Шуҳрат Аҳмаджонов׃ Шерали Жўраев…

16.2. Ш. ЖЎРАЕВНИНГ 1975 ЙИЛДАГИ СУРАТИДАН РАНГЛИ ФОТОСУРАТ ҚИЛДИРИШ УЧУН КАМИНАНИНГ 2006 ЙИЛДАГИ КУРАШИ

Муаллиф 2006 йилда ўша 1975 йилдаги оқ-қора рангли суратдан фотостудияда буюртма бериб, Ш.Жўраевнинг рангли фотосуратини ишлаттирди ва уни сайтимиз орқали эътиборингизга ҳавола этмоқда.

2005-2006 йилларда Ш.Жўраевнинг рангли фотосуратини ишлаттириш учун ҳам курашишга тўғри келди. Муаллиф 2005 йил 31 май куни Маданият ва спорт ишлари вазирлиги олдида пикет ўтказишга ҳаракат қилгани ва август ойи охиригача тазйиқда қолгани ҳақида 12-бандда ёзилди. Камина 2005 йил сентябрида Ш.Жўраев тўғрисида мақола ёзишни бошлади. Мақолада унинг ёшликдаги рангли фотосуратини Интернет сайтда чоп эттириш ниятида муаллиф Тошкентда, А.Навоий номидаги метро шоҳбекати яқинидаги “Пахтакор” номли фотостудияга борди. Камина 1975 йилда туширилган оқ-қора рангли фотосуратни компютер олдида ўтирган ходимага берди ва уни рангли фотосурат қилиб ишлаб беришни сўради. Ходима камина буюртмасини рад қилиб, бажармаслигини айтди.

Муаллиф “Аёл киши билан тортишиб ўтираманми?” деган фикрга келиб, фотостудиядан чиқиб кетди. Каминанинг 1990 йил ноябригача “Бирлик” халқ ҳаракати, сўнгра “Эрк” демократик партияси сафларида бирга ҳаракат қилган таниши – Саловат Умурзоқов бор. Унинг уч ўғли бор. Саловатнинг тўнғич ўғли Сардор видео студияда ишлайди ва компютерда рангли портрет ишлаш масалалари билан ҳам шуғулланади. Камина 1975 йилдаги оқ-қора суратни Сардорга берди ва рангли фотосурат қилиб ишлаб беришни сўради. Муаллиф хизмат ҳақини тўлаши ҳақида ҳам айтди. Сардор суратни олиб қолди. Орадан икки ой ўтди ҳамки, у рангли фотосуратни керакли даражада тайёрлаб бермади. Шу сабабли камина фотосуратни қайтариб олди.

2005 йил 13-14 май кунлари Андижонда рўй берган қонли воқеалар туфайли Ўзбекистонда демократларга қарши тазйиқлар кўчайиб кетди. 2005 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ долзарб ишлар кўпайиб кетганлиги ва рангли суратнинг тайёр бўлмаганлиги сабабли Ш.Жўраев ҳақидаги мақолани 2006 йилга қолдиришга тўғри келди.

Муаллиф 2006 йил 13 феврал куни “Пахтакор” номли фотостудияга яна бориб, 1975 йилда туширилган оқ-қора рангли фотосуратни компютер олдида ўтирган ходимага берди ва уни рангли фотосурат қилиб ишлаб беришни сўради. Ходима камина буюртмасини рад қилиб, бажармаслигини айтди. Муаллиф яна бир марта илтимос қилди. У яна рад жавобини берди.

Камина инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида Ўзбекистонда “Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳақида” ЎзР қонуни борлиги ва бу қонунга асосан ходима фуқаро буюртмасини бажариши шарт эканлигини биларди. Муаллиф бу аёл билан тортишиб ўтириш беҳудалигини тушуниб, А.Навоий шоҳкўчаси, 18А-уйда жойлашган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси (ИҲҲҚЖФ) Республика бошқармасига борди. У ердаги ёш ходима камина арзини тинглагач, Ҳамза метро шоҳбекати яқинида жойлашган ИҲҲҚЖФ Тошкент шаҳар бўлимига мурожаат қилиш кераклигини айтди.

Муаллиф ИҲҲҚЖФ Тошкент бўлимига боргач, у ердаги ходима аёл Ўзбекистон ИҲҲҚЖФнинг Уставини берди ва бу ташкилотга аъзо бўлиш шартларини тушунтирди. Шунингдек у шикоят аризасини фотостудия жойлашган ИҲҲҚЖФнинг Шайхонтоҳур туман ҳокимиятидаги бўлимига топшириш кераклигини айтди. Камина шу туман бўлимига келди ва у ерда ўз шикоят аризасини ИҲҲҚЖФ Шайхонтоҳур туман бўлими раиси Учқур Ўткирович Комиловга топширди.

