“Эзгулик” ׃ ЮСУФ ЖУМА АППЕЛАЦИЯ ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўз баёнотида диссидент шоир Юсуф Жуманинг амалда ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум этилгани, унга нисбатан очилган сохта жиноят ишига сиёсий террор дея баҳо берганди. Шоирга нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатлари-ю суд мажлислари пухта саҳналаштирилган сиёсий масхарабозлик экани воқеалар ривожидан ҳам кўринди. Жамиятимиз Марказий бошқаруви томонидан Юсуф Жумага Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 42-моддасига асосан жамоатчи ҳимоячи этиб тайинланган Васила Иноятованинг аппелация тартибидаги шикояти жиноят ишлари бўйича Бухоро тумани суди томонидан рад этилди.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро тумани суди раиси Ш. Камоловнинг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эгулик” жамиятига йўллаган 355-сонли (01.05.2008 й) хатида Васила Иноятованинг аппелация шикояти келтиришга ҳақли эмаслиги важ қилинган. Суд раиси ўзининг кулгили бу жавобини Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 497-моддаси 2-қисми билан ифодалаб, ўзининг профессионал лаёқатини шубҳа остига қўйган. Хусусан, суд раиси келтирган мазкур моддада ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳуқуқига маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек, жабрланувчи, унинг вакили ҳақли экани кўрсатилган.
Ана шу Кодекснинг 42-моддасида эса жамоат ташкилотлари жиноят ишида айбланувчиларга нисбатан жамоатчи ҳимоячилар тайинлаши мумкинлиги қайд қилинган. Шу боисдан ҳам суд Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг қоуний талабини рад этишга ҳақли эмасди. Юсуф Жума ҳимояси учун келтирилган аппелация шикоятини қабул қилиши, суднинг юқори босқичида дастлабки инстанция судининг юзаки қарорини кўриши лозим эди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Юсуф Жума ишини сиёсий террор ўлароқ баҳоларкан, ҳукуматдан бу борада изоҳ беришни талаб қилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, сиёсий коррупция ботқоғига ботган судлов тизими, ҳукуматнинг сиёсий манфаатларини қонунлаштираётган жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди ҳаракатларини кескин қоралайди. Дунё ҳамжамиятини эркпарвар шоир, мазлум фуқаро Юсуф Жума ҳимоясига чақиради.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти
Нобел мукофоти номзоди - миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг! 