йўлдош истадим
Тангри истамади сенга гўрни ҳам.

Бахтингни истадим, бахтинг деб чопдим
Бахтингни истамас Парвардигордир.
Ичингдан на содиқ, на яхши топдим,
Ҳайҳот Лут қавмича гуноҳинг бордир.

На садоқатинг, на эътиқодингдан
Ватан деб аталган қон кўнглим тўлмас.
Осмон талқон бўлар сенинг додингдан
Худо йиғлатганни кулдириб бўлмас…
21.07.05.

Бу қавм подшоси ҳам қасам ичиб алдайди
Оқи ҳам қароси ҳам қасам ичиб алдайди.

Нодони ҳам алдайди, қасам ичиб иблисдай
Энг ақли расоси ҳам қасам ичиб алдайди.

Танглайини хиёнат кўтаргандир, водариғ,
Ҳожиси, муллоси ҳам қасам ичиб алдайди.

Қузғунлари алдайди, бойқушлари алдайди
Булбули Хумоси ҳам қасам ичиб алдайди.

Алданганинг етади, бу қавмдан қоч, Юсуф,
Лайлиси, Зуҳроси ҳам қасам ичиб алдайди.
22.07.05.

Осмонлардан чексиз хаёлим
Лекин унга сочлари сунбул
Сиғар фақат тенгсиз жамолинг
Кўксингдаги бир жуфт атиргул.

Етти кўкдан кенгдир қароғим
Сариғлари соғинчингдан гул.
Унга сиғар бошдан оёғинг
Кўксингдаги бир жуфт атиргул.

Чексизликлар менда, ой талъат,
Юрак чексиз. Чексиздир кўнгил.
Лекин сиғар сен билан фақат
Кўксингдаги бир жуфт атиргул.

Йироқ икки оламдан жоним
Мен йўқликда яшаётган дил.
Икки дунём, икки жаҳоним
Кўксингдаги бир жуфт атиргул.

Маҳшарда ҳам Тангридан, малак,
Сени тилаб ёнарман буткул.
Жаннат эмас менга сен керак
Кўксингдаги бир жуфт атиргул.
21.08.05.

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.