Шу ерда ўша шикоят аризаси матнини келтириб ўтсак.

“Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур туман Истеъмолчилар

ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси

У. Ў.Комиловга

Ш И К О Я Т А Р И З А С И

Мен, Аҳмаджонов Шуҳрат, 2006 йил 13 феврал соат 9.40 да Шайхонтоҳур тумани, А.Навоий кўчасидаги “Пахтакор” номли фотостудияга 1975 йилда 4 киши бўлиб тушган суратни реставрация қилдиришга топширмоқчи бўлдим. Реставрация қилувчи 35-ёшлардаги аёл рус тилида “Сиздан буюртма олмайман” деди. Сабабини сўрасам айтмади. Фамилиясини сўрасам айтмади. “Бошлиғингиз ким?” десам, “Мен” деди. “Шикоят дафтарини беринг” десам, “Йўқ” деди.

Бундай ўзбошимча фотостудия ходимасига тегишли чоралар кўришингизни илтимос қиламан.

Аҳмаджонов Ш. имзо

2006 йил 13 феврал.

Манзилим: Тошкент ш., Ҳамза тумани, Фарғона йўли кўчаси, 101-уй, 65-хонадон. Уй тел. 195 96 59.”

Ушбу шикоят аризаси ёзилган варақ пастида “Олдим. 13.02.2006 имзо Исломов Т.Т.” деган ёзув ҳам бор.

У.Комилов ва у билан бирга ишлайдиган ходим Т.Т.Исломов муаллиф билан биргаликда “Пахтакор” фотостудиясига келдилар. Бу ходима камина буюртмасини рад қилганлигини тан олгач, Учқур фотостудия раҳбари билан ҳам гаплашди. Ходима аёл камина буюртмасини, яъни Ш.Жўраев билан тушган фотосуратни қабул қилиб олди ва рангли сурат бир ҳафтада тайёр бўлишини айтди.

Учқур камина олдига келиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, ишни судга ошириши ҳақида айтди. Учқур ўз хизмат телефон рақамини (142 21 12) каминага берди ва қўнғироқ қилиб, суд бошланиш вақтини сўраб туришни тавсия қилди. Камина ўз шикоят аризасининг иккинчи нусхасига Т.Т.Исломов имзосини ҳам олди.

Бир ҳафталар ўтгач, камина Ш.Жўраевнинг алоҳида рангли фотосуратини олди. Муаллиф шу суратга қараб, тўртала киши тушган рангли фотосуратни буюртма берди. Яна бир ҳафта ўтгач иккинчи сурат ҳам тайёр бўлди. Тўрт кишилик рангли фотосурат ушбу бандда келтирилган.

Муаллиф 2007 йил ёзида Тошкентдаги Сергели супер улгуржи бозорида фотосуратга тушириб юрганида Учқурни учратди. Унинг айтишича, Шайхонтоҳур туманлараро Фуқаролик судида муаллифнинг шикоят аризаси кўриб чиқилган. Суд каминанинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқи фотостудия ходимаси томонидан асоссиз равишда бузилганлигини тан олиб, қонуннинг тегишли моддаси асосида камина фойдаси учун фотостудия раҳбариятига жарима солиш ҳақида қарор чиқарибди. Учқур: “Шайхонтоҳур туманлараро судига бориб, суд қарорини олиб, жарима пулини фотостудиядан олишингиз мумкин” деди. У ҳозир (2007 йилда) аввалги ишидан кетгани ва тижорат билан шуғулланаётганини ҳам айтди.

Каминанинг асосий мақсади Ш.Жўраевнинг рангли фотосуратини ишлаттириш эди. Бу шикоят ёрдамида пул ишлаб олиш нияти бўлмаганлиги сабабли камина 2007 йилда Шайхонтоҳур туманлараро Фуқаролик судига бормади ва суд қарорини олиб, жарима ундириш билан шуғулланмади.

Муаллиф ўша суд ишининг аниқ рақамлари ва суд қарори матнини ушбу китобда келтириб ўтиш мақсадида 2008 йил 7 феврал куни Шайхонтоҳур туманлараро Фуқаролик судига борди. Камина суд архивида ишлаётган йигитга мурожаат қилди. Аввал у йигит, сўнгра камина 2006 йилда Шайхонтоҳур судида кўрилган суд ишлари журналида “А” ҳарфи билан бошланувчи фамилиялар рўйхатини қараб чиқди. Лекин “Аҳмаджонов Шуҳрат” исми шарифи бу рўйхатда йўқ эди. Шу сабабли суд ишини талаб қилиб олиш ва кўриб чиқиш имкони бўлмади.

Ушбу суд ишининг йўқлиги камина билан боғлиқ бошқа суд ишини эсга солди. 2000 йил май ойида ёзган “Қарз балосидан огоҳ бўлгин, халқим!” китоби учун Миллий хавфсизлик хизматининг кўрсатмаси ва Ҳамза туман ИИБ терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими зобитларининг фаол ҳаракати натижасида муаллифни 2001 йил 30 октябр куни ҳибсга олишди ва Тошкент шаҳар, Панелли мавзеси яқинидаги Чашма кўчасида жойлашган ҳибсхонага (спецприёмникка) қамашди. Камина сумкасидан чиққан ўша китоби ва янги ёзаётган “Гап-гаштакдан Жадидчилик ҳаракатига!” номли китобининг қўлёзмасини тегишли идораларда батафсил ўрганиб чиқишди. Лекин муаллифга қарши бирорта айб топа олишмагач, китоблардаги фикрлар “халқ орасида ваҳима уйғотиши мумкин” деган айб билан 2001 йил 19 ноябр куни Тошкент шаҳар Ҳамза туман жиноий ишлар суди каминани 15 суткага қамаш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда батафсилроқ каминанинг [4] китоби 1-иловасида ёзилган.

Камина 2001 йил 4 декабрда қамоқдан чиққач, шу сохта суд иши билан танишмоқчи бўлди. Ҳамза туман жиноий ишлар суди раиси номига ариза ёзиб, туман суди архивида сақланаётган иш билан танишишга рухсат олди. Муаллиф архивда ишлаётган ходимга мурожаат қилгач, у камина суд ишини архивдан топа олмади. У архив журналидаги рўйхатга қараб, камина фамилиясини топди. Журналда каминага доир суд ишини Ҳамза туман прокуратураси аризаси асосида олиб кетилгани ҳақидаги ёзув бор эди. Кейин ўша прокуратура сўровномасини ҳам ходим топди.

Муаллиф Ҳамза туман прокуратурасига бориб, ўзига доир суд ишини беришни сўради. Суд иши туман прокуратурасида топилмади. “Бор отангга, бор онангга” бўлиб, муаллиф ўн кунга яқин Ҳамза туман суди ва прокуратураси орасида қатнади. Охири сабри тугаб “Агар суд ишини топиб бермасаларингиз, ЎзР Президенти И.Каримов ва ЎзР Бош прокурори номига шикоят ёзаман” деди. Шундан кейингина суд ишини топиб беришди.

Ҳамза туман жиноий ишлар судида кўрилган суд ишини Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарлари прокуратура орқали сўратиб олиб, МХХ архивига олиб бориб қўйишган, деб ҳисоблайди камина. МХХ раҳбарлари кўпинча ўзларининг ноқонуний, ифлос ишларини оғзаки буйруқ асосида бошқалар қўли билан, яъни прокуратура раҳбарияти орқали амалга оширадилар.

Шайхонтоҳур туманлараро Фуқаролик судидаги фотосурат билан боғлиқ суд ишига қайтайлик. Ҳамза туман жиноий ишлар суди архивида 2002 йил январида бўлиб ўтган воқеадаги каби, Шайхонтоҳур судида муаллифнинг шикоят аризаси билан боғлиқ суд ишини яна МХХ раҳбарияти ўз архивига олиб кетган бўлиши мумкин, деб тахмин қилади камина. Камина 2002 йил январидаги каби Шайхонтоҳур суди архив журнали орқали суд ишини суриштирмаслиги учун ушбу иш ҳақидаги ёзув архив журналига умуман ёзилмаган, яъни суд иши архивгача етиб бормасдан МХХ архивига олиб кетилган бўлиши мумкин. МХХ бошқараётган Ўзбекистонда оддий суд ишини топиш ҳам мана шундай қийиндир …

Ҳофиз ва шоир Ш.Жўраевнинг рангли фотосуратини фотостудияда ишлаттириш учун ҳам камина 2006 йилда мана шундай курашишига ва 2008 йил февралида суд ишини излашига тўғри келганди.

Ответить

Вы должны авторизоваться для отправки комментария.